Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

ПАРЛАМЕНТ — ХАЛҚ ИРОДАСИНИНГ ЧИНАКАМ ИФОДАЧИСИ

ПАРЛАМЕНТ  —  ХАЛҚ ИРОДАСИНИНГ ЧИНАКАМ ИФОДАЧИСИ

Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

 

Аҳоли фаровонлигини юксалтириш ва давлатчиликни мустаҳкамлаш — асосий мақсад

 

Давлатимиз раҳбари томонидан парламент ва депутатлик корпусининг янги иш услуби, фаолият йўналишлари белгилаб берилдики, бу шиддатли социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ўзгаришларга бой кечаётган бугунги даврда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг Олий ­Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи ­мажлисида сўзлаган нутқида парламент, шу жумладан, Сенат фаолиятига танқидий баҳо берилди. Ушбу нутқда белгиланган устувор вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида қуйи палатанинг ҳам чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистон парламенти бугунги кунга қадар ана шундай жўшқин жараёнларда такомиллашди, жамиятимиз ривожига хизмат қиладиган самарали ­фаолиятни йўлга қўйди. Буни, айниқса, пар­ламент сезиларли куч ва нуфузга, халқ орасида обрў-эътибор ва ишончга сазовор бўлиб бораётганидан ҳам билиш, сезиш қийин эмас. Натижада бугун парламентимиз томонидан халқ иродасини ифода этадиган қонунларни қабул қилиш, уларнинг сифатини янги босқичга кўтариш чоралари кўрилмоқда, амалдаги ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижроси устидан изчил парламент назорати олиб борилмоқда.

Бу салоҳиятдан ва миллий парламент ваколатларидан халқ фаровонлигини янада юксалтириш, давлатчиликни мустаҳкамлаш ҳамда Ватанимизни ривожлантириш йўлида оқилона фойдаланиш — депутатларнинг асосий ҳаракат мезонига айланган.

Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, ўтган қарийб уч йил давомида бу таомил ўзини тўла оқлагани, бу борада ижобий ўзгаришларга эришилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

«Туб ислоҳотлар масъулиятни ўз зиммамизга олишни талаб этаётир»

— Парламент палаталарининг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани — бу, албатта, унинг халққа яқинлашаётгани, яъни депутатларимиз республикамизнинг энг чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли орасига кириб бориб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганаётгани ҳамда ечим топаётгани билан бевосита боғлиқ, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон ­Исмоилов. — Шу билан бирга, парламентнинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат механизмларини кучайтиришнинг ташкилий, ҳуқуқий асослари тобора мустаҳкамланяпти. Юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларида қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Миллий давлатчилигимиз тарихида мутлақо янги институт — Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси қўлланилди. Унда давлат раҳбари мамлакат тараққиёти, керак бўлса, тақдирини ҳал қиладиган энг муҳим, шу билан бир пайтда, ҳаётий йўналишларни эълон қилмоқда, халқ фаровонлигини ошириш йўлидаги ислоҳотларни айнан Олий Мажлис аъзолари билан ўртоқлашиб, уларни бу ишда ўзига энг яқин ва ишончли вакиллар сифатида эътироф этмоқда. Бу биз учун жуда катта ишонч ва масъулият демакдир. Бу каби интилишлар ­Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ҳар бир мақсадли ислоҳотни ўз вақтида ­амалга ошириш, юртимизнинг янада тараққий этиши учун хизмат қилади.

Агар илгари Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайловчилари билан йилига икки-уч марта учрашган бўлса, бугунги кунда бундай ишлар мунтазамлик касб этмоқда: депутатлар ҳар ойнинг охирги ҳафтасини тўлиқ ўз сайлов округида, сайловчилари ҳузурида ўтказяпти, уларни қийнаётган, ташвишга солаётган муаммою масалаларни ҳал этиш билан банд бўляпти.

Депутатлар корпусининг қонун ижодкорлиги фаолияти самарадорлиги мамлакатимиз ­Президенти томонидан адолатли тарзда танқид остига олинган эди. Бундан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, агар 2016 йил мобайнида депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси тартибида бор-йўғи 11 қонун киритилган бўлса, ўтган давр ичида бу рақам деярли 2,5 баравар ўсди.

Бугунги кунда юртимиздаги сиёсий ислоҳотлар депутатдан ҳам, сенатордан ҳам ўз халқининг вакили сифатида масъулиятни зиммасига олишни талаб этаётир. Фаолияти давомида узундан-узун мажлислар ёки қуруқ гаплар билан чекланиб қолмасдан, халқнинг корига ярайдиган амалий тадбирларни кучайтириш, халқ билан мулоқотнинг натижадорлигига эришиш бош мақсадга айланиши шарт. Бу ҳаётий, жонли ва тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар яратишда қўл келади, деганидир.

Фаолиятни кучайтиришнинг ташкилий-тузилмавий шакллари қайта кўриб чиқилди

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 июлдаги “Пар­ламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасида амалга оширилган ишлар Қонунчилик палатасининг ­фаолиятини сезиларли даражада такомиллаштиришга ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилди.

Қонунчилик палатасининг ёшлар ҳамда оила ва аёллар билан ишлаш фаолиятини тубдан ўзгартиришга қаратилган чоралар кўрилди. Хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатини изчил, самарали амалга ошириш, навқирон авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш мақсадида Ёшлар масалалари бўйича комиссия (2017 йил) тузилди.

Оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси (2017 йил) ташкил этилди.

Давлат раҳбари томонидан Олий Мажлис палаталарининг илмий-амалий тадқиқот ва ахборот-таҳлилий фаолиятини такомиллаштириш борасида белгилаб берилган устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида бундай фаолиятни олиб борадиган, парламент аъзоларининг буюртмасига асосан ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва хорижий тажриба бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди (2017 йил). Бу миллий парламентнинг барча йўналишдаги, айниқса, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш учун янги имконият яратмоқда.

Соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти устидан пар­ламент назоратини янада такомиллаштириш юзасидан ҳам қатор ишлар олиб борилди. ­Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва тўлақонли амалга ошириш мақсадида Қонунчилик палатасида масъул қўмита — Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ташкил этилди (2018 йилда).

Бу, ўз навбатида, соҳадаги ишларни янада жонлантириш, шу жумладан, жойлардаги соҳага оид муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишни тизимли ­равишда йўлга қўйиш учун ­мустаҳкам замин яратди.

2018 йил 20 апрелда интернет тармоҚида аҳоли долзарб деб ҳисоблаган ташаббусларни билдириши мумкин бўлган “Mening fikrim” махсус веб-портали ишга туширилди. Ушбу веб-портал орқали Олий Мажлис палаталарига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартиби жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил қилинди.

Қонунларнинг мукаммаллигига эришиш мақсадида Олий Мажлис палаталари юридик хизматлари негизида Юридик бошқармалар ташкил этилди.

Олий Мажлиснинг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари устидан парламент назоратини амалга оширишдаги ахборот-таҳлилий фаолияти такомиллаштирилди. Давлат бюджети ижроси устидан самарали парламент назоратини таъминлашда депутатларга профессионал, мустақил ва холис ахборот-таҳлилий, экспертлик хизмати кўрсатувчи Давлат бюджети бошқармаси ўз ишини бош­лади.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмлари яратилди, хусусан, Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташкил қилинди.

«Қонунлар ёпиқ эшиклар ортида қабул қилинаётгани йўқ»

Қонун ижодкорлиги доимий, қизғин жараён бўлиб, бугунги шиддатли давр уни изчил такомиллаштириб боришни, тўғридан-тўғри амалиётга қўлланадиган қонунларни қабул қилишни тақозо этади. Қачонки парламент қабул қилаётган қонунлар ҳар жиҳатдан пишиқ ва мукаммал бўлса, бу аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир ­фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилиниши қуйи палата қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига туртки берди.

Унга кўра, қонун ижодкорлиги фаолиятига жамоатчиликни кенг жалб қилишга, жумладан, қонун лойиҳаларини фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ўрганган ҳолда тайёрлаш ва кўриб чиқи­лаётган қонун лойиҳалари юзасидан аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Айни пайтга қадар қуйи палатанинг кўриб чиқишида мавжуд бўлган қонун ло­йиҳалари сони 2015 йилдагига нисбатан 3 баробар кўпдир, — дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори Раҳимжон Ҳакимов. — Энг муҳими, тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқишга эҳтиёж туғдирмайдиган қонунларни қабул қилишга алоҳида эътибор бериляпти. Қонун лойиҳаларини аҳоли билан кенг муҳокама қилиш, уларнинг фикр-мулоҳазалари бевосита жойига чиқиб ўрганилиши туфайли бу йўналишдаги фаолият самарали бўлмоқда. Жумладан, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”, “Уруғчилик тўғрисида”, “Ўсимликлар карантини тўғрисида”, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги каби тўғридан-тўғри амал қилувчи ўнлаб қонунлар қабул қилинишига эришилди.

Депутатлар бирлашмалари томонидан қонун лойиҳаларини жойларда бевосита фуқаролар иштирокида муҳокама қилиш, уларнинг таклифларини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Шу асосда 140 дан зиёд қонун лойиҳалари юзасидан аҳоли фикр-мулоҳазалари ўрганилди ва қатор қонун лойиҳалари қуйи палата расмий веб-сайтида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилмоқда.

Натижада 2018 йилда 9 та қонун лойиҳаси рад этилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтарилган бўлса, 3 та қонун лойиҳаси аксинча, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан чақириб олинди.

2018 йилда 23 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббуси билан киритилди.

Шулардан ҳам кўриниб турибдики, нафақат сиёсий партиялар фракциялари жонланди, шунга ҳамоҳанг тарзда бугун одамларнинг парламентга бўлган ишончи тобора ортмоқда. Ҳар бир ташаббусдан кўзда тутилаётган мақсад одамларнинг диққат-эътиборида бўляпти. Қонунлар ёпиқ эшиклар ортида қабул қили­наётгани йўқ. Миллий қонунчилигимизга киритилаётган ҳар бир норма, аввало, халқнинг муҳокамасидан ўтмоқда. Сараланиб, ундан кейингина тегишли хулосалар бериляпти.

«Сайловчилар депутат олдига эмас, депутат сайловчилари ҳузурига бориши шарт»

Парламент аъзоларининг ҳар ой охирги ҳафтасида ўз сайлов округига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиш амалиёти жорий этилгани фуқаролар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, одамларни ташвишлантираётган масалаларни амалий ҳал этиш борасидаги ишларни янада кучайтирмоқда.

Сайловчиларни қийнаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, унинг натижасида амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти тобора одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Йил бошидан буён Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 137 мингдан зиёд фуқаролар, жумладан, 13 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан бевосита учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.

— Илгарилари парламентнинг фуқаролар билан мулоқоти анча тор кўламда эди, — дейди парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ­Абдуғаппор Қирғизбоев. — Депутатлар электорат билан фақатгина индивидуал масалалар бўйича гаплашган, холос. Фуқароларни қийнаётган масалаларни ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини қонунчиликда акс эттириш, ижро ҳокимияти учун самарали тавсия­лар кўринишида шакллантириш эътибордан четда қолиб кетган масала бўлган. Аммо охирги уч йил мобайнида Қонунчилик палатаси ва Сенат ўзининг жамоатчилик билан алоқалари ва муносабатларини янги босқичга олиб чиқди. Депутатлар ўз сайловчиларига парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳияти, муҳокама қилинаётган лойиҳалар тўғрисида, қўмита ва фракциялар фаолияти ҳамда сайловолди учрашувларда сайловчилар томонидан билдирилган таклифлар юзасидан амалга оширилган ишлар бўйича ҳам ахборот бериши яхши анъанага айланди.

Учрашувларда қандай масалалар кўтариляпти? Албатта, оддий одамларимиз, уларнинг кундалик турмушида учраётган, ўзининг, оиласининг ҳаётида қийинчиликларга сабаб бўлаётган муаммолар кўтарилмоқда. Бу сафар депутатлар уларнинг ўн икки мингга яқини билан танишди. Парламент вакилларининг саъй-ҳаракатлари билан тўрт ярим мингдан зиёд масалалар жойида ҳал этилди. Бу рақамлар ортида мушкули осон бўлган инсонлар турганлиги эътиборга олинса, натижа ёмон эмаслиги аён бўлади.

Энг муҳими, туман даражасида ҳал этилиши лозим бўлган тўрт мингга яқин масалалар юзасидан тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Уларнинг ижроси масаласи ҳам шунчаки ташлаб қўйилгани йўқ, депутатларнинг қатъий назоратига олинди. Бундан ташқари, вилоят ва республика миқёсидаги масалаларни депутатлик ва парламент назорати воситасида ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда.

Хуллас, бугун сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бормоқда. Уйма-уй юриб, уларнинг муаммоларини эшитяпти ва ечими юзасидан янги қонунчилик ташаббусларини илгари сурмоқда.

Саломатлик ва тинчлик тушунчалари жуда қадрли. Қачонки инсон тинч бўлса ва саломат юрса, орзу-ҳавас қилади, уларга эришишга интилади. Шу нуқтаи назардан, давлатимиз раҳбари томонидан Қонунчилик палатасига мамлакатда кечаётган тиббий ислоҳотларни ўрганиш, жойларда ­халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатидан бохабар бўлиш ва энг асосийси, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш вазифаси юкланди.

Зеро, бу борада давлат ўз олдига залворли мақсадларни қўйган. 2019 — 2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишдек улкан вазифа белгиланган. Бу, ўз навбатида, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг бориши устидан таъсирчан парламент назорати самарадорлигини янада оширишни тақозо этади. Депутатлар томонидан бу борадаги чора-тадбирлар режаси белгиланиб, бир қатор амалий ишлар олиб бориляпти.

Ўзаро ҳамкорликни юқори босқичга кўтариш юзасидан янграган даъватлар

Бугун Ўзбекистон том маънода дунё нигоҳида турибди. Унинг замонавий ташқи сиёсати, ён қўшнилари билан янгиланган алоқалари жаҳон ҳамжамияти диққат-эътиборида.

Ташқи сиёсатимиздаги туб ислоҳотлар, дунёнинг кўплаб давлатлари билан визасиз режим жорий этилгани халқаро алоқаларимиз янада мустаҳкамланишига замин яратяпти. Бунда парламент дипломатиясининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалари чет давлатлар парламентлари ва ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар элчихоналари билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг турли шакллари орқали амалга оширилаётгани бунга туртки бўляпти.

Ҳамкорликда қатор тадбирлар, жумладан, ташрифлар ҳамда хорижий парламентлар вакиллари, сиёсатчилар ва дипломатлар билан музокаралар ўтказилмоқда. Қуйи палатанинг мажлислар зали қатор давлат раҳбарларининг ташрифига гувоҳ бўлди. Бу ерда ўзаро ҳамкорликни янги бос­қичга кўтариш юзасидан даъватлар янгради.

Олий Мажлиснинг бир неча йиллик танаффусдан сўнг ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва МДҲ Парламентлараро ­Ассамблеясига аъзолиги қайта тикланди.

Йил бошидан буён 22 та чет эл делегацияси қабул қилинди, шундан 16 таси парламент ва ҳукумат вакиллари ҳамда 6 таси мамлакатимизда аккредитациядан ўтган элчихоналар ва халқаро тузилмалар вакиллари таркибидаги делегациялардир.

Турли шаклдаги тузилмалар доирасида парламентлар­аро ҳамкорликни янада ривожлантиришни давом эттириш мақсадида хорижий давлатлар парламентлари билан қўшимча 2 та парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи ташкил этилди ва уларнинг сони бугунги кунда 28 тага етди. Шундан 24 таси Сенат билан ҳамкорликда тузилган.

Шу ўринда қайд этиш зарурки, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда. Айниқса, бу йилда хорижий мамлакатлар билан парламент­лараро алоқалар сезиларли даражада кучайди.

Ўз навбатида, парламент вакиллари томонидан Ўзбекистонда тарихан қисқа даврда эришилган натижалар, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти жаҳон ҳамжамиятига етказиляпти.

Муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал қилиш йўли

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида: “Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда яна бир амалиётни жорий этамиз. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради. Бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши лозим. Шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади”, дея таъкидлаган эди. Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Парламент тарихида илк бор 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш амалиёти жорий этилди.

Хусусан, шу йилнинг 18 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи маротаба Вазирлар Маҳкамасининг Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

— Айтиш жоизки, бу янгилик, ўз навбатида, Ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириши баробарида, парламент аъзоларининг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол қатнашишига ҳам туртки беради, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Тўлқин ­Абдусатторов. — Шунингдек, 2019 йилдан бошлаб парламент қуйи палатаси фаолиятида илк бор Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни, у масъул қўмита, фракциялар ва депутатлар гуруҳлари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан ке­йин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқиш ва маъқуллаш амалиёти жорий этилди. Хусусан, 20 июнь куни бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси мажлисида Бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон ­Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига номзод кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида назорат-таҳлил тадбирлари доирасида Қонунчилик палатаси қўмиталарида 63  та ­давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи раҳбарларининг ўз ­фаолияти юзасидан ахбороти эшитилди.

Палатада 9 та парламент эшитуви ўтказилди. Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилиб, тасдиқланди. Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг раиси 2018 йилги ҳисоботини тақдим этди.

“Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йилги ижроси тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекис­тон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида”ги ҳисоботлар кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

Айтиш лозимки, парламент фаолияти тарихида илк бор “Ҳукумат соати” Қонунчилик палатаси мажлисларида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш институти жорий ­этилди.

Парламент назоратини самарали амалга оширишда, айниқса, жойларда аҳоли томонидан кўтарилаётган масалаларни мутасадди раҳбарлар олдига қўйишда “Ҳукумат соати” институтининг жорий этилгани айни муддао бўлди.

Депутатларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволи юзасидан олиб борган ўрганишлари ҳамда фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб, сиёсий партияларнинг қуйи палатадаги фракциялари таклифларига кўра, “Ҳукумат соати”га киритилган саволларига бугунги кунга қадар 12 нафар вазир, давлат қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари жавоб ­беришди.

“Ҳукумат соати” институти жойларда аҳолини ташвишлантираётган муаммоларни ҳал этишда Вазирлар Маҳкамаси билан парламентнинг ўзаро ҳамкорлигидаги энг самарали усуллардан бири эканини кўрсатмоқда.

Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига сайловчиларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан 250 та депутат сўрови юборди. Натижада аҳоли кўтарган муайян масалалар депутат сўровлари асосида ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга парламент сўровини, Қонунчилик палатаси депутати, Сенат аъзосининг сўровини кўриб чиқмаганлик, кўриб чиқиш муддатларини бузганлик ёки сўровга жавоб бермаганлик учун қатъий жавобгарликни назарда тутувчи қоидалар киритилди. Шу тариқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, улар раҳбарларининг шахсий масъулияти оширилди.

Мухтасар айтганда, парламентнинг мамлакатдаги ­сиёсий, ижтимоий ислоҳотлардаги иштироки тобора кучаймоқда. Президентимиз томонидан таклиф этилган сиёсий йўл, амалга оширилаётган ислоҳотлар зарурлиги ва мисли кўрилмаган натижаларга эришиш гарови эканлиги — парламент фаолиятининг шиорига айланган. Зотан, давлат ва жамиятнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган изчил янгиланишлар сиёсий нуқтаи назардан қатъий қўллаб-қувватланиши, ҳуқуқий асосларнинг янада мустаҳкамланиши тараққиёт йўлида қўйилган дадил ва ишончли қадамлардир.

 

«Халқ сўзи».


Кўришлар сони: 2875

Депутатлар минбари

Янгиликлар

13.11.2019
Қонун билан тасдиқланаётган Давлат бюджетида нималар кўзда тутилмоқда?

Бу йил парламент тарихида илк бор Давлат бюджети қонун билан мустаҳкамланмоқда. Бу, албатта, давлат...

13.11.2019
Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш тизимига қанча маблағ ажратилмоқда?

Таъкидландики, мазкур лойиҳада 2020 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари 14,8 трлн. сўмни...

12.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий...

Тадбирлар тақвими