Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Парламент қуйи палатаси тиббиёт муассасаларидаги коррупцияга чек қўймоқчи

Парламент қуйи палатаси тиббиёт муассасаларидаги коррупцияга чек қўймоқчи

2018 йил 4 январь куни Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси масъуллари, кенг жамоатчилик, хусусан, маҳаллий кенгашлар депутатлари, тиббиёт муассасалари раҳбар ва ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар атрофлича таҳлил қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини оширишга, халқимизнинг малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари республикамизнинг қайси ҳудудига бормасин, одамларнинг саломатлигини сақлаш, тиббиёт муассасаларининг шароитини яхшилаш, халқимизнинг соғлиқни сақлаш тизимидан рози бўлиб яшашига эришиш масаласи билан қизиқади.

Кейинги йилларда ана шундай эътибор ва ғамхўрлик натижасида тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида такомиллаштириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳам кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.

Аммо, шу билан биргаликда, соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатаётган айрим омиллар, айниқса, тизимда коррупция ва таъмагирлик ҳолатларига йўл қўйилаётгани аҳолининг тиббий хизматга бўлган ишончига жиддий путур етказмоқда.

— Коррупция ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маънавий ҳаётига хавф соладиган, қолаверса, мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллатдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Иноят Ҳожиев. — Шу маънода, барча соҳалардаги каби, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш, уни таг-томири билан қўпориб ташлашга қаратилган кескин чоралар кўришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бугун биз — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси вакиллари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари билан бирга Бухоро вилоятидаги бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлдик, беморлар, шифокорлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг муаммоларини ўргандик. Юзма-юз, очиқ мулоқотлар чоғида кўтарилган масалаларни кенгайтирилган йиғилишда кўриб чиқдик. Умуман, Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ижобий ишларни эътироф этган ҳолда, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни тизимли равишда бартараф этишни ушбу вилоятдан бошладик ва унинг тажрибасини намуна тариқасида бутун республикамизда давом эттирамиз. Шу мақсадда мажлисда соғлиқни сақлаш тизимида тиббиёт ходимлари ўртасида коррупция ва таъмагирликка қарши фаол курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, коррупцияга имкон берувчи омиллар ва шарт-шароитларни барҳам топтиришга доир чора-тадбирларни кўриш бўйича билдирилган салмоқли таклиф-мулоҳазалар асосида бир қатор вазифаларни белгилаб олдик.

Масалан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг вилоятга бириктирилган депутатлар ҳар ойда ушбу соҳадаги ишларни, унинг натижаларини вилоят Кенгаши доимий комиссиясида муҳокама қилинишига кўмак беради.

Туман кесимида “Жамоатчилик назорати гуруҳи” ишлайди ҳамда ҳар ҳафтада бир маротаба танлов асосида рейд ташкил қилади, натижаси юзасидан муассаса ходимлари билан тезкор ёки режали равишда — ҳар ойда бир маротаба муҳокама ўтказади.

Мамлакатимиздаги барча туғруқ муассасаларида фаолият олиб бораётган обрўли ва тажрибали ходимлардан иборат тузилаётган “Устозлар кенгаши гуруҳи” эса, тиббиёт муассасалари кесимида фаолият юритган ҳолда коррупцияга қарши кескин курашадиган бўлди. У ҳар куни танлов асосида аноним сўровномалар ўтказади, ҳафталик таҳлилий соатларни, ходимлар билан эса, ҳар ойда “Одобнома соатлари”ни ташкил қилади.

— Тиббиёт муассасаларида коррупциянинг олдини олишда соҳа ходимлари, шу билан бирга, аҳоли ўртасида ҳам кенг тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш, мутахассислар иштирокида учрашувларни тизимли асосда ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади, — дейди Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ихтиёр Абдулҳақов. — Айниқса, туғруқ мажмуаларида таъмагирлик ва коррупция ҳолатлари чуқур ўрганилиб, таҳлил этилган ҳолда, бартараф қилинади. Бугунги йиғилишда биз Олий Мажлис депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари билан бирга ушбу йўналишдаги бошқа кўплаб вазифаларни ҳам белгилаб олдик. Тизимдаги таъмагирлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олишда кенг жамоатчилик ҳам бирдек кураш олиб боришимиз, аҳолининг тиббий ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришимиз, ўйлайманки, кўзланган натижага эришишимизда муҳим омил бўлади. Қолаверса, бу борада депутатлар — халқ вакиллари кўмагида парламент назоратининг таъсирчан усулларидан фойдаланилиши долзарб аҳамият касб этади.

Йиғилишда эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ана шундай ўта муҳим масала ечимига қаратилган ташкилий чора-тадбирлар доирасида ҳар ойда бир маротаба Бухоро вилоятига бириктирилган депутат бошчилигида биттадан туманда рейдлар ўтказилиши, ҳар чоракда Халқ депутатлари вилоят Кенгашига тиббиёт муассасаларида таъмагирлик ва коррупцияга қарши кураш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама учун киритилиши ҳамда тегишли қарор қабул қилиниб, ижросини назорат қилишга келишиб олинди. Шунингдек, Олий Мажлис қуйи палатасида бир йилда бир маротаба соғлиқни сақлаш вазирининг таъмагирлик ва коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилган ишлари бўйича парламент эшитуви амалга оширилади.

Йиғилишда тиббиёт соҳасидаги муаммоларни бартараф қилиш, таъмагирлик ва коррупцияга қарши курашишнинг бундай самарали усулини республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам тизимли равишда амалиётга татбиқ этиш мамлакатимизда бу борада юритилаётган ислоҳотларнинг таъсирчанлигини янада оширишга хизмат қилиши қайд этилди.


Кўришлар сони: 1830

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими