Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутатлар президент нутқидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқди

Депутатлар президент нутқидан келиб чиқиб,  ўз фаолиятини танқидий кўриб чиқди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча депутатлик бирлашмаларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқининг мазмун-моҳияти ҳамда ундан келиб чиқадиган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Йиғилишларда қайд этилганидек, Президентимизнинг Олий Мажлис Сенатидаги тарихий нутқи нафақат юқори палата, балки Қонунчилик палатасининг фаолиятига ҳам тегишли бўлиб, бундан парламент аъзолари тўғри хулоса чиқариши лозим. Чунки кейинги уч йил ичида давлатимиз раҳбари томонидан парламентга жуда катта ишонч билдирилмоқда. Олий Мажлис палаталарининг жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ишини самарали ташкил этиш учун зарур шароит яратиш, депутатлар ва сенаторлар фаолиятининг моддий-ташкилий таъминотини яхшилашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар кўрилди. Шу билан бирга, парламентдан фақат ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш эмас, балки мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўзгаришлар, янгиланишларда фаол иштирок этиш, халқимизни ўйлантираётган муаммоларни ечишда амалий кўмак ҳам кутиляпти.

Хўш, Олий Мажлис, хусусан, Қонунчилик палатаси қўйилаётган вазифаларнинг уддасидан чиқяптими? Парламент қуйи палатаси Президентнинг асосли танқидларидан қандай хулоса чиқарди? Энди у ўз фаолиятида қандай ўзгаришлар қилиши лозим?

Мажлисларда ана шу саволларга жавоб изланди.

Муҳокамалар жараёнида қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг маърузасида белгиланган бир қатор устувор вазифалар Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар учун ҳам бевосита дахлдордир. Бу эса, ўз-ўзидан кўтарилган масалалар ижросини таъминлашда парламент қуйи палатаси ва унинг депутатлик бирлашмалари зиммасига улкан масъулият юклайди.

Президентимиз нутқида санаб ўтилган камчиликлар ҳақида сўз юритилганда, тан олиш керакки, парламентнинг асосий вазифаси — қонун ижодкорлиги жараёнида депутатлар фаоллиги етарли даражада эмаслиги таъкидланди. Парламент вакиллари ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий соҳалардаги муаммоларни чуқур таҳлил этиб, халқ манфаатларига хизмат қиладиган қонун ижодкорлигини кучайтириши ҳамда бошқа субъектлар томонидан ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол қатнашиши, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, шу орқали парламент ва сиёсий партияларнинг аниқ, қатъий позициясини шакллантириши лозимлиги билдирилди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг фикрича, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятни тубдан кучайтириш, ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришиш, қонунларни ишлаб чиқишда “Фракция – марказ – вилоят – туман” тизими доирасида энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан таклифлар олиш, партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг ҳам билдирилган таклифларини фракцияларга етказиш ва шу орқали партиянинг аниқ, қатъий позициясини шакллантириш зарур. Қонунларнинг сифатли ижросини таъминлашда ижро ҳокимияти устидан парламент назорати ўрнатилиши ҳам муҳим ўрин тутади.

Мазкур фракция йиғилишида сиёсий-ижтимоий ҳаётда аёлларнинг ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор долзарб вазифалар ҳам белгилаб олинди. Бунда, энг аввало, партиянинг аёллар билан ишлаш бўйича фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, ҳудудлар бўйича партия фаоллари орасидан обрў-эътиборга эга, сиёсий савияси етук, меҳнаткаш ва оқила аёлларни аниқлаш ҳамда депутатликка номзод сифатида кадрлар захирасига киритиш алоҳида вазифа сифатида белгиланди. Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси тизимида Президентимиз ташаббуси билан тузилган Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур комиссиянинг самарали фаолият юритишига етарлича эътибор қарата олмади, ўз ҳолига ташлаб қўйилди, зарур ҳолларда ёрдам бермади. Ялпи мажлисларда комиссия масалалари кўтариб чиқилмади. Бу парламент қуйи палатасидаги Ёшлар масалалари бўйича комиссия фаолиятига ҳам бевосита тааллуқли экани, шу боис ҳам уларнинг фаолияти ҳақли равишда танқидга учрагани, эндиликда бу хатодан тегишли хулоса чиқармоқ лозимлиги қайд этилди.

Ўз навбатида, Оила ва аёллар комиссияси ишини танқидий тарзда таҳлил қилиш, унинг масъулиятини янада ошириш, шу орқали хотин-қизларни демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлишини таъминлашга эришиш, оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофазалаш, аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳаларини доимий равишда комиссия экспертизасидан ўтказиш тизимини жорий қилиш таклиф этилди.

Шунингдек, депутатлик бирлашмалари йиғилишларида Олий Мажлис қуйи палатаси фаолиятини янада жонлантириш, унинг парламент назорати шаклларидан фойдаланиш ва назорат-таҳлил тадбирлари самарадорлигини ошириш, маҳаллий кенгашлар фаолиятини жонлантириш борасидаги амалий ишларини кучайтириш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди.

Президентимиз томонидан юқорида айтиб ўтилган масалалар билан бир қаторда, парламентнинг халқаро йўналишдаги фаолиятини кучайтиришга доир масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Парламент қуйи палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари вакилларидан иборат Демократик кучлар блокининг йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қўйилган вазифаларга айниқса жиддий эътибор қаратилди.

— Дарҳақиқат, ҳозир биз депутат ва сенаторлардан иборат парламент делегациялари хорижий давлатларга кўп сафарга боряпмиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Феруза Эшматова. — Бироқ уларнинг натижаси ва самарасини ким ўйлаб, муҳокама қиляпти? Делегациялар ташрифлари якуни бўйича қайси фракция ўзининг қатъий позициясини билдириб, баҳосини берди? Ёки хорижий инвестициялар ва ташқи савдо масалаларига оид тасдиқланган “йўл хариталари” ижроси устидан ким тўлақонли парламент назоратини амалга оширди ёки кескин, принципиал муносабатини билдирди? Албатта, бу саволларга аниқ жавоб айтиш қийин. Шу боис, Ўзбекистон номидан Олий Мажлис аъзо бўлган кўплаб халқаро парламент ташкилотлари билан ишлаш стратегиясини белгилайдиган, аниқ ва узоқ муддатни кўзлайдиган иш режаларини белгилаб олишимиз зарур. Парламент аъзолари чет элларга расмий ташрифлари олдиндан пухта режалаштирилиши керак, музокаралар доирасида хорижий шериклар билан муҳокамага қўйиладиган масалаларни пишиқ-пухта белгилаб олиш шарт. Ташрифларга юқори натижадорлик нуқтаи назаридан ёндашиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратишимиз керак.

Ўз навбатида, мухолиф фракция — Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари айни масалага муносабат билдирар экан, ҳақиқатан ҳам парламент аъзоларининг чет элларга расмий ташрифлари олдидан пухта тайёргарлик кўрилмаётгани, мамлакатимизнинг хориждаги обрў-эътиборини юксалтириш ва халқаро майдондаги жараёнларда ролини кучайтириш борасида белгиланган вазифани тўла-тўкис бажармаётгани, айниқса, Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан тузилган дўстлик гуруҳларининг фаолияти сустлигини кескин танқид қилдилар.

Дарҳақиқат, дўстлик гуруҳлари ҳақида халқимиз нима билади? Аслида дўстлик гуруҳи тузилган мамлакатда, унинг парламентида қандай ўзгариш, янгиликлар борлиги, Ўзбекистонга дахлдор қандай масалалар муҳокама қилинаётгани ҳақида халқимизни мунтазам равишда хабардор қилиб бориши керак. Шу маънода, дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш, янги мазмун билан бойитиш зарурлиги қайд этилди. Бу борада тегишли таклифлар илгари сурилди.

Умуман, йиғилишларда барча соҳада, айниқса, соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши курашиш йўналишларида ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш, мазкур соҳаларни тартибга солиш, бунда, энг аввало, парламент назорати институтидан самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидланди.

Президентимиз нутқида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш бўйича ишлар тизимли асосда олиб борилмаётгани ва улар билан самарали ҳамкорлик ташкил этилмагани қайд этилди.

Демократик кучлар блоки аъзолари ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан округларга сайловчилар билан учрашувга ҳамда жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишга чиқилганда, у ердаги халқ депутатлари Кенгашлари билан узвий алоқа ўрнатилган бўлса-да, бугунги кунда улар билан ҳамкорлик алоқалари тўхтаб қолгани, сўнгги бир ярим йил мобайнида ҳеч қандай тадбир ўтказилмагани кузатилганини танқид қилди. Шунинг учун ҳам депутатлар ўз сайлов округларига сайловчилар билан учрашувларга борганида у ердаги халқ депутатлари Кенгашларининг реал ҳолатини ўрганиб, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан ўз билим ва кўникмаси билан ўртоқлашиши зарурлиги таъкидланди.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган вазифаларнинг тўла-тўкис бажарилиши, уларнинг ижросини назорат қилишда парламент қуйи палатаси ва унинг депутатлик бирлашмаларининг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Йиғилишлар якунида кун тартибидаги масала юзасидан барча фракцияларнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 1333

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими