Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Сиёсий партиялар: Баландпарвоз гаплардан — амалий ишларга

Сиёсий партиялар: Баландпарвоз гаплардан — амалий ишларга

Поёнига етиб бораётган йилда юртимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, одамлар турмуш тарзида кўплаб янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, парламент фаолиятида, сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари ишида жонланиш кузатилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунончи, давлатимиз раҳбари бундан салкам беш ой аввал Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар, уларнинг фракциялари фаолиятини жиддий танқид қилган эди. Ўтган вақт, айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан қатъий қўйилган вазифаларни бажариш учун етарли муддат бўлди, десак янглишмаймиз. Хўш, сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ҳамда самарали бажаришда нималарга эътибор қаратмоқда? Уларнинг фракциялари ташаббуси билан қандай қонун лойиҳалари парламент муҳокамасига киритилмоқда ва қабул қилинмоқда? Депутатлар, партия фаолларининг жойларда халқ билан ўтка-заётган очиқ мулоқотлари давомида қандай муаммолар ўз ечимини топаяпти?


Ойбек ЖУМАЕВ,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари ўринбосари:

— Очиғини айтиш керак, бугун сиёсий партиялар сиёсат майдонида мустаҳкам ўрин эгаллашга интилмоқда. Тўғри, улар ўртасида “даҳанаки” жанг кузатилмаслиги мумкин, бироқ соғлом рақобат кузатилаётгани айни ҳақиқат. Буни уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари, турли тадбирларда фаол иштирок этаётгани, халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга қонун лойиҳаларини дадил илгари сураётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бир фикрни қатъий айтишим мумкин, айнан Президентимиз маърузасидан сўнг нафақат бизнинг партия, балки барча сиёсий партия, мамлакатимиздаги нодавлат ва нотижорат ташкилотлари тарихида янги саҳифа, жадал суръатларда фаолият юритувчи янги механизм яратилди.

Биз янгича услубда ўз ишимизни бошладик. Аҳоли, қолаверса, электорат билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишга, бор диққат-эътиборимизни халқ билан бевосита очиқдан-очиқ мулоқот қилиш билан бирга, уларнинг муаммоларини партиявий механизмлар ёрдамида ҳал этишга киришдик. Хусусан, ҳозирги пайтгача республикамизнинг юздан зиёд туманларида сайёр қабуллар ташкил қилдик. Парламент ҳамда депутатлик назорати институтларидан самарали фойдаланмоқдамиз. Ўтган даврда фракция аъзолари томонидан 104 та, вилоят Кенгашлари депутатлари томонидан 503 та ва туман (шаҳар) депутатлари томонидан 2650 та депутатлик сўрови тегишли идораларга юборилгани бунинг амалий ифодасидир. Натижада жами сўровларнинг 80 фоизига жавоблар олинди, муаммоларнинг 60 фоизи ижобий ҳал этилишига эришилди, қолганлари эса назоратга олинди.

Фракция аъзоларининг халқ билан мулоқотини тўлиқ йўлга қўйиш мақсадида август ойидан бошлаб партиянинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида онлайн мулоқотлар йўлга қўйилди. Октябрь ойидан бошлаб эса ушбу ижтимоий тармоқда вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгашларидаги ЎзЛиДеП депутатлар гуруҳи аъзоларининг ҳам сайловчилар билан мулоқоти амалга оширилмоқда.

Сайловчилар муаммоларини ўрганиш мақсадида “Facebook” ва “Telegram” ижтимоий тармоқларида “ЎзЛиДеП мулоқотга чорлайди” — “УзЛиДеП приглашает к обсуждению”, “Депутатга савол йўлланг” гуруҳлари фаолият олиб бораяпти. Мазкур гуруҳларга республикамизнинг барча ҳудудидан турли саволлар йўлланаяпти. Уларга депутатлар бевосита онлайн мулоқот жараёнида жавоб беришаётир.

Депутатларимизнинг “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали чиқишлари етти мингдан зиёд аҳолини қамраб олган бўлса, умумий ҳисобда бу кўрсаткич 100 мингдан ошди.

Шу ўринда айтиш жоизки, фракциямиз қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда, уларнинг муҳокамасида, қолаверса, қонунчилик ташаббусида ҳам анчайин салмоқли фаолият олиб бораяпти. Мисол учун, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ижро этувчи органлар масъулиятини кучайтириш юзасидан таклифлар киритиб бориш бўйича айни пайтгача жами 72 та қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган бўлса, уларга фракция томонидан 42 та ёзма, шунингдек, 200 дан ортиқ оғзаки таклифлар тегишли масъул қўмиталарга тақдим қилинди.

Шу билан бирга, ўтган даврда қонунчилик ташаббуси асосида олиб чиқилган 23 та қонун лойиҳасининг 18 тасида айнан ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ташаббускор гуруҳ аъзолари сафидан жой олди. Бу билан чекланиб қолмай, келгуси 2018 йил учун Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларига тегишли ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш ташаббуси билан чиқишни режалаштирганмиз. Айни вақтда қатор қонунлар лойиҳалари устида самарали иш олиб борилмоқда. “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 30-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 276, 291-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Наркологик ёрдам тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ана шулар жумласидандир.

Давлатимиз раҳбари маърузасида Молия, Иқтисодиёт вазирликлари ҳамда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан тизимли ва доимий иш олиб бориш, тегишли вазирлик ҳамда идоралар фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини рўёбга чиқариш лозимлиги қатъий белгиланган эди. Бу бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Фракция томонидан ҳар бир вазирлик ҳамда қўмитанинг ўз йўналишидаги фаолиятидан келиб чиқиб, мутасадди раҳбарлари эшитувини ташкил этиш режалаштирилган. Бу шунчаки режада, қоғоздаги гапга ўхшаб туюлиши мумкин, бироқ айни пайтда жойларда бу борада партия, ҳудудий кенгашлар томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Хусусан, яқинда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан “Ургут” эркин иқтисодий зонасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди. Гувоҳи бўлинганидек, мазкур йўналишда ижобий ишлар билан бир қаторда, иқтисодий зонанинг тўлақонли фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатаётган айрим муаммолар мавжудлиги кўзга ташланди. Мисол учун, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида иш бошлаган тадбиркорлик субъектларини тегишли канализация, электр таъминоти, газ, сув таъминоти билан таъминлашда ҳал қилинмаган масалалар сақланиб қолаётгани, эркин иқтисодий зона учун ажратилган ҳудудда маҳаллий аҳоли томонидан ноқонуний қурилишлар амалга оширилаётгани аниқланди. Бу бўйича тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборилди.

Наримон УМАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” -социал-демократик партияси фракцияси раҳбари:

— Дарҳақиқат, бугун юртимизда барча соҳада жадал ўзгаришлар кузатилаяпти. Буни қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш, халқнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашини кафолатлаш, оддий одамлар билан мулоқот чоғида айрим муаммоларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар мисолида яққол кўриш мумкин. Бир қарашда, бу баландпарвоз гапдек туюлиши мумкин, бироқ бугун чиндан, замон талабларидан келиб чиқиб, тараққиётимизни янги босқичга кўтариш йўлидан дадил илгарилаяпмиз. Албатта, бунга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ.

Давлатимиз раҳбарининг парламент, сиёсий партиялар фаолиятини жиддий танқид қилгани фаолиятимизни қайта кўриб чиқишимизда муҳим омил бўлди. Масалан, пар-ламент вакиллари жорий йилнинг февраль ва июнь ойларида республикамизнинг 67 та туманига бориб, уйма-уй юриб, халқ билан бевосита мулоқот ўтказди. Учрашувлар давомида жойлардаги мавжуд аҳвол ҳамда амалдаги қонунларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ва аҳоли турмуш даражасига таъсири ўрганилди.

Хусусан, фуқароларга биометрик талабнома асосида паспорт тайёрлаш, 16 ёшга тўлган ёшларнинг биринчи марта фуқаролик паспорти олишларини таъминлашда техник воситаларнинг етишмаслиги, носозлиги сабаб бўлса-да, негадир одамлар жабрланаётгани ҳолатлари аниқланди. Кўплаб фуқаролар ўз муддатида фуқаролик паспортини алмаштирмаган ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига асосан жавобгар бўлаётгани, жарима миқдорининг қатъий аниқ санкция шаклида, яъни “энг кам иш ҳақининг уч баравари” миқдорида белгилангани аҳоли учун қийинчилик келтириб чиқараётгани маълум бўлди.

Ушбу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилганда, Наманган вилоятининг Чуст туманида 2 минг 850 нафар фуқаро амал қилиш муддати ўтган фуқаролик паспорти билан яшаётгани ёки Уйчи туманида бу кўрсаткич 1 минг 

876 нафарни ташкил этаётгани ойдинлашди. Шу билан бирга, ҳудудларда бундай -жавобгарликка тортилаётган фуқароларнинг аксарияти кам таъминланганлиги натижасида белгиланган жаримани тўлашда қийинчиликка учрамоқда.

Фуқаролар учун қулайлик яратиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг нормаларини янада либераллаштириш мақсадида қуйи палатанинг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланди. У фуқаролик паспортини расмийлаштириш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун белгиланган жазони енгиллаштиришни назарда тутиши билан аҳамиятлидир. Айни пайтда бу Қонун ҳаётга самарали татбиқ этилаётир.

Умуман айтганда, ўтган даврда фракция аъзолари 14 та қонун лойиҳаси ташаббускори бўлди. Албатта, фракция аъзоларининг қонун ташаббускорлиги ортишига депутатларнинг жойларга ҳақиқий аҳволни ўрганишга чиқишлари туртки бераяпти, дея оламиз. Шу билан бирга, партия сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳалари ҳамда Қонунчилик палатаси қарорлари лойиҳалари юзасидан партиянинг қуйи тизимидан таклифлар олиш ва умумий позицияни шакллантириш йўлга қўйилгани эътиборга молик. Чунончи, партия тизимида “Фракция — марказ — вилоят — туман” кўринишида ишлайдиган янги тартиб жорий қилингани қонун лойиҳаларини партиянинг қуйи ташкилотларида муҳокама этиш ҳамда улар бўйича таклифларни фракцияга тақдим қилишда муҳим ўрин тутаяпти.

Қайд этиш жоиз, давлатимиз раҳбари маърузасида Ўзбекистон “Адолат” СДП ва фракциясига илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш бўйича аниқ топшириқлар белгиланган эди. Бу бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Фракция ташаббуси билан халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими вазирларининг эшитуви ташкил қилинди. Унда жойлардаги ўрганишларда таълим дастурлари, ўқув-режа, ўқув-услубий адабиётлар, услубий қўлланмалар билан таъминлаш етарли эмаслиги таъкидланди. Деярли барча туманда ҳали капитал таъмирланмаган, реконструкциялаштирилмаган, ичимлик суви билан таъминланмаган, ошхона ҳамда буфет ташкил этилмаган, компьютер етказиб берилмаган таълим муассасалари мавжудлиги кўрсатиб ўтилди. Айни чоғда таълим тизимидаги ислоҳотларнинг бориши юзасидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Очиғини айтиш керак, тиббиёт соҳасидаги муаммолар оғриқли масалалардан ҳисобланади. Президентимиз бу ҳақда ҳар бир маърузасида, ҳар бир чиқишида тўхталиб ўтаяпти. Чунки соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар жуда кўп. Буни қатор ҳаётий мисоллар орқали кўриш мумкин. Чунончи, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини ўрганиш жараёнида гувоҳи бўлдикки, жойларда дорихоналар фаолиятини тўғри ташкил қилиш, уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилишини тартибга солишда айрим камчиликлар мавжуд. Бундай ҳолатни республикамизнинг деярли барча вилоятида фаолият кўрсатаётган дорихоналар мисолида кузатиш мумкин. Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича фракция томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Фикрлардан англашиладики, бугун ҳар бир сиёсий партия, унинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўз ғояси, мақсад ҳамда вазифаларини амалга ошириш учун интилмоқда. Айтиш мумкинки, бу истак чин юракдан ҳис қилинсагина, кутилган натижани беради. Аслида давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган талаб ҳам шу.

Зиёда АШУРОВА



Кўришлар сони: 638

Депутатлар минбари

Янгиликлар

12.12.2017
“Адолат” СДП фракцияси: Илм-фан, инновацияларни кенг қўллаб-қувватлаш — бош мақсадимиз

Эътироф этилганидек, 2018 йилда ҳам аввалги йиллар сингари Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг...

12.12.2017
Давлат бюджетида ижтимоий харажатларнинг устуворлиги сақлаб қолинади

Депутатлар томонидан 2018 йилда бюджет ташкилотлари ходимларининг иш хақи тўловлари, пенсиялар, ...

12.12.2017
Мамлакат бюджетининг ижроси билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокама қилинди

Фракция аъзолари 2018 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокамаси чоғида хўжалик юрит...

Тадбирлар тақвими