Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутат кўтарган кундузги шифохона ва тор мутахассислик муаммосига ҳукумат қандай қарайди?

Депутат кўтарган кундузги шифохона ва тор мутахассислик муаммосига ҳукумат қандай қарайди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида қарор топган янги амалиётга мувофиқ, 2019 йил 18 май куни илк бор Ҳукуматнинг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Биринчи марта ўтказилган ушбу эшитувда депутатлар томонидан бир қатор долзарб масалалар кўтарилди. Ҳукумат олдига масалалар қўйилди.

Хўш, парламент вакиллари Ҳукумат эътиборини нималарга қаратди? Уларнинг савол ва эътирозларига қандай жавоб қайтарилди?

Аввало, таъкидлаш керакки, тақдим этилган Ҳукумат ҳисоботи қизғин муҳокамаларга бой бўлди. Тортишув, баҳс-мунозара ва савол-жавоблар руҳидаги муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан Давлат дастурида кўзда тутилган, бироқ ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган сусткашлик ва муаммолар билан бир қаторда халқимизни ўйлантираётган масалалар ҳам ўртага ташланди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Мухторов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланган тиббиёт тизимидаги аҳолини қийнаётган муаммо юзасидан берган саволи ҳам эътиборга молик бўлди.

Унинг қайд этишича, 2017-2018 йилларда республикамизда соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ этилди, қолаверса, жорий йилнинг 1-чорагида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, бирламчи тиббий хизмат кўрсатишни яхшилашга, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштиришга, халқимизнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тиббиётнинг энг ривожланган йўналишлари Ўзбекистон тарихида биринчи марта йўлга қўйилмоқда. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий тиббий маркази тизимида, яъни Тошкент шаҳри ҳамда мазкур марказнинг Самарқанд ва Фарғона вилоятидаги филиалларида минтақалараро Иммуногистокимё текшируви йўлга қўйилди — дунёнинг ривожланган давлатларида қўлланилаётган энг сўнгги русумдаги текширув аппарати олиб келиб ўрнатилди.

Мамлакатимиз тарихида яна бир янгилик: биринчи марта Қўқон шаҳрида ўта замонавий рентген аппаратини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Хабарингиз бор, Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи мобайнида Фарғонадаги 5-оилавий поликлиникага ўзимизда ишлаб чиқарилган ана шу рентген аппаратининг биринчисини совға қилди.

Албатта, бу каби ютуқларимиз ўзимизники, лекин афсуски, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан соғлиқни сақлаш тизимида мунтазам равишда ўтказилаётган ўрганишларда ҳал қилса бўладиган бир қатор муаммолар ҳам кўзга ташланмоқда.

Маълумки, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарларда биттадан кўп тармоқли оилавий ҳамда бир нечтадан оилавий поликлиникалар фаолияти йўлга қўйилган. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги барча оилавий поликлиникаларнинг штат бирликларида кўрсатилгани боис ўндан ортиқ тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлган қўйилган, бироқ вилоят марказларидаги шаҳарларда жойлашган оилавий поликлиникаларнинг штат бирликларида тор мутахасис шифокорлар кўрсатилмаган. Натижада, вилоят марказларидаги шаҳарларда жойлашган оилавий поликлиникаларга тор мутахассисларни Кўп тармоқли оилавий поликлиникалар штатида турган шифокорлар орасидан бириктириш амалиёти юзага келган.

Савол туғилади: нега шундай? Кўп тармоқли оилавий поликлиникалар штат бирликларида кўрсатилган ва аслида оилавий поликлиникаларга бириктирилган тор мутахассис шифокор штатини оилавий поликлиникага ўтказса бўлмайдими?

Яна бир қизиқ ҳолат: негадир соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи билан тасдиқланган қишлоқ оилавий поликлиникаларининг тузилмасида кундузги шифохона ва ҳамшира кўрсатилган, лекин шаҳарлардаги оилавий поликлиникаларда улар кўрсатилмаган.

Кундузги шифохона ўзи нима? Бу, оддий қилиб айтганда, аҳоли уколини ёки “капельница”сини олмоқчи бўлса, поликлиникага келиб, уколини ажратилган койкада шифокор ёки ҳамшира кузатувида олиб кетиш имконияти дегани. Ахир бундай хизматга шаҳарларда ҳам эҳтиёж бор-ку?

Шундан келиб чиқиб, депутат юқорида кўрсатилган иккита ҳолат бўйича Ҳукуматдан изоҳ сўради.

Бунга жавобан Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов қуйидагиларни маълум қилди:

— Бу масалалар юзасидан илгари ҳам савол бўлган эди. Шу боис, биз Молия вазирлиги билан бу борада пухта ишлаяпмиз. Ҳозирги кунда ечимини топдик ҳам. Яъни, кундузги шифохоналар бўйича ҳам, тор мутахассислик штатлари бўйича ҳам таклифларимизни тайёрладик. Умуман, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан аввал ҳам кўтарилган ушбу масала ўз ечимини топди.

Бош вазир ўринбосари масаланинг долзарблиги ҳамда қамровини инобатга олиб, ушбу масала юзасидан якуний, батафсил маълумотни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ёзма равишда киритиш таклифини илгари сурди.

Таклиф депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.


Кўришлар сони: 799

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими