Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қабул қилинаётган қонунларнинг хаётийлиги барчадан бирдек масъулиятни талаб этади

Қабул қилинаётган қонунларнинг хаётийлиги барчадан бирдек масъулиятни талаб этади

Ҳуқуқий демократик жамиятнинг асосий негизи мукаммал қонун ижодкорлиги жараёни билан боғлиқ. Қолаверса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган бугунги жадал ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминланиши уларнинг самараларини белгиловчи муҳим омилдир.    

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 августдаги фармони билан Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланганлиги қонун ижодкорлиги фаолиятида самарали воситаларни қўллаш, қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, ҳуқуқий базанинг халқаро умумэтироф этилган принцип ва нормаларига мувофиқлигини таъминлаш, қонун ижодкорлигига жамоатчилик муҳокамаларининг таъсир даражасини ошириш, қонунларни жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни прогноз қилиш ва баҳолашни самарали йўлга қўйишда янги вазифаларни кун тартибига қўйди.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш давлат органлари юридик хизматлари фаолиятида янгича ёндашувларни жорий этишни талаб этмоқда.

Шу мақсадда жорий йилнинг 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Девони Юридик бошқармаси томонидан «Қонун лойиҳалари бўйича юридик хулосаларга қўйилган талаблар» мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди. Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, вазирлик, қўмита ва идораларнинг юридик хизмати ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат бошқаруви академияси, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда қонун лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қонун лойиҳаларини юридик-техник расмийлаштиришда бир хил ёндашувни таъминлашга оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда бир қанча муаммолар мавжуд. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қонун лойиҳаларини киритишдан аввал Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштириш талабига риоя қилинмаётганлиги, лойиҳаларда умумий тусга эга бўлган нормаларнинг кўплиги, қонун нормаларини амалга оширишнинг механизмлари очиб берилмаслиги каби ҳолатлар санаб ўтилди.

Бундан ташқари, қонун лойиҳаларида ҳаволаки нормаларни камайтириш, уларни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар сифатида қабул қилишга оид талабларга, лойиҳаларни юридик-техник расмийлаштириш қоидаларига етарлича эътибор қаратилмаётганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.

Лойиҳаларни тегишли давлат органлари билан келишиш жараёнида юзаки ёндашувлар мавжуд бўлиб, оқибатда парламентда қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида баъзи вазирлик ва идоралар вакилларининг лойиҳа матнига нисбатан норозилиги намоён бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, айрим лойиҳаларда тегишли қонунлар тўлиқ инвентаризациядан ўтказилмаслиги оқибатида қонун нормаларининг бир-бирига номувофиқлиги, яъни бир қонунга тегишли янги қоида киритилсада, бошқа худди шунга ўхшаш қонун нормаларига бундай ўзгартишлар киритилмасдан қолмоқда.

Баъзи қонун лойиҳаларида ўз кучини йўқотган нормаларга асосланиб, қоидалар киритилиши жуда аянчли ҳолдир.

Юқоридаги камчиликлар Қонунчилик палатасига киритилган айрим қонун лойиҳаларининг 70-80% гача қайта ишланишига сабаб бўлмоқда.

Мунозаралар давомида юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бўйича вазирликлар, қўмиталар ва давлат идоралари юридик хизматлари ходимлари ўз муносабатларини билдириб, қонунлар лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларини билдириб ўтишди.

Шунингдек, давра суҳбатида Қонунчилик палатаси Девони Юридик бошқармаси томонидан ишлаб чиқилган Қонунлар лойиҳалари бўйича юридик хулосаларни расмийлаштиришнинг намунавий шакли мақулланди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан қонун лойиҳаларини келишиш ва улар бўйича хулосалар тайёрлашда вазирлик ва идоралар юридик хизматлари масъулиятини ошириш, қонун лойиҳаларини тайёрлашда ҳаволаки нормаларни камайтириш, қонун лойиҳалари давлат интерактив хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштириш, экспертиза жараёнига тегишли мутахассисларни жалб қилиш, қонунчилик ташабббуси субъектлари билан илмий тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди. Шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда ҳуқуқий экспертизани такомиллаштиришга оид бошқа таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 136

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими