Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Тиббиёт хизмат самарадорлигини ошириш муҳокама қилинди

Тиббиёт хизмат самарадорлигини ошириш муҳокама қилинди

2019 йил 13 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилиб, инсон, унинг манфаати ва турмуш фаровонлигини янада ошириш тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мазмун-моҳиятига айланди. Ушбу ислоҳотлар соҳадаги долзарб муаммоларни самарали ҳал қилишда, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатининг яхшиланишида, одамларнинг тиббиёт муассасаларига бўлган ишончи ортишида муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди.

Шундан келиб чиқиб, комиссия аъзолари томонидан жорий йилнинг январь-март ойларида ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати ҳар томонлама ўрганилиб, таҳлил қилинди. Бу жараёнда ҳудудлардаги деярли барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти ўрганилди ҳамда тиббиёт ходимлари ва фуқаролар мулоқотлар ўтказилди.

Ўрганишлар якунларига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессиялари ўтказилиб, тизимдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Шунингдек, ўрганишлар мобайнида аниқланган республика даражасидаги қатор муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди.

Йиғилишда ушбу “Йўл харитаси” доирасида амалга оширилаётган тизимли ишлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ҳозирда ҳар бир вилоятда биттадан шаҳар ва туманда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни намунали даражада ташкил этиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ва Боёвут туманини намунали даражада ташкил этиш бўйича ишлар якунига етказилди.

Аҳолига сифатли ва самарали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш мақсадида кўп тармоқли марказий поликлиникалар ҳамда оилавий поликлиникалар учун ягона ахборот маконини яратиш концепцияси ишлаб чиқилиб, жорий этилди.

Қолган ҳудудларда ҳам биттадан шаҳар ва туманни аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишни намунали даражада ташкил этиш борасидаги ишлар босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ва Пискент туманидаги тиббиёт муассасаларининг ташкилий-тузилмаси қайта кўриб чиқилди ҳамда тиббиёт муассасаларида “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиш, интернет тармоғига улаш, “wi-fi” зоналари ташкил этиш чоралари кўрилмоқда. Аҳолининг тиббий ёрдам олиши учун қулай шароитлар яратиш мақсадида Олмалиқ шаҳридаги мавжуд оилавий поликлиниканинг 2 та филиали негизида алоҳида оилавий поликлиникалар ташкил этилмоқда. Шунингдек, Пискент туманидаги Мурот-Али қишлоқ врачлик пунктини қишлоқ оилавий поликлиникасига айлантириш ишлари амалга оширилмоқда.

Жойларда олиб борилаётган ўрганишлар давомида тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган айрим омиллар, муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.    Хусусан, ҳудудларда мудофаа ишлари бўлимларида кўп ҳолларда куннинг биринчи ярмида ўтказилаётган тиббий кўрикларга шифокорларнинг жалб қилинаётгани аҳолига тиббий хизматнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилмаслигига сабаб бўлаётгани инобатга олиниб, ушбу масала депутатлар, мутасадди вазирликлар масъуллари иштирокида ўрганилди. Натижада масъул вазирликлар томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда, бундай тиббий кўрикларни ўтказиш мақбуллаштирилди.

Тиббиёт соҳасининг муҳим муаммоларидан бири — шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларни тор доирадаги мутахассислар билан таъминлаш, туман ва шаҳарлардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари шифо ўринларининг сонини бугунги кун эҳтиёжидан келиб чиқиб қайта кўриш масалаларида Ҳукумат билан биргаликда тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, малакали шифокорларни кенг жалб этиш мақсадида бугунги кунда номутаносиб белгиланган штат нормативлари ҳозирги замон талаблари асосида кўриб чиқилди. Натижада бирламчи тиббий-санитария муассасаларидаги вақтинчалик штат нормативлари қайтадан ишлаб чиқилиб, ҳозирда тегишли вазирликлар билан келишилмоқда.

Йиғилишда тиббиёт ходимларининг хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчилари чақирувлар пайтида ҳаракатланаётганида белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг таъқиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиш ва бошқа ҳолларда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаларига тушганда жаримага тортилмаслигини назарда тутувчи тегишли қўшимча киритиш юзасидан қонун лойиҳаси тайёрланиб, парламент қуйи палатаси муҳокамасига киритилди.

Шу билан бирга, чекка туманлардаги тиббиёт муассасаларида умумий амалиёт шифокорлари ёки тор соҳа мутахассислари етишмаслиги, ҳудудларда хоспис бўлимларини ташкил қилиш билан боғлиқ ишларни якунига етказиш, перинатал ва скрининг марказларининг фаолиятини такомиллаштириш масалалари долзарблигича қолаётгани парламент вакилларининг танқидига сабаб бўлди. Тиббиёт муассасаларидаги травмотологик пунктлар фаолиятини мақбуллаштириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг ўзаро интеграциялашган фаолиятининг сустлиги тиббий хизматларга салбий таъсир кўрсатаётгани каби қатор масалалар ҳам комиссия аъзоларининг диққат марказида бўлди.

Тадбирда тиббий хизмат сифатини назорат қилиш, жумладан, шифокорлар томонидан беморларга ташхис қўйиш, даволаш жараёнида клиник тавсияларга амал қилиш, буюрилган дори воситаларининг бемор организмига таъсирини баҳолаш, дори воситаларининг асоссиз қўлланилишининг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларни яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Комиссия йиғилишида кўтарилган мазкур масалаларни ҳал қилиш, бу борада амалдаги қонун ҳужжатлари ҳамда мавжуд тиббиёт нормативларини қайта кўриб чиқиб, бугунги шиддаткор давр талаблари асосида янгилаш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан комиссиянинг тегишли қарори қабул қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.

Кўришлар сони: 669

Депутатлар минбари

Янгиликлар

07.12.2019
Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганларга жабогарлик белгиланяпти

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик...

07.12.2019
Солиқ тўловчиларга бир қатор имтиёзлар берилмоқда

Фракция аъзоларининг фикрича, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот...

07.12.2019
Соддалаштирилган тартибдаги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунунги кунда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва си...

Тадбирлар тақвими