Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Давлат-хусусий шериклик муносабатлари парламент назоратида

Давлат-хусусий шериклик муносабатлари парламент назоратида
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, инвестицион муҳитни яратиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, институционал ислоҳотлар қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантиришга кўмаклашмоқда. 

Шундай замонавий институтлардан бири сифатида давлат-хусусий шериклик муносабатларини келтириш мумкин. 2019 йилнинг 10 май куни “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекзод ОРТИҚОВ ушбу қонуннинг аҳамияти ва жойларда унинг мазмун-моҳиятини тушунтиришда олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди:

– Бугунги кунда давлат-хусусий шериклик муносабатлари кўплаб ривожланган давлатларда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда кенг қўлланилиб, ўзининг ижобий самарасини бермоқда, – деди Бекзод Ортиқов. – Айниқса, давлат-хусусий шериклик муносабатлари давлат монополияси сақланиб қолган ижтимоий ва коммунал, шаҳарсозлик, ободонлаштириш, йўл хўжалиги, энергетика ва бошқа соҳаларда қўлланилиши мумкин. Айрим ривожланган давлатларнинг қонунчилигида давлат-хусусий шериклик муносабатлари ҳатто жазони ижро этиш муассасалари фаолиятига ҳам татбиқ этилиши мумкинлиги белгиланган.

Давлат-хусусий шериклик муносабатларининг татбиқ этилиши хусусий инвестициялар кириб келишига, тадбиркорлик фаолияти кўламининг кенгайишига, илғор бошқарув тажрибасининг жорий қилинишига ва самарали инфратузилма яратилишига сабаб бўлади. Бу эса, жамиятдаги кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўзаро манфаатли шароитларда тезкорлик билан самарали ҳал этиш ва бюджет харажатларининг камайишига олиб келади.

Бугунги кунга қадар мамлакатимизда соғлиқни сақлаш ва таълим бўйича давлат-хусусий шериклик соҳасига оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган 10 га яқин қонуности ҳужжати қабул қилиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

“Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши ушбу соҳада бошланган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда, унинг амалиётда тўғридан-тўғри ишлашини таъминлашга қаратилган нормалар билан бойитишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларни маромига етказишда 20 дан ортиқ хорижий мамлакатнинг бу борадаги энг илғор тажрибалари инобатга олинди. Қонун 2019 йил 11 июндан амалга киритилди.

Қонунга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари давлат органлари билан ўзаро тенглик, давлат-хусусий шерикликни амалга оширишдаги қоидалар, тартиб-таомилларнинг шаффофлиги, хусусий шерикни танлашдаги баҳслашув ва холислик, камситишга, коррупцияга йўл қўймаслик каби принциплар асосида фаолиятини амалга оширишлари мумкин бўлади.

Қонунда давлат-хусусий шерикликнинг ушбу соҳадаги принциплари билан биргаликда унинг асосий йўналишлари сифатида иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланишини таъминлаш, давлат хизматлари сифатини яхшилаш, улардан эркин фойдаланишни кенгайтириш белгиланмоқда. Шунингдек, давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш шартлари ва тартиби келтирилмоқда. Жумладан, қонунга мувофиқ давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати 49 йилни ташкил этади.

Қонунда хусусий шерик тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар асосида саралаб олиниши назарда тутилмоқда. Бунда бир босқичли ва икки босқичли тендер ўтказиш тартиби белгиланмоқда. Унга асосан умумий қиймати бир миллион АҚШ долларига қадар бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича бир босқичли, умумий қиймати бир миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича икки босқичли тендер ўтказилади.

Қонунни қабул қилиш билан бирга унинг ижросини назорат қилиш, амалиётга тўғри татбиқ этилишини таъминлаш муҳим жараён ҳисобланади. Шу мақсадда мазкур қонуннинг ишлаб чиқилиши ва мониторинги учун масъул бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ва бошқа вазирлик, қўмиталар билан ҳамкорликда республиканинг барча вилоятларида семинарлар ўтказилди.

Тадбирларда фуқароларга, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларига қонуннинг мазмуни ва аҳамиятини тушунтирилди. Уларнинг давлат-хусусий шериклик муносабатлари соҳасида фикр-мулоҳазалари, фаолиятида юзага келаётган муаммолари тингланди.


Хуршид ҚОДИРОВ 



Кўришлар сони: 2019

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими