Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчилигини такомиллаштириш, муаммолар ва истиқболлар

Ўзбекистоннинг интеллектуал мулк ҳуқуқига оид қонунчилигини такомиллаштириш, муаммолар ва истиқболлар

2010 йил 26 апрель Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ташкил этилган илмий-амалий анжуманда юртимиздаги интеллектуал мулк объектларининг бугунги аҳволи ва уларнинг ривожи учун яратилган имкониятлар атрофлича муҳокама қилинди.

Бугун дунё жамоатчилги томонидан инновацион лойиҳаларни ҳаётга янада чуқурроқ жорий қилиш турли глобал муаммолариинг олдини олиш ва энг асосийси, унинг инсоният истиқболини белгилаб берувчи асосий воситага айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу боис бугун дунёнинг 180 дан ортиқ давлатида интеллектуал мулк ҳуқуқи кафолатланади ва у Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан ҳимоя қилинади. Айни кунда мазкур мулк объектлари савдосидан тушадиган моддий бойликлар давлатларнинг асосий даромад манбаига ҳам айланмоқда. Бу ғоялар, ишланмалар ва шахсий мулкий ҳуқуқлар ривожланган мамлакатларнинг иқтисодиёти кун сайин барқарорлашаётганидан ҳам дарак беради.

Таъкидлаш жоизки айни кунда мамлакатимизда ҳам илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, иқтисодиётнинг барча тармоқлари жумладан, замонавий саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, энергетика, машинасозлик ва бошқа соҳаларда мавжуд технологик, илмий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган фундаментал тадқиқотлар ва инновацион лойиҳалар устида изчил ишлар олиб борилмоқда. Анжуман иштирокчиларининг фикрича, айнан инновациялар юртимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, таннархни пасайтириш ва энергия истеъмолини камайтириш, инвестициялар оқимини кўпайтириш ва янги-янги бозорларни вужудга келтириш имкониятини яратади. Шу боис қонун билан муҳофаза қилинаётган интеллектуал мулк объектларига ҳуқуқий мақом бериш ва патент эгаларининг ваколатларини кенгайтириш, айниқса, муаллифларнинг шахсий ҳуқуқларини таъминлаш масалалари долзарб аҳамият касб этади. Бутун мамлакатимизда интеллектуал мулкнинг муҳим таркибий қисмлари ҳисобланган ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари, селекция ютуқлари, ахборот технологиялари объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатлар қатор халқаро шартнома ва битимлар, Фуқаролик кодексининг «Интеллектуал мулк» деб номланган бўлими, 5 та қонун ва 140 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий актлар асосида тартибга солинаётир.

— Кейинги йилларда илмий изланишлар ва ихтироларга бўлган эътибор янги босқичга кўтарилгани бежиз эмас. Чунки айнан мамлакатни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш орқалигина иқтисодий ўсишга эришиш мумкинлигини даврнинг ўзи тақазо этаяпти, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Илҳом Насриев. — Аммо яратилган инновацион технология маҳсулидан фойдаланиш ва уни тижорат объектига айлантиришда бир қатор муаммолар борлигини ҳам ёддан чиқармаслигимиз лозим. Маълумки. интеллектуал мулк объектлари фойдаланиш жараёнида мол-мулк ёки товар сифатида намоён бўлади. Бироқ кундалик ҳаётда бундай имкониятдан тўла фойдаланиб бўлмайди. Негаки, уни ишлаб чиқарувчилар мулк бозори инфратузилмасидан ўз ўринларини тўла эгаллаганлари йўқ ҳали. Шунингдек, баъзи ҳолларда интеллектуал мулк соҳибларининг ўзлари ҳам ижодий маҳсулотларига товар сифатида қарамаяптилар. Натижада фан, адабиёт, санъат ва мусиқа асарларидан муаллифнинг рухсатисиз ғайриқонуний фойдаланиш ҳолатлари кундан-кунга кўпайиб бораётир. Амалдаги «Муаллифлик ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунга биноан интеллектуал мулк эгаларининт қонуний манфаатлари ҳимоя қилинганига қарамасдан, бу соҳадаги аҳвол ўзгармаяпти. Умуман олганда, интеллектуал мулк тижоратлашиб, товар шаклига кирсагина ундан фойда кўриш ва иқтисодий юксалишга эришиш мумкин бўлади.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети «Фуқаролик кафедраси» мудири Бобоқул Тошевнинг таъкидлашича, бозорнинг объектив қонуниятлари фундаментал фан билан шуғулланувчи олимларни рағбатлантиришни ҳам тақозо этади. Чунки фундаментал тадқиқотлар аниқ фанлар бўйича тадқиқотларга йўл очса, ундан кейин инновацион лойиҳалар, технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш имконияти вужудга келади. Масалага ана шу нуқтаи назардан қаралса, фундаментал тадқиқот олиб борувчи ижодкорларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, илмий муассасаларнинг аниқ мақоми ва бошқа фанларга оид муносабатларни тартибга солишга қаратилган «Фан тўғрисида»ги янги қонунни қабул қилиш лозим бўлади.

Анжуманда иштирок этган Давлат патент идораси вакиллари эса юртимизда миллий патент тизимининг яратилгани ва унинг халқаро ташкилотлар билан уйғунликдаги фаолияти тадбиркорлик соҳасида илмий-техникавий янгиликларнинг татбиқ этилишига кенг шароит яратаётганини таъкидлаш билан бирга бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириш лозимлигини айтиб ўтдилар.

— 1992 йилдан буён интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаб келаётган идорамизга шу кунгача 88,7 мингдан ортиқ талабнома келиб тушди. — деди Давлат патент идораси директори Бахтиёр Амонов. — Уларнинг 15 мингдан ортиғи ихтироларга, 68 мингтаси товар белгиларига, 2 мингга яқини ЭҲМ дастурлари ва маълумотлар базасига, 700 таси фойдали моделлар ҳамда 200 дан ортиғи селекция ютуқларига тааллуқли экани қувонарли ҳол, албатта. Бу мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос келадиган интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш тизими шакллантирилгани боис соҳада ривожланиш кузатилаётганини кўрсатади. Бироқ бугунги кун талаби соҳани тартибга солувчи янги қонунларга эҳтиёж туғдирмоқда. Ана шундаи келиб чиқиб, биз «Патент вакиллари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини илгари сураяпмиз. Мазкур қонундан кўзланган асосий мақсад саноат ишлаб чиқаришига кўмак берувчи патент вакиллари фаолиятини тартибга солиш ва Давлат патент идораси билан саноат объектлари ўртасидаги алоқаларни такомиллаштиришга қаратилган.

Илмий-амалий конференция иштирокчилари республикамизда соҳага оид мустаҳкам ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя тизими яратилгани ҳамда юқори даражада халқаро алоқалар йўлга қўйилганини эътироф этар эканлар, бу борада олимлар ва мутахассислар олдида ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлигини таъкидладилар. Хусусан, корхоналарда инновациялар жорий қилиш, маҳҳаллий тадбиркорларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришлари жараёнларида кўпроқ кўзга ташланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, билимлар, ғоялар, технологиялар бошқарадиган ҳозирги замонда инновациялар ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ҳар бир мамлакат иқтисодий ўсишининг бош манбаи бўлиб қолаётган бир шароитда соҳага бўлган эътиборни янада кучайтириш лозим.

Мутахассислар, олимлар, ҳуқуқшунослар ҳамда соҳага оид давлат идоралари вакиллари иштирок этган анжуман якунида яратилгаи ихтироларга патент ва гувоҳнома олиш механизмини соддалаштириш, четдан олиб кирилаётган инновацион технологияларга қонун доирасида берилган имтиёзларни кенгайтириш масалалари юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси билан ҳамкорликни давом эттириш ҳамда доимий равишда мазкур қўмитага амалий таклифлар бериб боришга ҳам келишиб олинди.


Кўришлар сони: 5561

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими