Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш масаласи парламент муҳокамасида

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш масаласи  парламент муҳокамасида

2018 йил 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссиянинг 2018 йилда амалга оширган ишлари сарҳисоб қилинди.

Қайд этилганидек, комиссия ўз фаолиятини Олий суд, Судьялар олий кенгаши, бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар билан ҳамкорликда, очиқ ва ошкора тарзда амалга ошириб келмоқда. Комиссия иш режасидан келиб чиқиб, ўтган вақт мобайнида суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақилигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди. Комиссия аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳамда Судьялар олий кенгашига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган, суд ҳокимияти ёки судьяларнинг мустақиллигига таъсир кўрсатаётган омиллар кўрсатиб ўтилган мурожаатларга оид умумлашмалар таҳлил қилинди ҳамда Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар жараёнида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, аҳоли ҳамда судьялар билан учрашувлар, судьялар ўртасида аноним сўровлар ўтказилди. Судларнинг кадрлар, бинолар, моддий-техник таъминоти ҳолатлари ўрганилди. Ўрганиш натижалари ўтган қисқа давр ичида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ижобий ишлар амалга оширилганини кўрсатди. Шу билан бирга, одил судловга салбий таъсир ўтказадиган омилларни тўлиқ бартараф этиш юзасидан қатор вазифаларни ҳал қилиш зарурати мавжудлиги аниқланди.

Комиссия томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) кенгашлари томонидан эшитувга доир услубий тавсиялар ишлаб чиқилди ҳамда тегишли халқ депутатлари кенгашларига етказилди.

Йиғилишда шунингдек, мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган судларнинг бинолар, моддий-техник жиҳатдан таъминлангани ҳолати юзасидан Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги вакиллари ахбороти ҳам эшитилди.

Уларда таъкидланганидек, Фармон талабидан келиб чиқиб, қисқа муддатда мутасадди идора ва ташкилотлар билан биргаликда янгидан ташкил этилган 213 та маъмурий, 71 та иқтисодий, жами 284 та судлар тегишли тартибда жойлаштирилди. 2018 йилда судлар учун қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 35 та объект учун 47 миллиард 600 миллион сўм ажратилган. Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси Молия вазирлиги билан биргаликда янгидан ташкил этилаётган судлар, шунингдек, Олий суд ҳузуридаги департамент ва унинг ҳудудий бўлимлари жойлаштирилиши, мебель, компьютер техникаси, алоқа воситалари билан жиҳозланиши ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимларини таъминлаш учун 2017 йилда 32,4 миллиард, 2018 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 34,5 миллиард сўм, жами 66 миллиард 577 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Умуман, суд органлари учун бюджет маблағлари ҳисобидан 2018 йилда 214.5 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Йиғилишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан бир қаторда, ҳали ечимини кутиб турган масалалар ҳам атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, вилоят миқёсидаги маъмурий судларнинг аксарияти жиноят ишлари бўйича судлар биноларида, туманлараро иқтисодий судлар эса, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар биноларида жойлаштирилгани судларнинг фаолиятига салбий таъсир қилаётганига эътибор қаратилди. Мазкур бинолар аксарият ҳолда суднинг рисоладагидек иш фаолиятини таъминлаш бўйича талабларга жавоб бермаслиги қайд этилди.

Комиссия йиғилишида Президентимизнинг номи юқорида келтирилган Фармонида Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига бу борада бир қатор вазифалар юклатилгани, бироқ ҳанузгача судларнинг бинолар, моддий-техник таъминоти борасида қатор вазифалар тўлақонли ҳал этилмагани алоҳида таъкидланди.

Мажлисда ушбу масалаларни истиқболда тезроқ ҳал этиш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, судларнинг амалда мустақиллигини таъминлаш ҳамда улар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Шу нуқтаи назардан, комиссия томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига судларнинг бинолар, моддий-техник таъминоти борасида сусткашликка йўл қўяётган айрим вилоятлар ҳокимларига парламент сўровини тайёрлаш ҳамда ушбу масалани парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш тавсия этилди.

Ўз навбатида, бу борада Вазирлар Маҳкамасига, Молия вазирлигига, ҳокимликларга тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар инобатга олиниб, комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 2308

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими