Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли муҳофазаланади

Хориждаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатлари  ишончли муҳофазаланади

Мамлакатимиз ҳаётида жиддий ўзгаришлар юз бераётган, жамиятимизнинг турли жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар тобора чуқурлашаётган ҳозирги муҳим паллада хорижий давлатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва юқори босқичга кўтариш биз учун нафақат амалий, балки стратегик аҳамият касб этади.

Ана шу жараёнда ташқи сиёсат билан шуғулланувчи ташкилот ва идораларнинг, хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи консуллик муассасалари муҳим роль ўйнайди.

Қайд этиш жоизки, мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги консуллик муассасалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи асосий ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Консуллик устави ҳисобланади. Консуллик устави, таъбир жоиз бўлса, хорижий мамлакатлардаги консулларимиз учун Бош қомус десак, асло муболаға бўлмайди.

Амалдаги Консуллик устави 1996 йил 29 августдаги қонун билан тасдиқланган бўлиб, уни ўтган 22 йил давомида миллий қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, шунингдек, ҳозирги кунда мамлакатда шаклланган амалиёт, хорижий тажриба ва халқаро ҳуқуқ нормаларини инобатга олган ҳолда такомиллаштиришни давр тақозо этмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишга киритиш учун тайёрланаётган Консуллик уставининг янги таҳрирдаги лойиҳаси айнан шу мақсадда ишлаб чиқилган.

Айни кунларда мазкур ҳужжат лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг фракция ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳида қизғин муҳокама қилинмоқда. Депутатларнинг фикрича, «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг ижроси доирасида ишлаб чиқилган Консуллик уставининг янги таҳрирдаги лойиҳасида бир қатор принципиал жиҳатдан янги қоидалар ўз аксини топмоқда.

Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Қодир Жўраевнинг фикрича, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури»да кўзда тутилган мақсад-вазифаларга тўлиқ мос. Ҳужжат консуллик фаолиятини амалга оширишнинг, консуллик мансабдор шахслари ўз вақтида ҳар томонлама консуллик-ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш орқали чет элда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, юридик шахсларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш бўйича функцияларининг ҳуқуқий-ташкилий асосларини белгилаб беради.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Ойбек Жумаевнинг фикрича, Консуллик уставининг янги таҳрирдаги лойиҳасида консуллик муассасалари ҳуқуқий мақоми ва тоифаларининг аниқ ифодалаб берилгани, консуллик муассасасини очиш ҳамда консуллик имтиёз ва иммунитетларидан фойдаланиш тартибининг ўз аксини топгани консуллик муассасалари томонидан уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларнинг тўлиқ бажарилишига яқиндан ёрдам беради.

ХДП фракцияси аъзоси Феруза Эшматованинг фикрича, ҳужжатда Консуллик ҳаракатларининг аниқ кетма-кетлигини белгилаш орқали консуллик функциялари тоифалари аниқлаштирилмоқда. Хусусан, ҳужжатда консуллик округи ҳудудидаги Ўзбекисон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритиш, консуллик округи ҳудудида ушлаб турилган, қамоққа олинган ёхуд бедарак йўқолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида фуқароларимиз шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва бериш, визаларни расмийлаштириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига давлат ҳокимияти органларига сайловлар ўтказилишида сайлов ҳуқуқларини ва Ўзбекистон Республикаси референдумида иштирок этиш ҳуқуқини амалга оширишда кўмаклашиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича консуллик функциялари аниқ ва батафсил тавсифлаб берилаётгани айни муддаодир. Бу эса, хорижий мамлакатларда фуқароларимиз ва юридик шахслар ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини беради.

“Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзоси Акмал Умрзоқовнинг таъкидлашича, Консуллик устави лойиҳасида, айниқса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида шахсини тасдиқловчи ҳужжатини йўқотган ёхуд консуллик округи ҳудудида яшаш учун зарурий маблағларсиз қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига кўмаклашиш бўйича консуллик функциялари аниқ ифодалаб берилгани муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддаси (“Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”) ва 22-моддаси (“Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди”) билан тўлиқ ҳамоҳангдир. Мазкур норма орқали фуқароларга зарур ҳолларда молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятининг мустаҳкамланиши Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакатнинг чет элдаги муассасаларига ҳамда умуман, давлат органлари тизимига ишончини янада кучайтиради. Уларда ҳар қандай форс-мажор ҳолатда ҳимояланганлик туйғусини мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлик гуруҳи аъзоси Қобилжон Носировнинг айтишича, Консуллик уставининг янги таҳрирдаги лойиҳасида санитар, фитосанитар ҳамда ветеринар ҳимоя соҳасида консуллик ҳаракатларининг ўз аксини топгани консуллик округи доирасида карантинли юқумли касалликлар ва ўсимликлар зараркунандалари, ўсимликлар касалликларини қўзғатувчилар, карантин аҳамиятига эга бегона ўсимлик-ўтлар пайдо бўлган тақдирда, ҳайвонларнинг умумий касалликлари тарқалиши хавфи бўлган ёки тарқалган, шунингдек, инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган касалликлар тарқалиши хавфи бўлган ёки тарқалган ҳолларда консуллик мансабдор шахслари томонидан Ўзбекистон Республикасининг тегишли органлари ва фуқароларини бу ҳақда ўз вақтида огоҳлантириб, тегишли эҳтиёт чораларини кўриш имконини беради.  

Бир сўз билан айтганда, депутатлар Уставнинг янги таҳрирдаги лойиҳасига киритилган принципиал нормаларни маъқуллаб, унинг халқаро консуллик ҳуқуқи норма ва тамойилларининг Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига имплементациясини чуқурлаштириш, мамлакатимиз консуллик мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини таъминлаш, уларнинг масъулияти ва улар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини оширишдаги аҳамияти юқори эканини қайд этдилар. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини, унинг фуқаролари ва юридик шахслари ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини ишончли муҳофазалашга ёрдамлашади.


Кўришлар сони: 148

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2018
ЕХҲТ парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашув

Бугун Ўзбекистон ташқи сиёсат борасида яқин ва узоқ давлатлар қатори халқаро ташкилотлар билан ҳам...

20.11.2018
Ўзбекистон парламент делегацияси Тожикистонда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги...

20.11.2018
Конституция – бахтимиз қомуси

Конституция қомусий ҳужжат сифатида давлатнинг асосий қонуни ҳисобланади. У давлат тузилиши, унинг...

Тадбирлар тақвими