Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш — парламент эътиборида

Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш —  парламент эътиборида

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган  Мурожаатномасида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш    бўйича кенг кўламли ишлар бошлангани, мазкур соҳадаги ислоҳотларни давом эттириш зарурлиги таъкидланган эди. Мазкур соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш мақсадида Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссиясини ташкил қилиш таклиф этилганди. 

Шу муносабат билан жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари Кенгашининг қўшма қарори билан Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия тузилди. Депутатлар ва сенаторлардан иборат  таркибда шакллантирилган мазкур комиссиянинг асосий вазифалари этиб суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга қаратилган қонун ҳужжатлари ижроси устидан тизимли мониторингни амалга ошириш, мавжуд муаммоларни, соҳага оид қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилиш, одил судловни амалга оширишга ҳамда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллигига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни аниқлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг суд ҳокимияти ва судьялар мустақиллигини таъминлаш борасидаги тажрибасини ўрганиш белгиланди.

2018 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда комиссиянинг жорий йил учун тасдиқланган иш режасида белгиланган вазифалар ҳамда тадбирлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди.

— Хабарингиз бор, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 13 июндаги суд органлари ходимлари билан учрашувдаги нутқида мамлакатимизда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борадаги камчилик ва муаммолар тўғрисида, уларни ҳал этиш йўллари ҳақида қимматли фикрлар билдирилган эди, — дейди комиссия аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат ПОЛВОНОВ. — Хусусан, судьялар ўзи фаолият олиб борган ҳудудда яшаётган аҳолининг, хусусан, судга иши тушган одамлар, кенг жамоатчиликнинг фикри, албатта, ҳисобга олиниши лозимлиги, бунинг учун суд раислари ўз фаолияти юзасидан маҳаллий кенгашларда ахборот бериши кераклиги баён қилинган эди. Ўтган вақт мобайнида давлатимиз раҳбари илгари сурган фикрлар асосида ишлаб чиқилган тартиб-таомиллар амалдаги қонунчиликда ҳам акс эттирилди. Эндиликда ана шу ислоҳотлар, қонунчиликка киритилган янгиликлар натижасида судлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар рўй берди. Ҳозирда судлар жойларда фақат ишларни кўриш билан чегараланмасдан аҳоли билан учрашмоқда, суд жараёнлари жойларга чиққан ҳолда сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда. Суд раислари ўз фаолиятлари юзасидан тегишли Халқ депутатлари Кенгашларига ахборотлар тақдим этиб бориши қонунларда ўз ифодасини топди.

Таъкидланганидек, парламент қуйи палатасида қатор қонун ҳужжатларига тегишли судлар раисларининг ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан уларнинг ахборотини эшитиш бўйича ўзгартишлар киритилгани муносабати билан бундай ахборотни эшитиш механизмларини назарда тутувчи тавсиявий характерга эга ҳужжат ишлаб чиқилди.

Комиссия йиғилишида ана шу ҳужжат — Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг ахборотларини эшитиш бўйича ишлаб чиқилган Услубий тавсиялар атрофлича муҳокама қилинди.

— Бугун Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ соҳасига катта эътибор қаратилаётганини кўриб-билиб турибмиз, — дейди комиссия аъзоси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ. — Боиси, судларнинг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни тўлақонли амалга оширишларига шароит яратиш ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга ёрдам беради. Бунда комиссиямизнинг бугунги йиғилиши кун тартибига муҳокама учун киритилган Услубий тавсияларнинг ҳам аҳамияти жуда катта. Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади маҳаллий Кенгашлар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг тегишли судларнинг фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликларини, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш фаолиятига доир ахборотини эшитишни сифатли, тартибли ўтказишга кўмаклашишдан иборатдир. Унда суд раисларининг ахборотини эшитишнинг тартиб-таомилларидан тортиб, ташкилий жиҳатларигача — барча жараёнлар аниқ-тиниқ ҳисобга олиниб, баён қилинган.

Йиғилишда мазкур ҳужжатни муҳокама қилиш билан бирга, 2019 йил февраль ойигача мамлакатимизнинг барча ҳудудларида суд раисларининг маҳаллий Кенгашларда ахборот беришини таъминлашга келишиб олинди.

Комиссия йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил   21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида Вазирлар Маҳкамаси, Молия вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари зиммасига юклатилган, яъни белгилаб берилган вазифаларнинг бажарилиши ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, судларнинг бинолар, автотранспорт воситалари, моддий-техник таъминоти борасида қатор вазифалар тўлақонли ҳал этилмаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шундан келиб чиқиб, комиссия томонидан мазкур Фармон ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳар тарафлама чуқур ўрганишлар ўтказишни қуйи палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига тавсия қилди.

Мажлисда Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссиянинг келгусидаги вазифалари ҳақида тўхталиб, кўриб чиқилган масалалар бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар инобатга олиниб, тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 4132

Депутатлар минбари

Янгиликлар

22.10.2019
ДЕПУТАТЛАР ҲУКУМАТ АЪЗОЛАРИГА ПАРЛАМЕНТ СЎРОВИНИ ЮБОРИШГА ҚАРОР ҚИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрда бўлиб ўтган мажлисида депутатлар қонун ло...

22.10.2019
МИГРАНТЛАР МАНФААТЛАРИ ҲАМ ҚОНУНИЙЛАШТИРИЛМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 22 октябрдаги мажлисида депутатлари бугунги кунда ҳамманинг...

22.10.2019
ТУШОВИ УЛОВИДАН ҚИММАТ БЎЛМАЙДИ

Аввал хабар берганимиздек, «Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати...

Тадбирлар тақвими