Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Хориждаги ўзбек интеллигенцияси Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшмоқда

Хориждаги ўзбек интеллигенцияси Ўзбекистон тараққиётига ҳисса қўшмоқда

Алберт Эйнштейннинг фикрича: “Дунёда икки нарсанинг чегараси йўқ: бири коинот, иккинчиси — бемаънилик. Зеро, биринчисининг чексизлигига бироз шубҳам бор”.

Буюк олимнинг фикрига қўшилмасликнинг сира иложи йўқ. Лекин ана шу фикрни ривожлантириб айтиш мумкин бўлган гапни баён этиш мумкин.

Заминнинг усти ва қаъридаги бойликлар халқни узоқ йиллар боқиши мумкин. Бироқ у мангу эмас: қачондир камайиши, тугаши турган гап. Бироқ инсон тафаккури, онгу заковати, интеллектуал салоҳияти битмас-туганмас бойлик ҳисобланади.

Қайсики мамлакат ривожланган бўлса, аксарият ютуқларнинг барчасига ана шу заковат туфайли эришилган.

Ўзбекистон — азалдан буюк инсонлар, мутафаккирлар, олимлар, ақл пеш, закий алломаларга бешик бўлиб келган. Бугун ҳам ушбу заминда саноқсиз интеллект соҳиблари бор. Уларнинг бир қисми, тақдир тақозоси билан, хорижда яшаб, ишлаб юрибди. Жаҳонга “тариқдек сочилиб кетган” ана шу юртдошларимиз ҳам кейинги пайтларда Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида бирлашиб, юрт равнақига ҳисса қўшиш учун бел боғламоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев республикада давлатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида кенг кўламли, шиддаткор ислоҳотларнинг ўтказилишини асосий мақсад сифатида эътироф этиб, уларни жадаллик билан амалга оширишга киришди. Бу борада давлатнинг барча профессионал ва ақлий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шунингдек, мазкур мақсадлар йўлида хорижий мамлакатларда яшаб-фаолият юритаётган ва ўз соҳасида жиддий ютуқларга эриша олган ўзбекистонликларни ҳам жалб этиш ташаббусини илгари сурди. 

“Буюк келажак” ташкилоти — ана шу ташаббус меваси сифатида юзага келди.

2018 йил бошида мазкур ташкилот экспертлари кенгаши шакллана бошлади. Қизиғи, юртимиз тараққиётига бефарқ бўлмаган, халқаро компанияларда фаолият юритаётган ҳамда ҳуқуқ, молия, саноат, фан, таълим, тиббиёт, ижтимоий муносабатлар, давлат бошқаруви соҳаларида етакчи мутахассислар ҳисобланган ўзбекистонлик экспертлар ҳам ушбу кенгашда иштирок этишини маълум қилиб, рағбат билдирди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда туғилиб, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган, таҳсил олаётган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган кўплаб фидойи юртдошларимиз томонидан қисқа муддатда ташкил этилган “Буюк келажак” ташкилоти жорий йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида халқаро нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилди.

Мазкур тузилма юрт ривожи учун ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган, ўз инновацион ғояларини мамлакатимиз саноати ва ишлаб чиқариши, шунингдек, илмий соҳасида татбиқ этишни мақсад қилган чет элларда яшаётган ватанпарвар юртдошларимизни ўз атрофига бирлаштиради. 

“Буюк Келажак” экспертлари кенгашининг бош мақсади мамлакат раҳбарияти учун Ўзбекистонни 2035 йилгача узоқ муддатли ривожлантириш модели бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва тайёрлаб беришдан иборат. 

Жорий йил 28-30 июнь кунлари пойтахтимизда ташкилотнинг илк йирик тадбири — “Ўзбекистон 2035” форуми ўтказилди. Унда ташкилот қошидаги экспертлар кенгаши фаолиятини профессионал даражада шакллантириш, халқаро консальтинг компаниялари иштирокида Ўзбекистоннинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини ишлаб чиқишдаги асосий йўналишлар муҳокама қилиниб, кенгаш аъзоларидан иборат иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва ижтимоий соҳа йўналишида ишчи гуруҳларини тузиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Экспертлар кенгашига аъзо бўлган қатор экспертлар аниқлаб олинди. Россия, АҚШ, Буюк Британия, Бельгия ва яна кўплаб бошқа хорижий давлатларда ҳамда Яқин Шарқ мамлакатларида яшаётган ўзбекистонликлар Кенгаш таркибига кирди. 

Дунё кўрган, ўз соҳасида етук билимга эга, хорижий тажрибани пухта эгаллаган бундай юртдошларимизнинг илғор фикрлари, қарашлари, ташаббуслари, қатъияти ҳамда Ватанимиз тараққиёти йўлидаги жонбозлиги яқин келажакда самара беради, албатта. Аждодлари қони тортган, палаги шу заминда илдиз отган миллатдошларимиз чет эллардаги муваффақиятларини кўпайтириш асносида билим ва салоҳиятини ўз Ватани ривожи йўлида сарф этиши савоб, айни пайтда халқимиз олдидаги фарздандлик бурч ҳамдир.

 

***

2018 йил 6 август куни “Буюк келажак” ташкилоти вакиллари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ҳам бўлиб, учрашув ўтказди.

Унда давлат ва жамият қурилиши, мамлакат иқтисодиёти, маданий-маърифий соҳаларни тараққий эттириш, қонунчиликдаги ислоҳотларни чуқурлаштириш ва бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди.


Кўришлар сони: 402

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2018
Ангорликларни қийнаб келаётган муаммолар туман сессиясида муҳокама этилди

Ўтган қисқа вақт мобайнида Президентимизнинг мазкур топшириғини тўла-тўкис бажариш мақсадида воҳада...

12.10.2018
Ўзбекистон – БМТ: тинчлик ва барқарорлик сари ҳамкорлик

Хавфсизликнинг замонавий таҳдидларига қарши кураш, оммавий қирғин қуролларини тарқалишининг олдини...

11.10.2018
Евросиё парламентлари спикерларининг III йиғилиши самарали кечди

Жорий йил 8-10 октябрь кунлари Туркия Республикасининг Анталия шаҳрида Евросиё парламентлари спикерларининг...

Тадбирлар тақвими