Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида қатнашасизми?

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида қатнашасизми?

«Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида»ги Қонун 2018 йил 15 октябрда қабул қилиниб, 2004 йил 29 апрелда қабул қилинган «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида»ги Қонун ўз кучини йўқотган эди. Янги Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиш бўйича фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)га ўз билим ва бошқарув маҳоратини намоён этиши учун кўпроқ имконият яратишга ҳуқуқий асос бўлди.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ ахборотлардан ва қонун ҳужжатларидаги янгиликлардан фуқароларнинг қанчалик хабардор эканини билиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан ижтимоий сўров ўтказилди. Ижтимоий сўров саволлари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг «Facebook» ижтимоий тармоғидаги саҳифасига жойлаштирилгач, 400 га яқин иштирокчи саволларга ўз жавобини йўллаган.

Янги қонунга асосан, фуқаролар йиғини раиси уч йил муддатга сайланадиган бўлди. Ушбу янгилик тўғрисида «Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) қанча муддатга сайланади?», деб берилган саволга иштирокчиларнинг 27 фоизи «икки ярим йил муддатга», 73 фоизи «уч йил муддатга» деб жавоб берган.

Олдинги қонунга кўра, фуқаролар йиғини раисининг икки ярим йил муддатга сайланиши навбатдаги сайловларнинг йилнинг турли ойларида ўтказилишига олиб келар эди. Хусусан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови 2014 йилда ноябрь-декабрь ойларида, 2016 йилда май-июнь ойларида ўтказилган. Мазкур ҳолат сайловларга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ва овоз беришда иштирок этишда турли ноқулайликларни туғдирар эди.

Фуқаролар йиғини раиси уч йил муддатга сайланиши келгуси сайловларни ҳар доим аниқ бир вақтда ўтказиш имконини яратди. Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги «Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори билан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари)нинг навбатдаги сайлови 2019 йил май ойида ўтказилишининг белгиланиши юқорида қайд этилган фикрларнинг исботидир. Мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раисларининг (оқсоқолларининг) навбатдаги сайлови қачон ўтказилишидан аҳолининг хабардорлигини билиш юзасидан берилган саволга ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 14 фоизи декабрь ойида, 86 фоизи эса, май ойида бўлиб ўтишини билдирган.

Сайловни ўтказишдаги энг муҳим жараён, шубҳасиз, бу – овоз бериш жараёнидир. Аввалги тартиб-таомилга мувофиқ, фуқаролар йиғини раисларини (оқсоқолларини) сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилиши мумкин эди. Фуқаролар йиғинида сайловнинг очиқ овоз бериш орқали ўтказилиши айрим ҳолларда овоз берувчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифодалашида уларга турли ноқулайликларни келтириб чиқарар эди. Янги қонуннинг 20-моддаси билан фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш, фақат, яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.

Шунингдек, яширин овоз бериш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Хусусан, олдинги сайловларда овоз берувчи ўзи қарши овоз бераётган номзодларнинг бюллетендаги фамилиясини ўчирар эди. Эндиликда эса, овоз берувчи бюллетеннинг ўнг томонида ўзи ёқлаб овоз бераётган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «+», «ü» ёхуд «х» белгисини қўяди.

Мазкур тартибдан фуқароларнинг қанчалик хабардорлиги ўрганилганда, ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг 33 фоизи бюллетендаги номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «+», «ü», «х» белгилардан бири қўйилишини билдиришган.

Фуқаролар ўзларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини намоён қиладиган муҳим жараёнлардан бири бу – сайлов ҳисобланади. Сайлов жараёнларида фуқароларнинг иштирокига қараб, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллик даражасини таҳлил этиш мумкин. Шу мақсадда берилган «Сиз фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига муносиб бўлган шахсга овоз бериш учун сайловда иштирок этасизми?» саволига, ижтимоий сўров иштирокчиларнинг 70 фоизи «ҳа», 30 фоизи «йўқ» деб жавоб берган.

Ижтимоий сўров якунларига кўра, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови билан боғлиқ қонунчиликдаги янгиликлардан аҳолини хабардорлик даражасини ошириш, овоз берувчи бюллетенга ўзи муносиб деб билган номзоднинг фамилияси қаршисида жойлашган бўш катакка «+», «ü», «х» белгилардан бирини қўйган ҳолда овоз беришни амалга ошириши лозимлиги ҳақида хабардор қилиш, сайловда ҳар бир овоз берувчининг овози муҳим аҳамият касб этиши ва уларнинг овози муносиб номзоднинг фуқаролар йиғини раислигига сайланишини таъминлаши тўғрисида фуқароларга тушунтиришлар бериш борасидаги ишларни янада кучайтириш мақсадга мувофиқлиги ойдинлашди.

Қайд этиш лозимки, етти кун мобайнида ўтказилган ижтимоий сўровда 400 га яқин итирокчининг қатнашиши, уларнинг фуқаролар йиғини раиси сайлови қачон ўтказилишидан 86 фоизининг хабардор экани ҳамда 70 фоиз иштирокчи муносиб номзодга овоз бериш учун сайловда иштирок этишини билдиргани – уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юқорилигидан, қонунчиликдаги янгиликлардан хабардорлигидан, фуқаролар йиғини раиси сайловига бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Беҳзод СУЛТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳузуридаги котибият катта референти


Кўришлар сони: 1566

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими