Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ҳар бир депутат фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар тақдири билан қизиқади

Ҳар бир депутат фаолиятини тўхтатган тадбиркорлар  тақдири билан қизиқади

2019 йил 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда унда кўтарилган масалалардан келиб чиқувчи муҳим вазифалар хусусида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, Президентимиз раислигида жорий йил 23 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида тадбиркорлар мулкларини компенсация тўламасдан бузиш ва ер майдонларини олиб қўйишга мутлақо йўл қўйилмаслиги белгиланган эди. Давлатимиз раҳбари шу масалада Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Ишчи гуруҳ тузиш, улар жойларга чиққан ҳолда тадбиркорларга етказилган зарарни хатловдан ўтказиб, бу маблағларни бозор қиймати асосида тўлаб бериш зарурлигини таъкидлаган эди.

Жорий йил 5 августдан бу борадаги ишларни қатъий тартиб билан, уч босқичда ташкил этиш белгиланди. Биринчи босқичда ҳудудий ҳокимликлар бузилишига зарурат туғилган жой бўйича материаллар тўпламини Вазирлар Маҳкамасига киритади. Иккинчи босқичда шаҳарсозлик талаблари бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ҳамда молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазир ўринбосари томонидан хулоса тайёрланади. Учинчи босқичда мазкур хулоса кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Бош вазирга киритилади.

Олий Мажлис қуйи палатаси Кенгашининг танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишида парламент қуйи палатасининг айрим депутатлари жонкуярлик қилганини ҳисобга олмаганда, аксарият депутатлари  тадбиркорлар мулкларини компенсация тўламасдан бузиш ва ер майдонларини олиб қўйиш билан боғлиқ нохуш эътибор бермагани қайд этиб ўтилди. Айниқса, депутатлик бирлашмалари, қўмиталар ушбу долзарб масалага ўзининг қатъий позициясини билдирмагани танқид қилинди.

Бундан буён бундай нохуш ҳолатга чек қўйиш учун парламентнинг назорат функцияларидан фойдаланиш, депутатлик ҳамда парламент назоратини кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча қўмиталар, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлик гуруҳи вакиллари видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалардан келиб чиқувчи муҳим вазифаларни белгилаб олиш, бу борада “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, уларнинг ижросини қатъий таъминлаш  зарур деган қатъий фикрни билдирдилар.

Парламент қуйи палатасида қонун ҳужжатларини қабул қилиш жараёнида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш масаласига янада жиддий ёндашиш, депутатларнинг жойлардаги халқ билан мулоқотлари доирасида тадбиркорлар муаммоларини чуқур ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларни ҳал этишга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Яна бир муҳим масала — тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш масаласи ҳам атрофлича муҳокама қилинди.  Сўнгги уч йил ичида деярли 30 йилда ажратилган кредитлар ҳажмига тенг миқдорда кредитлар берилди. Бу жуда яхши кўрсаткич, лекин уларнинг самараси шу даражада сезилмаяпти.

Шунингдек, банклар томонидан кредит маблағларини ажратиш жараёнларида бўладиган бюрократлик тўсиқлар, сансалорлик ҳолатлари аҳолининг эътирозларига сабаб бўляпти. Хусусан, бугунги кунда кредит олиш истагидаги тадбиркорнинг мурожаати 3 босқичда, яъни туман – вилоят – республика даражасида кўриб чиқилиши натижасида, бу жараён айрим ҳолларда ойлаб чўзилиб кетмоқда. Аҳолига ва тадбиркорларга берилаётган кредитларнинг қайтарилмаслик хавфи ортиб бораётгани ҳам соҳадаги оғриқли муаммолардан бирига айланмоқда. Бундай салбий кўринишларнинг сабабларидан бири банкларнинг лоқайдлиги. Негадир банклар ҳамон фоиз йиғишдан бошқа нарсани ўйламайди, тадбиркорларнинг кейинги фаолияти билан қизиқмайди, жонкуярлик кўрсатмайди.

Йиғилишда парламент қуйи палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси юқорида каби муаммоларни бартараф этишда ташаббус етарлича кўрсатмаётгани танқид қилинди. Шундан келиб чиқиб, қўмита фаолиятида янги институт — тижорат банкларининг аҳолига кўрсатаётган хизматлари юзасидан ахборотини эшитиш амалиётини жорий этиш белгиланди. Банклар томонидан ажратилган кредитларнинг мақсадли сарфланиши ҳам қўмита томонидан кузатиб борилишига келишилди.

Видеоселектор йиғилишида кўтарилган яна бир муҳим масала — фаолиятини тўхтатган кичик бизнес субъектларини қайта тиклаш масаласи ҳам муҳокама марказида бўлди. Парламент қуйи палатасининг ҳар бир депутати ҳеч бўлмаганда битта ана шундай фаолиятини тўхтатган кичик бизнес субъекти вакили билан учрашиши, фаолиятини тўхтатиш сабаблари билан қизиқиши, муаммосини ҳал этишга кўмаклашиши фойдадан холи бўлмаслиги қайд этилди. 

Йиғилишида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 982

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.11.2019
Қонун билан тасдиқланаётган Давлат бюджетида нималар кўзда тутилмоқда?

Бу йил парламент тарихида илк бор Давлат бюджети қонун билан мустаҳкамланмоқда. Бу, албатта, давлат...

13.11.2019
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига қанча маблағ ажратилмоқда?

Таъкидландики, мазкур лойиҳада 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14,8 трлн. сўмни...

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими