Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Депутатлар экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масаласини халқ билан кенгашмоқда

Депутатлар экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масаласини халқ билан кенгашмоқда

2018 йил 7 сентябрь куни Бухоро вилояти Ғиждувон туманида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш, сув муҳофаза зоналари тартибига риоя этишни таъминлаш, мазкур соҳада юридик ва жисмоний шахсларнинг масъулиятини оширишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 29 июнь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташрифи якунларига бағишланган кенгайтирилган мажлис баёни қарорига асосан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатига барча манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда сув ресурсларини муҳофаза қилиш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, унинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги иншоотлари ва қурилмаларини шикастлантириш, фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган Ўзбекистон Республикасининг «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Аслида мамлакатимизда ушбу экологик муаммони бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди.

Қарор билан маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида яхлит тизим яратилди. Мазкур тизим ҳосил бўладиган маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиб кетиш қамровини тубдан кенгайтирди ҳамда юридик ва жисмоний шахсларга соҳада сифатли хизмат кўрсатишга шароит яратди. Шаҳар, қишлоқларда ва бошқа аҳоли пункларида чиқиндиларни ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши, ушбу ҳудудларнинг санитар ҳолатини яхшиланиши ва обод бўлишига хизмат қилмоқда. Аммо, аҳолининг ва юридик шахсларнинг маиший, қурилиш, тиббий, биологик чиқиндиларни белгиланган жойларга ташламаслиги ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлишига олиб келмоқда. Соҳада олиб борилган мониторинги натижалари кўрсатишича, аҳоли пунктлари ҳудудларида санитар ва экологик ҳолат ёмонлашувининг сабабларидан бири чиқиндиларни майдонлар, кўчалар, суғориш тармоқлари ичига, сув муҳофаза зоналарига, дарё бўйларига, аҳолининг маданий-маиший дам олиш ҳудудларига ташланиши билан боғлиқ. 2018 йил 1 июнь ҳолатига кўра, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ноқонуний ташлаш бўйича 13,1 мингта (2017 йилда – 6,3 мингта) ҳолат аниқланган.

Амалдаги қонунчиликда рухсат этилмаган жойларга чиқиндиларни ташлаганлик учун шахсларни жавобгарликка тортиш механизми мавжуд эмаслиги боис, «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонунга фуқаролар томонидан чиқиндиларни белгиланмаган жойларга жойлаштириш ва чиқариб ташлашни тақиқловчи норма киритиш муҳим аҳамиятга эгалигини давр тақозо этмоқда. Юридик шахсларга аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига, йўл чеккаларига, йўлларнинг қатнов қисмига қурилиш ва маиший чиқиндиларни ташланишини ва жойлаштирилишини олдини олиш мажбуриятларини белгилаш ҳам лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга рухсат этилмаган жойларга қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларни ташлаш, суюқ чиқиндиларни тўкканлик учун жавобгарликни оширишни назарда тутувчи норма киритилиши ҳам муайян натижа бериши мумкин. Бу борада, айниқса, аҳолининг экологик-ҳуқуқий билимини бойитиш, масъулиятини ошириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш муҳим масалалардан ҳисобланади.

Тадбирда яна бир оғриқли масала хусусида сўз юритилди.

«Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига асосан, сувни муҳофаза қилиш зоналарининг, соҳилбўйи минтақаларининг, сув объектлари санитария муҳофазаси зоналарининг ҳамда ерусти ва ерости сувлари ҳосил бўлиш зоналарининг режими, яъни соҳилбўйи минтақаларида сув хўжалиги объектларини қуришдан ташқари, ҳар қандай турдаги қурилиш тақиқланган. Лекин жойларда қонуннинг мазкур талабига риоя этмаган ҳолда сув муҳофаза минтақаларида яшаш учун мўлжалланган бинолар ва умумий овқатланиш объектлари ва бошқа қурилишлар амалга оширилган, ҳозирги кунда ҳам қурилиш ишлари давом этмоқда.

Қирғоқ бўйида жойлашган, ўзбошимчалик билан қурилган объект ва иншоотлардан дарё ва сой ўзанларига маиший ва бошқа чиқиндилар, шу жумладан оқова сувлар ташланмоқда. Бунинг оқибатида, бевосита инсон ҳаёти ва соғлиғига, атроф-муҳитга хавф туғилмоқда. Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, биргина Ғиждувон туманидан оқиб ўтувчи Пермас, Қалқонрўд каналлари ва Мавланиён коллекторлари сув муҳофаза зоналарида аҳоли ва ташкилотлар томонидан 50 дан ортиқ уй-жой, овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар бунёд этилган.

Тадбирда сув муҳофаза зоналарида бу каби ноқонуний қурилмалар қурилишининг олдини олиш, аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш сув ресурслари муҳофаза қилишга, ҳудудларда санитар ҳолатни янада яхшилашга хизмат қилиши таъкидланди.

Тадбирда, шунингдек, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслар томонидан ундан тежамкорлик билан фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан, шу жумладан ичимлик сувдан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчиларнинг қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалари тингланиб, таклифлари олинди.


Кўришлар сони: 189

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2018
Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамланиш — эътибор марказида

2018 йил 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Европада Хавфсизлик...

25.09.2018
Унумдорлик меҳнат муҳофазаланган жойда бўлади

Юртимизда меҳнат муҳофазаси — энг кўп эътибор қаратилаётган масалалардан бирига айланмоқда. Иш жойларида...

25.09.2018
Мавсумий ишлар ихтиёрийлик касб этмоқда

АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан 2018 йил 20 сентябрь куни эълон қилинган болалар меҳнатининг ёмон...

Тадбирлар тақвими