Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Уюшмаган ёшлар бандлиги — муҳим вазифа

Уюшмаган ёшлар бандлиги — муҳим вазифа

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий таълим-тарбия олиши,касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу, ўз навбатида, бугунги глобаллашув даврида диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кўпайиб, уларнинг таъсири ёшлар ҳаётида жиддий муаммолар келтириб чиқараётган бир паллада муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Президентимиз ҳар бир учрашув, анжуман ва йиғилишда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиш, улар қалбига қулоқ солиш, дардини тинглаш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлашда янада масъулиятли бўлиш зарурлигини таъкидлаб келаётир.

Хусусан, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, партиялар қошида ташкил этилган “Ёшлар қаноти”нинг фаолиятини танқидий баҳолаб, ёшларимизнинг ғоявий, мафкуравий эҳтиёжларини қондиришда ташаббус ва амалий ишлар камлигини таъкидлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг туман ва шаҳарларида айни шу йўналишда ўрганишлар олиб борди. Унда ёшларни баркамол этиб вояга етказишдаги муаммо ва таҳдидлар, шунингдек, уюшмаган ёшлар билан олиб бориладиган ишларни самарали ташкил этиш механизмлари, ёшлар сиёсати ва маънавий ривожлантириш масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларида белгиланган устувор вазифалар бўйича фикрлашилди. Жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий кўмак берилди.

— Президентимиз билдирган асосли танқидий фикрларни таҳлил қилиш асносида бу борадаги ишларимизни ҳақиқатдан ҳам юқори босқичга кўтаришимиз, янги ташаббуслар билан чиқишимиз, мавжуд ваколат ва имкониятларимиздан самарали фойдаланишимиз зарурлигини англадик, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов. — Ҳолбуки, партия сайловолди Платформасида ёшларимизни “оммавий маданият” таъсиридан асраш, улар бандлигини таъминлаш ва муаммоларини ҳал қилиш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган. Шу боис, айниқса, уюшмаган ёшлар билан кўпроқ ишлашимиз, уларни ўз мафкурамиз, ғоямизга, энг аввало, биз оғдиришимиз керак.

ЎзМТДП уюшмаган ёшлар билан тизимли ишлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда. Янги лойиҳа ва танловлар орқали уюшмаган ёшларнинг дунёқарашини шакллантириш, уларни касб-ҳунарга жалб этишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Партия етакчиси уюшмаган ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида Чуст туманидаги “Ҳисорак” маҳалла фуқаролар йиғинига борди. Мазкур маҳаллада бугунги кунда 30 ёшгача бўлганлар 2 минг 113 нафарни, ёш оилалар сони 47 тани ташкил этади. Сарвар Отамуратов уларнинг ижтимоий аҳволи билан яқиндан танишди, муаммо ва масалаларни ўрганди, нималар ташвишга солаётганлигига эътибор қаратди.

Аниқланишича, ҳозирда ҳудудда тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, болажонлар учун мактабгача таълим муассасасини барпо этиш ҳам ҳал қилиниши лозим бўлган муҳим вазифалар сирасига киради. Партия раҳбари мазкур икки масалани ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли мутасадди идоралар раҳбарларига тавсиялар берди.

Маҳалладаги уюшмаган ёшлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқаролар билан ишлаш, уларни фаол ҳаёт тарзига қайтариш, таълим олиш, касб ўрганишга жалб этиш, бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳир Умархўжаев, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи Сорахон Зайниддинова билан суҳбатлашди.

— Маҳалламизда ўнга яқин фуқаро экстремизм ғоялари таъсирига тушиб қолганди. Кейин улар адашганини тан олди ва давлатимиз авф этиб, жамиятнинг фаол аъзолари сафига қайтарилди, — деди маҳалла раиси Т.Умархўжаев. — Ҳозирда икки киши мактабга техник ходим вазифасига ишга жойланди. Уч кишига томорқа хўжалиги, чорвачилик ва китоб савдосини йўлга қўйиш мақсадида кредит ажратилди. Шунингдек, уюшмаган ёшлардан 18 нафарига 3 миллион сўмдан 7,5 миллион сўмгача бўлган кредит маблағлари берилди. Ўнга яқини ишга жойлаштирилди. Яна шунча ўқимай, ишсиз юрган ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Партия етакчиси бир пайтлар ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган, кейинчалик хатосини англагани боис авф этилган Носиржон Рустамовнинг хонадонида бўлди.

— Мен адашганимни ҳис қилиб, хатоимни тан олдим – давлатимиз кечирди, — дейди “Ҳисорак” МФЙда яшовчи Н.Рустамов. — Ҳозирда шахсий томорқамда деҳқончилик қиляпман. Бўш вақтимда велосипед таъмирлаш билан шуғулланаман. Маҳалла ишларида фаол қатнашиб турибман.

Шундан сўнг С.Отамуратов ЎзМТДП Чуст туман кенгаши ташкил этган “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида уюшмаган ёшлар, яъни аниқ машғулотга эга бўлмаган йигит-қизлар ҳамда ёш тадбиркорлар билан мулоқотда бўлди. Уларнинг ҳар бирини ўйлантириб келаётган масала ва таклифларини тинглади.

Тумандаги Камарсада маҳалласида истиқомат қилувчи 30 ёшли ишбилармон Олимжон Мираҳмедов ўзининг қиймати 14,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган, собиқ пахта тозалаш корхонаси негизида ташкил этилиши мўлжалланган ип-калава ишлаб чиқариш мажмуаси лойиҳаси билан таништирди. “Ўзбекпахтасаноат” акционерлик уюшмаси маъқуллаган мазкур лойиҳа молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланса, пахта толасидан йилига 5 минг тонна калава-ип ишлаб чиқариш имконияти юзага келади. Муҳими, бунинг натижасида 350 янги иш ўрни яратилади. Партия етакчиси ёш тадбиркорнинг бу изланиши эътиборга лойиқ экани, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ЎзМТДП сайловолди Платформасида устувор вазифа сифатида белгиланганини таъкидлади. Шу боис ушбу лойиҳа ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, уни амалга оширишда парламент ва депутатлик сўрови юбориш орқали яқиндан кўмак берилишини билдирди.

Учрашувда Пансада маҳалласида истиқомат қилувчи 19 ёшли Ҳилола Аюбова 2015 йили Чуст туман тиббиёт коллежини тамомлагани, лекин ҳозиргача ишга кира олмаётгани юзасидан мурожаат қилди. Унинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.

Яна бир қанча ёшлар тадбиркорлик соҳасида ўз бизнесини бошлаши учун банкдан кредит олиш масаласида ёрдам сўради. Партия раҳбари уларга бунинг учун, энг аввало, бизнес-режа ишлаб чиқиш лозимлиги ва бу борада партия яқиндан кўмак беришини таъкидлади. Истиқболли бизнес лойиҳа соҳибларига имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам берилишини айтди.

Шундан сўнг партия раҳбари ушбу туман ҳудудидаги аҳолига хусусий спорт-соғломлаштириш тиббий хизмат кўрсатувчи “Чуст тиббий диагностика маркази” ҳамда велосипед ишлаб чиқарувчи “Чуст омад” масъулияти чекланган жамияти иш фаолияти, у ерда ишчилар, хусусан, ёшлар учун яратилган шарт-шароит, хизмат кўрсатиш сифати билан ҳам яқиндан танишди.

* * *

Давлатимиз раҳбари шу йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар фаоллигини ошириш бўйича белгилаб берган устувор вазифалардан келиб чиқиб, ЎзМТДПнинг барча даражадаги ташкилотлари ва партия гуруҳлари аъзолари бугун жойларда ўтказаётган учрашув ва очиқ мулоқотларда ҳудудлар муаммоси, айниқса, уюшмаган ёшлар бандлигига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Респуб­ликаси кенгаши, партиянинг барча шаҳар ва туман ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Аёллар қаноти” ва “Ёшлар қаноти” етакчилари ҳам хонадонларга кириб, уюшмаган ёшлар ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганаётир. Жумладан, ЎзМТДП Элликқалъа туман кенгаши ходимлари ҳудуддаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлди. Ўрганишлар натижасида аввал маҳалладаги ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг сони аниқланди, рўйхати тузилди.  Уюшмаган ёш йигит-қизларнинг аксарияти уларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги бепул ўқув курсларига жалб қилинди. Айни пайтда лойиҳа доирасидаги тикувчилик, сартарошлик ва соч турмаклаш каби тўгаракларда уларга касб-ҳунар ўргатиш бошлаб юборилди.

Учрашувлар асносида туманнинг Маҳтумқули кўчасида истиқомат қилувчи Тохир Айитбаев иш сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати ўрганилиб, тумандаги “Бўстон Мега текстиль” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойланди.

ЎзМТДП Тўрткўл туман кенгаши “Ёшлар қаноти” етакчиси Шуҳрат Эгамбердиев ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Даврон Розибаев ҳам ушбу ҳудуддаги “Шўрахон” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган уюшмаган ёшлар ва хотин-қизларнинг турмуш тарзи билан қизиқди. Овулда яшовчи Шаҳло Йўлдошева, Тиллахон Султонбоева, Вазира ва Зиёда Абдуллаевалар касб ўрганиш истаги борлиги, лекин бунга имконият ва шароит йўқлигини айтди. ЎзМТДП Тўрткўл туман кенгаши ташаббуси билан бу фуқаролар ҳам ҳудудда ташкил этилган партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги бепул сартарошлик ўқув курсига қабул қилинди.

— Айниқса, бугунги глобаллашув даврида уюшмаган ёшларнинг бандлиги, уларнинг қизиқишларини ўрганиш долзарб масала саналади, — дейди Тўрткўл туман “Атаюрт” овул фуқаролар йиғини раисининг диний-ахлоқий, маънавий-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бибигул Гаипбердиева. — Шу боис овулимиздаги ҳеч қаерда ўқимайдиган ва ишламайдиган йигит-қизлар билан доимий мулоқот олиб боряпмиз, уларнинг муаммоларини ҳал этишга интиляпмиз. Бизга бу борада ЎзМТДП Тўрткўл туман кенгаши ҳамда депутатлар яқиндан кўмаклашмоқда. Масалан, халқ депутатлари Тўрткўл туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Икром Ходжаев кўмаги билан овулимиздаги 11 нафар қиз тўқимачилик цехига ишга жойлашди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Даврон Розибаев ташаббуси билан “Шўрахон” ОФЙда яшовчи Улбосин Олтибаева, Иқбол Менглиева, Ойдин Болтабоева, Шукуржон Сапаров, Махлиё Қурбонбоева ва Ойдин Тўхтабоева ҳудуддаги “Лайло” масъулияти чекланган жамияти қошида ташкил этилган бепул тикувчилик тўгарагига қатнай бошлади. Шунингдек, депутат ҳомийлигида тўгаракка иккита тикув машинаси олиб берилди. Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажми ортиши ва янги иш ўринлари яратилиши учун имтиёзли кредит олинишида кўмаклашишга келишиб олинди.

ЎзМТДП барча шаҳар ва туман кенгашлари фаолларининг уюшмаган ёшлар билан учрашувлари ва уларнинг муаммоларини ўрганишларига доир мулоқотлари давом этмоқда.

Усмон АБДУРАСУЛОВ.


Кўришлар сони: 1118

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.08.2017
Қонун лойиҳаси жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 16 август куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги...

15.08.2017
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2017 йил 14-15 август кунлари бўлиб...

14.08.2017
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.  ...

Тадбирлар тақвими