Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ижтимоий тармоқларда депутат билан мулоқот

Ижтимоий тармоқларда депутат билан мулоқот

Онлайн мурожаат, онлайн мулоқот, онлайн мунозаралар... Бугун кўпчилигимиз интернет имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан зарур маълумотларни тезликда олаяпмиз, масъул идоралар раҳбарлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилаяпмиз, шу орқали кўпдан буён бизни қийнаётган муаммоларимиз ижобий ҳал этилмоқда. Албатта, буларнинг барчаси “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган ҳаётий тамойилнинг самарали рўёбга чиқарилаётганидан далолат беради.

Айтиш жоизки, бу жараёнда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари ҳам фаоллик кўрсатаяпти. Депутатларнинг “Facebook”, “Telegram”, “Instagram” ҳамда бошқа шу каби ижтимоий тармоқларда расмий саҳифалари очилган бўлиб, бу ҳар бир халқ вакилининг сайловчилар билан узвий алоқа ўрнатишини таъминлашга зарур шарт-шароитлар яратмоқда.

Чунончи, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда унинг депутатлар гуруҳларига “Facebook” ижтимоий тармоғидаги “ЎзЛиДеП муҳокамага чорлайди” номли гуруҳи орқали мурожаат қилиш тизими йўлга қўйилди. Айни пайтда сайловчилар мазкур гуруҳ орқали ўзларини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этиш учун партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатларга онлайн мурожаат қилмоқдалар. Шу кунгача мингдан ортиқ фуқароларнинг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

— Бундан икки ой муқаддам фаолият бошлаган мазкур мулоқот гуруҳи қисқа давр мобайнида интернет фойдаланувчилари эътиборини қозониш баробарида, қизғин онлайн муносабат муҳитини ҳам юзага келтирди, — дейди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаев. — Депутат ҳамда сайловчилар ўртасида бўлиб ўтаётган жонли савол-жавоблар, таклиф ва мулоҳазалар, муаммо ҳамда мурожаатларнинг кун сайин кўпайиб бораётгани аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб боришимизни тақозо этади. Ижтимоий тармоқлардаги мулоқотлар ҳар бир депутатнинг ўз ишига холис баҳо беришига, йўл қўйилаётган хато-камчиликларни аниқлаш ва бартараф қилишга кўмаклашаяпти.

Шу ўринда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўткир Турсуновга келиб тушган мурожаатга тўхталиб ўтсак. “Каттақўрғон туманининг Пайшанба шаҳарчаси муаммоси ҳақида мурожаат этмоқчиман”, деб ёзади “Facebook” фойдаланувчиси Акмал Тошев. “Биз яшаётган ҳудудда ички йўллар юриб бўлмас даражага, машиналар ҳамда пиёдалар қатнови учун яроқсиз аҳволга келиб қолган. Айни ҳолат юзасидан туман ва вилоят ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилдик. Лекин мутасаддилар ҳамон жим. Ушбу муаммолар ҳал этилишига умид қилиб қоламиз”.

Депутат мазкур масалани атрофлича ўрганиб, туман ҳокимлиги ҳамда йўл қурилиш бўлимига депутатлик сўрови юборди. Бундай мазмундаги мурожаатлар кам эмаслигини мулоқот гуруҳига бўлаётган арзномалар адади мисолида кўриш мумкин.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари фуқароларнинг онлайн мурожаатларига алоҳида аҳамият қаратмоқда. Депутатлар “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифалари орқали Қонунчилик палатаси ва фракция фаолияти ҳақида аҳолини мунтазам хабардор этиб бораяпти, қонун лойиҳалари муҳокама қилиниб, одамларни ўйлантираётган масалалар атрофлича кўриб чиқилмоқда. Айтиш жоизки, айни пайтда фракция аъзолари томонидан мингдан зиёд ахборотлар жойлаштирилган, кўплаб мурожаатлар ижобий ҳал этилган.

Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан кутубхоналар фаолиятини такомиллаштириш, ёшлар бандлигини таъминлаш, уй-жой ҳамда ер ажратиш, коллеж битирувчилари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўқув марказлари ташкил қилишга оид саволларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда, баъзи муаммолар партиянинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ва депутатлик сўровлари орқали маҳаллий ҳокимият вакилларига юборилаётир. Ижтимоий тармоқ орқали энг чекка қишлоқлардаги маданий мерос объектларини муҳофаза этиш, уй меҳмонхоналарини ташкил қилишда кўмаклашиш каби масалалар депутатлик назоратига олинаяпти. Мисол учун, сурхондарёлик Д. Зокиров ўз мурожаатида Денов тумани кутубхонасининг ишламаётгани масаласини кўтарганди. Бу ҳолат депутат аралашувидан сўнг ижобий ҳал бўлди. Чекка ҳудудлардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга 1300 дан ортиқ китоблар бепул тарқатилгани ҳам диққатга сазовор.

Бундан ташқари, қонун лойиҳалари юзасидан ҳам онлайн мунозаралар ташкил этилаётир. Чунончи, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Кўп квартирали уй-жойлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қонунлар лойиҳалари ижтимоий тармоқда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Қизғин мунозаралар жараёнида бир қатор таклифлар билдирилди.

Умуман айтганда, ижтимоий тармоқдаги бу каби мулоқотлар, мурожаатлар мавжуд муаммоларни янада чуқурроқ ўрганиш, парламент ҳамда жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини амалга ошириш, қонун лойиҳалари юзасидан таклифларни ўрганиш орқали қонунчилик базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.




Кўришлар сони: 265

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

12.10.2017
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкатлари фаолият олиб бориб, улар...

Тадбирлар тақвими