Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси амалда

Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси амалда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан  2018 йил 8 августда қабул қилинган “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармон норма ижодкорлиги соҳасини замонавий инновацион ғоя ва усуллар асосида тубдан ислоҳ қилишни таъминловчи, том маънодаги тарихий ҳужжат бўлди.

2018 йил 16 август куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида
мазкур фармонга асосан тузилган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов раҳбарлигидаги Комиссиянинг кенгайтирилган таркибдаги биринчи ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Комиссия аъзолари, депутатлар, Президент девони, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, шунингдек Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасида белгиланган ташкилот ва идоралардан масъуллар ҳамда журналистлар қатнашди.

Йиғилишда Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясининг аҳамияти, мазмун-моҳияти, уни рўёбга чиқариш бўйича Амалий чора-тадбирлар режасида белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш, бунда Комиссиянинг олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди. Масъул ижрочилар томонидан вазифа ва топшириқларни сифатли ижро этиш тартиби, муддатлари ва механизмлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси доирасида ишлаб чиқилиши назарда тутилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини етакчи ҳуқуқшунос олимлар, малакали мутахассислар, фуқаролик жамияти институтларининг вакилларини кенг жалб этган ҳолда, энг илғор хорижий тажрибани ҳисобга олиб тайёрлаш лозимлигига эътибор қаратилди.

Концепцияни амалга оширишда қонунчиликнинг амалдаги ҳолати, мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиш натижасида қонунчилик базасини тизимлаштириш, ҳар хил идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш, асоссиз чекловлар, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар, эскирган тартибга солиш механизмлари мавжуд бўлган қонун ҳужжатларини хатловдан ўтказиш бўйича истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Комиссия аъзолари таъкидлашича, Фармонга мувофиқ бундан кейин қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини қўллаш, улар кучга кирган пайтдан эътиборан ижросини ташкил этиш юзасидан қўшимча ички идоравий ҳужжатлар қабул қилишга доир мажбуриятлар юклатилмайди. Соҳага замонавий ахборот-коммуникацияларини кенг жорий этиш орқали қоғозбозлик, бюрократизм ва буйруқбозлик кабиларга буткул чек қўйилади.  

Иштирокчилар норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш мақсадида “ақлли тартибга солиш” модели элементлари қўлланилиши эвазига ҳар бир норматив-ҳуқуқий ҳужжатни аниқ ҳисоб-китобга таяниб, илмий асосланган ҳолда ишлаб чиқишни йўлга қўйиш борасида фикр алмашдилар.

Тарқоқ ҳолдаги кўплаб идоравий ҳужжатлар ўрнида тизимлаштирилган қонунчилик базасини шакллантириш бўйича таклифлар илгари сурилди. 

Шунингдек, “Қонун ҳужжатларининг таъсирчанлигини баҳолаш тизими” порталини Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимига интеграциялашнинг истиқболлари муҳокама этилди.

Юртбошимиз илгари сурган “Қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган тамойил асосида фуқароларнинг норма ижодкорлиги жараёнидаги бевосита иштирокини таъминлаш механизмларини, хусусан, фуқароларнинг жамоавий ташаббусларини электрон тақдим этишга мўлжалланган «Mening fikrim» веб-портали, regulation.gov.uz норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали кабиларнинг имкониятларини янада кенгайтириш масаласи Комиссия аъзолари томонидан атрофлича таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан мазкур Фармон мазмун-моҳияти, унинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларни жамоатчиликка етказиш мақсадида туркум семинарлар ташкил этилишига келишиб олинди.

Қизғин мунозаралар руҳида кечган йиғилиш якунида тадбир иштирокчилари Комиссия аъзолари олдида турган муҳим ишлар, масъул ижрочилар зиммасига юклатилган вазифалар белгилаб олинди.

 

Раҳимжон ҲАКИМОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори:

— Бугунги йиғилишда Олий Мажлис зиммасига юклатилган алоҳида вазифалар билан бир қаторда, парламентнинг Вазирлар Маҳкамаси билан биргаликда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиётини ишлаб чиқиши бўйича ҳам амалий фикрлар билдирилди.

Яна бир муҳим масала шуки, қонунларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида эндиликда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиладиган қонун лойиҳаларига уларнинг ташаббускорлари томонидан қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тарғиб қилиш ҳамда амалга ошириш масалаларини ўз ичига олган тадбирлар режаси ҳам илова қилиниши амалиёти йўлга қўйилади.

Фарруҳ ҚОРАБОЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги бошқармаси бош мутахассиси:

— Комиссиянинг кенгайтирилган йиғилишида Концепцияда белгиланган вазифаларни амалиётга самарали татбиқ қилиш масалалари эътибор марказида бўлди. Жумладан, таҳлилларга кўра, бугунги кунда   норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан билдирилаётган фикр-мулоҳазаларнинг атиги 12,7 фоизигина ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқаётганлардан томонидан кўриб чиқилган, холос. Йиғилишда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг таклифлари инобатга олиниши шарт этиб белгилаш масаласи кўтарилди.

Шунингдек, айни пайтда норматив ҳужжатларни баҳолашда фақатгина regulation.gov.uz портали имкониятлари билан чекланиляпти. Ваҳоланки, ривожланган хориж мамлакатларида бундай тизимнинг бир қанча усулларидан фойдаланилади. Шундан келиб чиқиб, айнан баҳолаш борасида алоҳида давлат идорасини масъул этиб белгилаш мақсадга мувофиқлиги таклифи билдирилди. Ушбу йўналишда ҳам эндиликда самарали тизим йўлга қўйилади. 

Кўришлар сони: 6609

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.08.2019
Парламентда ахборот тарқатиш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ҳолати муҳокама қилиниши ражалаштирилмоқда

2019 йил 17 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. ...

16.08.2019
Атроф табиий муҳит мониторинги ишлари 390 та саноат корхоналарида олиб борилди

Атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида...

16.08.2019
Қизириқлик тадбиркор ва фермерлар бу йил қандай натижаларни қўлга киритди?

Ҳар йили юртимизда мустақиллик куни ўзгача шодиёна билан нишонланади. Анъанага кўра, байрам олдидан...

Тадбирлар тақвими