Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қонун лойиҳаси ҳаволаки нормалардан ҳоли бўлиши лозим

Қонун лойиҳаси ҳаволаки нормалардан ҳоли  бўлиши лозим

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳалари қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда. Улардан бири ишчи гуруҳи томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳасидир. Мазкур ҳужжат лойиҳаси 2019 йилнинг 2 апрель куни парламент қуйи палатасининг мажлисида биринчи ўқишда депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди.

Таъкидлаш лозим, мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқишнинг бир қанча омиллари мавжуд. Жумладан, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар овқатланиши масалаларини яхлит ва тизимли асосда тартибга солувчи ягона ҳужжат мавжуд эмас. Болалар овқати (хомашё)га “ишлаб чиқариш-транспортировка қилиш-сақлаш-сотиш” занжири бўйича ҳамда ушбу маҳсулотнинг қадоқланиши ва маркировкаси сифати ва хавфсизлигига талаблар ўрнатилмаган. Шунингдек, болалар овқати ишлаб чиқарилиши, транспортировка қилиниши, сақланиши ва сотилишининг барча босқичларида унинг сифати ва хавфсизлиги устидан назоратни амалга ошириш ҳуқуқий механизми мавжуд эмас. Шу каби бир қатор муаммоларни баратараф этиш мақсадида «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳасида соҳада масъул орган мавқеи ва ваколатлари ҳамда бошқа ташкилотлар, жумладан, жамоат ташкилотларининг болалар овқати билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишдаги ваколатлари белгилаб қўйилмоқда. Болалар овқати маҳсулотларини техник тартибга солиш, идентификациялаш масалалари ҳам тартибга солинмоқда. Шу билан бирга она сути билан боқишни тарғиб қилиш ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, мазкур соҳада жисмоний ва юридик шахслар иштироки бўйича чоралар қонун билан мустаҳкамланмоқда.

– Бугун ишчи гуруҳи томонидан ушбу қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб яна бир бор жиддий кўриб чиқилиб, такомиллаштирилди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мухаррам Дадаходжаева. – Ундаги ҳаволаки нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар киритилди.

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида бир қатор хорижий давлатларнинг соҳага доир қонунчилиги, шунингдек, Ўзбекистон республикасининг амалдаги қонунлари ҳам обдон ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.

Жумладан, муҳокамалар жараёнида ишчи гуруҳи аъзолари қонун лойиҳасининг 3-моддасида «болалар овқати маҳсулотлари» асосий тушунчаси «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 2-моддасидаги «болаларбоп озиқ-овқат маҳсулотлари» тушунчасидан фарқ қилиши, шу боис мазкур икки қонундаги тушунчаларни бирхиллаштириш зарур, деган қарорга келди.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг асосий тушунчалари ва ҳар бир моддаси депутатлар, соҳа мутахассислари томонидан қизғин баҳс-мунозара асосида муҳокама қилиниб, пишитилмоқда. Айрим ҳаволаки моддалардан воз кечишга тўғри келаётган бўлса, уларнинг ўрни амалиётда тўғридан-тўғри ишлайдиган нормалар билан бойитилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши гўдакларни рационал овқатлантириш, болаларнинг соғлом ўсиши, уларнинг касалланиш ҳолатларини камайтиришда муҳим омил бўлади.


Кўришлар сони: 1250

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими