Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Кун тартибидаги муҳим қонун лойиҳаси

Кун тартибидаги муҳим қонун лойиҳаси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида «Яйловлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади яйловлардан фойдаланишни тартибга солиш ва самарали фойдаланиш учун шарт-шароит яратишдир.

Қонунчилик палатаси депутатлик гуруҳи ташаббусига кўра, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда тайёрланган қонун лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилинди ва айни пайтда парламент қуйи палатасининг фракциялари ва қўмиталарида муҳокама қилинмоқда.

Биринчи ўқиш муҳокамасида кўтарилган баҳс-мунозараларда мазкур қонун лойиҳасининг долзарблиги ва аҳамияти, бу масалани қонун даражасида тартибга солишнинг мақсадга мувофиқлиги алоҳида ўрин тутди. Шу билан бирга, сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишларида яйловлардан фойдаланиш бўйича самарали ҳуқуқий механизм яратилмагани, мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи махсус қонун қабул қилинмагани, яйловлардан оқилона фойланиш юзасидан давлат бошқаруви органларининг ваколатлари аниқ белгиланмагани, тегишли ташкилий чораларнинг кўрилмаслиги, шу жумладан, мол боқиш ва пичан ўриш меъёрлари ва режалари белгиланмагани, яйловларни муҳофаза қилиш, уларнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларнинг жорий этилмагани, яйловлардаги мавжуд сув таъминоти иншоотларининг эскиргани оқибатида республикадаги яйловларнинг ҳолати йилдан-йилга ёмонлашиб бораётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, мазкур масала бўйича дeпутатлар томонидан тегишли статистик маълумотлар тақдим этилди. Таъкидлаш жоизки, сўнгги 35-40 йил ичида яйловларни ортиқча ишлатиш, яъни у ерларда чорва молларини боқиш ва бошқа антропогeн таъсирларнинг кўпайиб кетиши натижасида eм-хашакбоп экинлар ҳамда яйловларнинг таназзулга учради. Парламент қуйи палатасининг айрим дeпутатлари бу соҳада мутахассисларнинг хулосаларини таҳлил қилиб, ҳозирги кунга келиб, мамлакатдаги умумий 21,1 млн. гектардаги яйлов майдонларидан 16,4 млн. гектари (78 фоизи) инқирозга учраганини, 20 фоиздан ортиқ майдондаги яйлов ва пичанзорда ўсимликлар сони ва турлари камайиб, маҳсулдорлик 2 баробарга, шу жумладан, озуқа экинлари ҳосилдорлиги гектарига 1,5-2,5 центнерга қисқарганини таъкидладилар.

Дарҳақиқат, ўтган асрнинг 90-йилларида яйловларда 247 хил ўсимликлар учраган бўлса, бугунги кунда уларнинг атиги 42 тури қолган. Яйловларга қаровсизлик, улардан хўжасизларча фойдаланиш ва пайҳон қилиниши натижасида қолганлари йўқолиб кетган.

Инқирозга учраган яйлов майдонларини аниқлаш ва уларни тиклаш ҳамда ҳосилдорлигини ошириш учун озуқабоп экинларни экиш ишларига етарлича эътибор қаратилмагани парламент вакилларида эътироз уйғотди.

Ушбу соҳада хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, кўплаб мамлакатларда, жумладан, АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Швейцария каби ривожланган давлатларда яйловлардан оқилона фойдаланиш ва уни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари махсус қонунлар даражасида ҳал этилади. Шу билан бирга, географик жойлашуви ва табиий-иқлим шароитлари мамлакатимизга яқин бўлган қўшни давлатларнинг (Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистон) қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ва чуқур ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди. Депутатларнинг фикрига кўра, бу яйловлардан самарали фойдаланишда бошқа мамлакатлар томонидан йўл қўйилган хатолар ва камчиликларни бартараф этиш имконини беради.

Қонун лойиҳасининг ўзига хос хусусияти шундаки, парламент қуйи палатаси аъзолари уни тўғридан-тўғри ишловчи қонунга айлантиришга ҳаракат қилишди. Қонун лойиҳасида яйловдан фойдаланиш тартиби ва шартлари, уларнинг унумдорлигини ошириш йўллари ҳамда яйловдан фойдаланиш самарадорлигини оширишга оид бошқа қоидаларнинг мавжудлиги, қўшимча тартибга солиш бўйича қонуности ҳужжатларнинг қабул қилинишига эҳтиёж қолдирмайди.

 

А. Тешабоев

Олий Мажлис ҳузуридаги

Қонунчилик муаммолари ва

парламент тадқиқотлари

институти бош илмий ходими


Кўришлар сони: 1140

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими