Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутат Ҳукумат эътиборини 11 синф битирувчилари тақдири нима бўлиши ҳақидаги масалага қаратди

Депутат Ҳукумат эътиборини 11 синф битирувчилари тақдири нима бўлиши ҳақидаги масалага қаратди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида мутлақо янги институт амалиётга татбиқ этилди. Яъни, 2019 йил 18 май куни парламент қуйи палатасида илк бор Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифа — парламентнинг муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат этиш фаолиятини кучайтириш баробарида Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари Давлат дастурининг бажарилиши юзасидан Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши билан боғлиқ амалиётнинг биринчиси қайд даражада уддаланди? Депутатлар нималарга эътибор қаратдию қайси жиҳатларга эътироз билдирди? Парламент вакиллари Ҳукумат олдига қандай вазифаларни қўйди?

Қайд этиш жоизки, тақдим этилган Ҳукумат ҳисоботи қизғин муҳокама қилинди. Тортишув ва савол-жавобларга бой кечган муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан Давлат дастурида кўзда тутилган, бироқ ижросини таъминлашда йўл қўйилаётган сусткашлик ва муаммолар юзасидан бир қатор масалалар кўтарилди.

Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Жамшид Пирматов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири — ўн биринчи синф битирувчиларининг кейинги тақдири ҳақидаги саволи кўпчиликнинг эътиборини тортди.

— Мамлакатимизда таълим тизимини модернизация қилиш, уни қайта қуриш, фан, техника, технология, иқтисодиётнинг замонавий ютуқлари асосида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралмоқда, — деди депутат Ж.Пирматов. — Бу соҳа Президентимиз томонидан ҳам алоҳида назоратга олинган барчамизга маълум. Давлат дастури ижроси таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, ҳисобот даврида ижтимоий соҳаларга Давлат бюджети харажатларининг 54 фоизи ажратилган ва ушбу йўналишда амалга оширилган харажатлар ўтган йилга нисбатан 1,7 баробарга ошган.

Бугунги кунда умумтаълим мактабларининг ишлаб чиқариш мажмуаларида ўргатиладиган касб-ҳунарлар сони 51 тани ташкил қилиб, келгусида уларни 90 тага етказиш белгиланган.

Давлат дастурининг 211-бандида мақсадли кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш бўйича бир қатор вазирликлар масъуллигида жорий йилнинг март ойигача норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш белгиланган эди. Яъни, 11-синфни битирган ўқувчиларнинг касб-ҳунарли бўлиши учун ҳаммага бир хил уч йиллик касбий таълим ташкил этиш эмас, балки касб ва ҳунарнинг туридан келиб чиқиб, коллежларда ўқиш муддатини турлича этиб белгилаш масаласи юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганди. Аммо бу ҳужжатдан ҳозиргача дарак йўқ.

Ушбу масалада Президентимиз жорий йил феврал ойида Сирдарё вилоятига ташрифи давомида ҳам тўхталиб, иқтисодиётнинг ўрта бўғин кадрларга бўлган эҳтиёжи асосида кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини яратиш бўйича 1 апрелга қадар муҳим топшириқлар берган эди.

Тўғри, мамлакатимизда барча ёшларнинг олий маълумотга эга бўлиши қийин. Мана, саноқли кунлардан сўнг республикамизда ўқувчилар илк бор ўн биринчи синфни битиришади. Афсуски, коллежларда ҳали ҳам 6 ойлик ёки 1 йиллик ёхуд 2 йиллик таълим дастурлари жорий этилгани йўқ. Бундан ташқари, қайси касб-ҳунар таълим муассасалари ёпилиши ёки қисқартирилиши масаласи ҳам ҳал этилмаган.

Бугунги кунда битирувчи ёшларимизнинг ўртача 15 фоизи олий таълим билан қамраб олинаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мактаб битирувчиларининг эндиги тақдири нима бўлади? Ўн биринчи синфни битириб, ўқишга киролмаганлар нима қилади?

Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов ушбу саволга жавоб қайтарар экан, бу долзарб масала экани, Президентимиз Шавкат Мирзиёев битирувчиларнинг олий таълимга қамровини 20 фоизга кўтариш бўйича алоҳида топшириқ берганини маълум қилди.

— Мақсадимиз ушбу қамров доирасини яқин йилларда 30 фоизгача оширишдир, — деди Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов. — Албатта, қолган ёшларимиз тақдирига ҳам бефарқлик билан қарашга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Чунки, ўн биринчи синфни тамомлаб, ўқишга киролмаган ёшларимизнинг қўлида шаҳодатнома бўлади, холос. Биз уларга касб-ҳунар ўргатишимиз, меҳнат бозорига тайёрлашимиз лозим.

Шу маънода, касб-ҳунар коллежлари тизими чуқур ўрганиб чиқилди. Жойларга чиқилган ҳолда, ҳар бир коллеж фаолияти, имкониятлари, олдинги йиллардаги давомати, таълим сифати ва йўналишлари, мутахассисликлар таҳлил қилинди. Шу асосда Президентнинг тегишли қарори лойиҳаси тайёрланди. Билдирилган таклифлар давлатимизга раҳбарига ҳавола қилинди ва маъқулланди.

Бевосита саволга қайтсак, ҳозирда профессионал таълим тизими йўналишида, авваламбор, 386 та коллеж сақлаб қолинади. Шулардан 336 та коллеж бошланғич профессионал таълим даражасида кўп тармоқли профессионал мактаб мақомида бўлади. Улар асосан қишлоқ жойларда бўлиб, ҳақиқатда ҳам эҳтиёж мавжуд мутахассисликлар, дейлик, агрономлик, механизаторлик кабилар ўргатилади. Ушбу мутахассисликларни эгаллаган ёшлар меҳнат бозорида ўз ўрнини албатта топади.

Коллежлардан 413 таси эса, ўрта профессионал таълим даражасидаги идора ва кластерларга берилди. Президентимиз топшириғига кўра, бу коллежлар йирик корхоналарга бириктирилиб, кластер сифатида у ерда бевосита ишлаб чиқариш билан боғланган ҳолда ёшларга таълим берилади.

Яна бир янгилик шуки, тизимда янги тузилма ташкил этилиши кўзда тутилмоқда: 32 та коллеж ўрта махсус профессионал таълимнинг олий мактабларига айлантирилади.

Умуман олганда, мазкур қарор билан халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган ўрта махсус профессионал таълим тизими яратилади. Бундан ташқари, 58 та коллеж Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ихтиёрига берилиб, касб-ҳунарга ўқитиш марказларига айлантирилади. Ёшларнинг олий таълимга қамровини кенгайтириш мақсадини рўёбга чиқариш учун 104 та коллеж олий таълим муассасалари эҳтиёжи йўлида улар ихтиёрига берилади.

Умуман, Президентимиз топшириғига кўра, олти ойдан икки йилгача тегишли курслар ташкил этилган”.

Бош вазир ўринбосари жавобидан англашиладики, 11 синф битирувчилари олий ўқув юртларига киролмаган тақдирда ҳам, ана шундай таълим муассасалари — касб-ҳунар коллежлари, курсларда ўқиб, ҳунарли бўлиб, меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш имконига эгадир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 4586

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.10.2019
Юридик шахслар томонидан атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида олиб бориладиган фаолият лицензияланади

Маълумки, “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига...

23.10.2019
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш тартиб-таомиллари соддалаштирилади

 

Мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспорт қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш...

23.10.2019
Акмал БУРҲОНОВ: Депутатлар ўрганган муаммолар ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайми?

Табиий савол туғилади: депутатлар ўрганган муаммолар Ҳукумат ва тиббиёт соҳаси масъуллари учун ўгайм...

Тадбирлар тақвими