Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутатлар тижорат банкларини ҳимоя қилди. Нега?

Депутатлар тижорат банкларини ҳимоя қилди. Нега?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутувчи бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Депутатларнинг тортишуви, конструктив баҳс-мунозараларини келтириб чиқарган лойиҳалардан бири «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Мазкур ҳужжат пул-кредит сиёсати ва унинг инструментларини тубдан такомиллаштириш, нархлар барқарорлигига қаратилган таъсирини кучайтириш, жумладан, амалга оширилаётган чоралар асосида асоссиз инфляцион ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Қонун лойиҳасининг муҳокамаларида депутатлар томонидан бир қатор саволлар ўртага ташланди, жўяли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ушбу қонун лойиҳаси ЎзЛиДеП фракцияси йиғилишида ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлганини таъкидлар экан, ўзгаришларга кўра, Марказий банкнинг хусусий тижорат банкларидаги вакили институтини жорий қилиш масаласига эътироз билдирди. Депутат банкларда Марказий банк вакилининг бўлиши қонун орқали белгилаб қўйилиши молия муассасалари мустақиллигини таъминлаш йўлида тўсиқ бўлиб қолмайдими, деган саволни ўртага ташлади. “Эртага сармоядорларнинг ишончини қозониш, одамларнинг бўш пул маблағларини банкларга жалб қилиш масалаларида муаммолар юзага келмайдими?, — деди Р.Кушербоев. — Чунки айни пайтда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида банкларнинг мустақил бўлишига, кредит сиёсатини мустақил юритишига ва шу орқали соҳаларга инвесторларни жалб қилишга эътибор қаратилаётган бир пайтда бундай “янгилик”ни жорий қилишдан аввал жиддий ўйлаб кўриш лозим”.   

— Агарда бу норманинг амалдаги қонунларимизга мувофиқлигини таҳлил қиладиган бўлсак, бу “Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги тўғрисида”ги қонунга қанчалик мос? — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бекзод Ортиқов. — Ҳолбуки, мазкур қонунда давлат органлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашмайди, деган кафолат белгилаган. Қолаверса, вакилга қўйилган вазифаларга кўз югуртирсак, ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган бир пайтда вакилнинг муайян банкда ўтириши қанчалик тўғри? Биз яқинда “Давлат хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида шу каби нормага дуч келдик. Бу борада халқаро тажрибани ўргандик, амалдаги қонун ҳужжатларини таҳлил қилдик ва ундан воз кечган эдик...

Ўз навбатида, мажлисда қатнашган Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Темур Ишметов ҳам депутатлар саволларига жавоб қайтариш асносида ўз мулоҳазаларини билдирди.

— Ҳақиқатда ҳам бу савол ва эътирозлар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари йиғилишларида ҳам берилган эди, — дейди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Темур Ишметов. — Албатта, депутатларнинг ҳар бир савол ва эътирози ўринли. Бевосита саволга тўхталсак, Марказий банкнинг тижорат банкларидаги вакили институтини жорий этиш масаласи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ерда Марказий банкнинг, яъни монитар сиёсат соҳасида етарли даражада мустақиллигини, иккинчидан, молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида унинг регулятор функциясини кучайтиришдан иборат. Қолаверса, мамлакатимизнинг халқаро ташкилотлар томонидан бериладиган суверен рейтинг кўрсаткичларини янада ошириш учун энг асосий қиладиган ишларимизадан бири молиявий барқарорликни сақлашга асос бўлувчи кучли молиявий регуляторни таъминлашимиз лозим. Халқаро ҳамжамиятнинг талаби ҳам ана шу.

Масаланинг бошқа муҳим жиҳати ҳам бор: тижорат банкларини бошқа турдаги тадбиркорлик субъектлари билан солиштириб бўлмайди. Масалан, ҳар қандай йирик тадбиркорлик субъекти, дейлик, қайсидир сабабларга кўра, банкротликка учрашини ёки ўртаҳолдаги банкнинг банкротлиги билан уларнинг оқибатларини солиштириб бўлмайди. Сабаби, ўртаҳол банк маблағининг аксарияти омонатчиларга ёки бошқа ташкилотларга тегишли. Яна бир жиҳат, ҳар қандай мижознинг молия муассасига ишончини банк ортида давлат туради, яъни назорат мавжуд, ҳар қандай ҳолат тартибга солинади, деган тушунча таъминлаб туради. Молия муассасаси банкротликка учраса, бу нафақат омонатчиларнинг маблағларини йўқотиши балки, бутун банк тизимига бўлган ишончнинг йўқолишига олиб келади. Мазкур ҳолатнинг иқтисодиётга қанчалик салбий таъсир кўрсатиши эса, барчага аён.

Яна бир масалага эътибор қаратиш лозим. Ислоҳотлар жараёнида иқтисодиёт қанчалик эркинлашса, ўз-ўзидан банк тизими, умуман, молия соҳасида хатарлар ортиб боради. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар қандай молиявий регулятор ўз фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиши керак. Шуларни инобатга олиб, банк тизимининг назорат механизмини қайта кўриб чиққанда Базел қўмитасининг банк назоратининг асосий тамойиллари ҳақидаги ҳужжати асосида жаҳондаги барча марказий банклар мана шундай назорат механизмини юритишади.

Энди бевосита саволга қайтадиган бўлсак, Марказий банк вакили молия муассасасида ҳар куни, доимий равишда ишлайди, дегани эмас. Фақатгина Марказий банкда муайян банкнинг хатти-ҳаракати хавфли тус олганида, у Марказий банк томонидан ўрнатилган нормативларга риоя қилмаётгани аниқлансагина, вакил ўша банкнинг фаолиятини ўрганади. Вакилнинг тижорат банки хўжалик фаолиятига аралашиш билан боғлиқ ҳеч қандай ваколати бўлмайди.

Марказий банк мутасаддисининг жавоби ва тушунтириши депутатларда янги саволларни туғдирди.

— Фикрингизни эшитдик, сиз ўзингизнинг нуқтаи назарингизни билдирмоқдасиз, — деди депутат Расул Кушербоев Марказий банк мутасаддисига. — Аммо бирорта мисол ёки далил келтирмадингиз. Тўғри, банкнинг орқасида давлат туради, деган қарашни илгари суряпсиз. Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлиши керак. Аммо ўтган асрнинг 90-йилларида банкка омонат қўйган одамлар ҳам банкка ишонган. Унинг оқибатларини ҳам биламиз. Ўша пайтда ҳам Марказий банк бўлган...

Кейинги йилларда банкларга хусусий капитални жалб қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Маълумки, халқаро тажрибада давлат иштироки жуда юқори бўлган банк тизимига инвесторлар ўз маблағини йўналтиришни истамайди. Улар мустақил бўлган банкларга пул қўйишга ҳаракат қилади ва бу исбот талаб этилмайдиган ҳақиқат.

Шу боис ҳам, менимча, қонун лойиҳасида назарда тутилаётган вакил масаласида фақат бир мамлакатнинг тажрибасига таяниб иш кўриб бўлмайди. Банк соҳаси ривожланган давлатлар амалиётини ҳам чуқур таҳлил қилиш керак. Айтилганидек, вакилнинг ваколатлари чегараланган экан, у ҳолда, бу институт нима учун керак?

— Мен депутатларимизнинг фикрларига қўшилган ҳолда айтмоқчиманки, ушбу қонуннинг нормалари синчковлик билан ўйланган бўлиши керак, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси Илҳом Абдуллаев. — Хусусан, лойиҳада жамоатчилик назорати масаласига жиддий эътибор қаратиш лозим. Ҳолбуки, мазкур қонун лойиҳасида Марказий банкнинг фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилувчи бирорта ҳам норма йўқ. Тўғри, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонун бор, лекин Марказий банк давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи ҳисобланмайди. Менимча, бу халқаро тажрибага ҳам тўғри келса-да, қонун лойиҳасида очиқликни таъминлашга хизмат қиладиган алоҳида бўлим бўлиши ва шунга асосан Марказий банк фаолиятига доир очиқ маълумотлар унинг расмий веб-сайтида мажбурий тартибда эълон қилиниш лозим. Яъни, Марказий банк маблағларни қаердан оляпти, қаерга сарфлаяпти, фаолиятига доир брифинг, матбуот анжуманлари, конференциялар ва шу каби тадбирларни қандай ўтказяпти, деган саволларга жавоб бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан, қонунга жамиятга очиқлик тамойиллари асосида мазкур жараёнларни назорат қилишга имкон берувчи механизмларни киритишимиз мақсадга мувофиқ.

— Депутатларнинг ушбу фикр-мулоҳазаларини тинглаб, таҳлил қилиб, қонун лойиҳасининг жуда кенг тушунчаларни қамраб олгани, уларни аниқлаштиришимиз лозимлиги англашиляпти, — деди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Темур Ишметов. — Албатта, энди парламент вакиллари томонидан кўтарилган бу саволлар бўйича қонун лойиҳасини яна бир бор чуқур таҳлил қиламиз, навбатдаги ўқишга тайёрлаш жараёнида депутатлар билан бирга ишлаймиз ва уни маромига етказамиз.

Баҳс-мунозара, тортишувлар узоқ давом этди. Албатта, фикрлар, қарашларнинг хилма-хиллиги қонунларнинг мукаммал бўлишини таъминлайди. Шу нуқтаи назардан, қизғин кечган муҳокамалар якунида «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Масъул қўмитага лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлашда масалага жиддий ёндашиш, қонун ташаббускорлари, депутатлар, экспертлар билан бирга ишлаш, тижорат банклари вакилларининг ҳам бу борадаги фикр-мулоҳазаларини тинглаб, ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолига келтириш вазифаси юклатилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 3617

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими