Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Сиёсий партиялар қонун лойиҳалари юзасидан электорат фикрларини ўрганмоқда

Сиёсий партиялар қонун лойиҳалари юзасидан электорат фикрларини ўрганмоқда

Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 12 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифаларни сиёсий партиялар ўз фаолиятида устувор аҳамиятга эга, деб билмоқдалар.
Улардан бири парламент томонидан қабул қилинаётган муҳим қонун лойиҳалари муҳокамасига аҳолини кенг жалб этиш, қонун ижодкорлиги жараёнида сайловчилардан келиб тушаётган таклифларни ҳисобга олишни таъминлашдир. Айни пайтда сиёсий партиялар юртимизнинг турли ҳудудларида сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиб, қонун лойиҳаларини муҳокама қилмоқда. Айтиш жоизки, ушбу ҳужжатлар яқин орада Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилади.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Урганч шаҳрида “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасини ўтказди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоларининг Наманган вилояти сайловчилари билан бўлиб ўтган учрашуви “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона шаҳрида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасини ташкил этди. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари томонидан Бухоро вилояти аҳолиси билан “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Нигора ҚЎШЧАНОВА, халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси депутатлик гуруҳи аъзоси:
— Президентимизнинг қонун ижодкорлиги жараёнига аҳолининг кенг қатламларини жалб этиш зарурлиги борасидаги ташаббусларини амалга ошириш мамлакатимизда бевосита халқ ҳокимиятчилигини таъминлайди, сиёсий партиялар билан сайловчилар ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз жамоатчилик вакилларининг қонун лойиҳалари билан ишлаш жараёнига, қизиқишларига, ўзларининг амалий фаолиятларидаги бой тажрибалари ва фундаментал билимларига асосланган таклиф ҳамда тавсияларини тақдим этаётганларига гувоҳ бўлаяпмиз.
Ғайратжон ТЎЙЧИБОЕВ, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари:
— Сайловчилар билан “Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси партиямиз учун жуда муҳим воқеа бўлди. “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳаракатлар дастури ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ривожланиши учун креатив, информацион муҳит яратиш, болаларнинг жисмоний ва маънавий-руҳий ривожланишига зарар етказадиган маълумотлардан ҳимоя қилиш каби масалаларнинг ўта муҳимлигига асосланади. Шу боис жамоатчилик билан бевосита муҳокамаларимиз мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги “нозик жиҳатлар”ни тушуниб олишда жуда фойдали бўлди. Биз қонун лойиҳасини такомиллаштириш борасида бой амалий материалга эга бўлдик. 
Дилбархон МАМАЖОНОВА, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилояти кенгаши раиси:
— Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг самарали механизмларини ташкил этиш масалалари партиямиз учун ўта муҳим ҳисобланади. Булар “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросида алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис сайловчилар билан мулоқотимизнинг мавзуси сифатида депутатлар гуруҳи томонидан тайёрланган “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини танладик. Жамоатчилик вакиллари ҳокимиятнинг халқ билан мулоқотини ташкил этишнинг аниқ тартибларини ўрнатиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари билан муносабатларининг замонавий усулларини жорий этишга йўналтирилган қонун лойиҳаси концепциясини маъқуллади.
Гулчеҳра ТОЖИЕВА, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши фаоли:
— Ўтказилаётган тадбирлар давомида биз халқимиз томонидан мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотларнинг қўллаб-қувватланаётганига кўп бор ишонч ҳосил қилаяпмиз. Одамлар қонун лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиб, ўзларининг фуқаролик позицияларини фаол айтмоқдалар. Бунда тадбир иштирокчилари Ўзбекистонни яқин истиқболда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда самарали ҳуқуқий механизмлар тизимини шакллантиришдан ўзлари манфатдор эканликларини билдиришаяпти.



Кўришлар сони: 6673

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2017
Таълим олиш ҳуқуқи ва ота-она мажбуриятлари

Давра суҳбатида таъкидланганидек, жойлардаги назорат ишлари, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссиял...

17.10.2017
Аҳоли эътирозларига онлайн ечим

Ўз сайлов округингиздан сайланган депутат билан тўғридан-тўғри мулоқот қилишни истайсизми? Унда онлайн...

16.10.2017
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш жамиятда барқарорликни таъминлашнинг муҳим кафолати

Олий Мажлис қуйи палатасининг Қонунчилик ва суд ҳуқуқ масалалари қўмитаси Тошкент фармацевтика институтида...

Тадбирлар тақвими