Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳасида нималар акс этмоқда?

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилувчи қонун лойиҳасида нималар акс этмоқда?

2019 йил 12 август куни парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонида экспертлар ва ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳар томонлама муҳокама этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 21 июндаги Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида халқимиз азалдан муқаддас Она зотига, хотин-қизларга доимо юксак эҳтиром кўрсатиб келиши, аёлга бўлган ҳурмат-эътибор – бу аввало оилага, жамият келажагига бўлган ҳурмат-эътибор ифодаси экани алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланаётганини қайд этган давлатимиз раҳбари “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш лозимлигини билдирган эди.

Қатор қонун ҳужжатларига кўра, шахсга нисбатан жисмоний зўравонлик қилиш жиноий жазоланадиган қилмиш бўлишига қарамай, амалиётда аёлларга нисбатан, айниқса, оилавий-маиший ҳаётда зўравонлик ҳолларига ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва бошқа давлат органлари томонидан етарлича эътибор берилмайди. Шу боис ҳам руҳий ва иқтисодий зўравонлик ҳамда тазйиқ учун жавобгарликни қонунчилик йўли билан тартибга солиш талаб этилмоқда. Бу масалалар тўлиқ қамраб оладиган ягона қонун мавжуд эмаслиги эса, давлат органларига тизимга солинган комплекс статистика олиб бориш имконини бермаяпти.

Президент ташаббуси, ғоялари асосида илк бор ишлаб чиқилган “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шу муаммоларга барҳам беришга қаратилгани билан жуда аҳамиятлидир.

Йиғилишда таъкидланганидек, лойиҳани пишиқ-пухта ҳолига келтириб, маромига етказиш жараёнида ҳар бир модда синчиклаб таҳлил қилинди. Ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.

— “Ер юзидаги ҳар қайси жамиятнинг маданий даражаси унинг аёлларга нисбатан муносабати билан белгиланади”, деган ҳикматли гапда катта маъно-мазмун бор, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаббат ТЎХТАЕВА. — Ана шу ҳикматни ўзида мужассам этган мазкур қонун лойиҳаси хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Лойиҳада тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек, бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган. Бундан ташқари, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилиш, жамиятда аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклига муросасиз муносабат муҳитини қарор топтиришни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар акс эттирилган. Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари аниқ кўрсатилиб, бу соҳадаги ваколатли органлар белгилаб берилган.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда, турмушда, иш жойларида, таълим муассасалари ва бошқа жойларда хотин-қизларга нисбатан муносабатни янада яхшилаш, уларга нисбатан ҳурмат ва эҳтиромни тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг олдини олиш механизми қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 434

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими