Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қўшма йиғилишда муҳим масала муҳокама этилди

Қўшма йиғилишда муҳим масала муҳокама этилди

2010 йил 28 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциялари ташаббуси билан қуйи палатанинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари ҳамкорлигида давра суҳбати ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, экспертлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда асосий эътибор Президентимиз И.Каримовнинг БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган саммитидаги сўзлаган нутқига, хусусан, унда тилга олинган Марказий Осиёда барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш, хавфсизликни таъминлаш, экологик муаммоларни ҳал қилиш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш масалаларига қаратилди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари нутқида кўтарилган муаммолар ва уларни ечиш бўйича олға сурилган таклифлар БМТ саммити қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотган. Бинобарин, Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида алоҳида қайд этганидек, БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда жиддий тўсиқлардан бири — дунёнинг турли ҳудудларида давом этаётган урушлар ва тўқнашувлар бўлиб, бунга Афғонистондаги ҳозирги ҳолат мисол бўла олади.

Ўзбекистоннинг бу соҳадаги қатъий позицияси шундан иборатки, Афғонистонда барқарорликни ҳарбий куч билан амалга ошириб бўлмайди. Бунда Афғонистонда тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлларини излашда Ўзбекистон томонидан 2008 йилдаёқ таклиф этилган БМТ шафеълиги остида 6+3 контакт гуруҳининг тузилиши муҳим ўрин тутиши мумкин.

Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятнинг диққатини жорий йилнинг июнь ойида Қирғизистонда бўлиб ўтган фожеавий воқеаларга қаратди. Бўлиб ўтган хунрезликлар миллатлараро низо бўлмай, балки учинчи кучлар томонидан пухта ўйлаб ташкил қилинган воқеалардир. Шу сабабли Қирғизистон жанубида содир этилган хунрезлик ва зўравонликлар бўйича мустақил халқаро текширув ўтказиш, ушбу қонли ваҳшийликларнинг барча буюртмачилари, ташкилотчилари ва ижрочиларини жавобгарликка тортиш янада муҳим вазифа ҳисобланади.

Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда, шунингдек экологик ҳимоя ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Орол бўйида экологик ҳолатнинг ёмонлашиши нафақат ҳудуддаги экотизимнинг бузилишига олиб келади, балки сув танқислигига ҳам сабабчи бўлади. Бу муаммолар минтақадаги давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорликда ишлашини талаб қилади.

Ўзбекистон ўз ривожланиш йўлида ишончли қадам ташламоқда. Янги корхоналар ишга туширилмоқда, иш ўринлари ташкил қилинмоқда, янги қишлоқ врачлик пунктлари очилмоқда, лицей, коллеж ва замонавий спорт иншоотлари қурилмоқда. Ушбу ютуқлар, шубҳасиз, Минг йиллик ривожланиш мақсадларида белгиланган устувор вазифаларни ечишда муҳим аҳамиятга эгадир.

Давра суҳбати иштирокчилари шу ва бошқа масалалар баёнида Юртбошимизнинг Марказий Осиёдаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, БМТнинг Минг йиллик ривожланиш мақсадларини амалга оширишда Ўзбекистон ҳиссасини янада кучайтиришга қаратилган юртбошимизнинг ташаббусларини амалга ошириш борасида парламентнинг фаоллигини ошириш йўллари тўғрисида атрофлича фикр алмашдилар.



Кўришлар сони: 8489

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими