Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Тупроқшунослик ва тупроқ унумдорлигини ошириш масалалари

Тупроқшунослик ва тупроқ унумдорлигини ошириш масалалари

Ушбу мавзу 2010 йил 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида ташкил этилган давра суҳбатида кенг муҳокама қилинди.

Соҳанинг йирик мутахассислари, таниқли олимлар, Экоҳаракат вакиллари иштирок этган учрашувда бутун дунёда бўлганидек Ўзбекистонда ҳам табиий ресурслар ичида ер алоҳида ўзига хос ҳуқуқий мақомга эга экани, ундан оқилона, илмий асосланган тарзда фойдаланишни ташкил этиш ернинг унумдор қатлами бўлган тупроқ муҳофазасини таъминлашни тақозо этишига асосий эътибор қаратилди.

Айниқса, унинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш бугунги кундаги энг долзарб масалалардандир.

Шундан келиб чиқиб, давра суҳбати иштирокчилари соҳада ўз ечимини кутаётган муаммоларга, хусусан, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган ерларнинг мелиоратив-экологик ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорликнинг камайишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш лозимлигини таъкидладилар.

— Ҳақиқатан ҳам бугун муҳокама қилинаётган мавзу ниҳоятда долзарб, — дейди Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти директори, профессор Рамазон Қўзиев. — Чунки кейинги йилларда тупроқ унумдорлиги, ернинг устки, яъни ўсимликни ўстира оладиган қатламига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб ер ресурсларига нисбатан инсон омилининг салбий таъсири оқибатида улкан майдонларда чўлланиш, тупроқларнинг эса эрозия, шўрланиш жараёнлари юзага келди.

— Юртбошимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар олдига қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини тубдан яхшилаш, қонунларнинг ижросини таъминлайдиган протсессуал механизмларни жорий этиш вазифаларини юклаганди. Бугун ўтказилаётган давра суҳбатининг мақсади ҳам соҳадаги қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва бу борада аниқ таклифларни ўртага ташлашдан иборат. Шунинг учун ҳам биз учрашувга тегишли вазирликлар, ташкилот ва идоралар ҳамда соҳанинг билимдон, кўзга кўринган мутахассис ва экспертларини таклиф этганмиз, — дейди Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев.

Ҳақиқатан ҳам соҳанинг йирик мутахассислари таъкидлаётганларидек, тупроқ ҳолати ва унумдорлигини ошириш билан боғлиқ масала бутун бир сайёранинг оғир муаммосига айланди, десак, муболаға бўлмайди. ЮНЕСКО маълумотларида ҳам сайёрамизда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 1,5 миллиард гектар ернинг 6-7 миллион гектари деградацияга учраб муомаладан чиқаётгани таъкидланади. Собиқ иттифоқ даврида йўл қўйилган хатолар, ерга нисбатан ўгай муносабат республикамиз учун ҳам ана шундай муаммоларни келтириб чиқарди. Олайлик: қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар 22 миллион гектардан зиёд бўлишига қарамай, суғориладиган ерлар бор-йўғи 4 миллион 280 минг гектарни ташкил этаяпти. Айни чоғда Ўзбекистон эгаллаб турган майдоннинг асосий қисми Қорақум, Қизилқум ва Устюрт каби чўл ва яримчўл ҳудудлардан иборатлиги ҳам тупроқ унумдорлигини оширишга қаратилган тадбирларни кучайтиришни, айниқса, бу борадаги қонунчиликни бугунги кун талаблари даражасида ривожлантиришни талаб этмоқда.

Давра суҳбатида, шунингдек, ХХИ аср бошларида ерларнинг табиий равишда чўлга айланишига одамларнинг муносабати ҳам сабаб бўлганига эътибор қаратилди.

— Бутун дунёда тупроқ шўрланиши жараёнлари шиддат билан давом этаётган, республикамизда ҳам ана шундай экин майдонларига белгиланганидан 4-5 баробар кўп маблағ сарфланиши ёки гумус қатлами 30 фоизга камаяётгани кузатилаётган бир пайтда лоқайдликка берилиш энг оғир жиноят сифатида баҳоланиши лозим, — деди Экоҳаракат раҳбари Борий Алихонов. — Ана шундай бир пайтда сиёсий партияларнинг Олий Мажлисдаги фракциялари асосий эътиборни қуруқ гапларга эмас, амалий таклифларга, айниқса, қонунларнинг ижросини таъминлашга, янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга қаратишлари керак. Шарқий вилоятлар, айниқса, Хоразм ва Бухоро вилоятларида ернинг шўрини ювиш учун одатдагидан кўра уч маротаба кўп сув сарфланаётгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Қўмита аъзоси, депутат Абдухолиқ Жабборовнинг таъкидлашича, экин майдонлари таркибида 1990 йилларга қадар пахта деярли 75 фоиз майдонни эгаллаган эди. Дунёнинг бирорта ҳам мамлакатида пахта монополияси бу қадар юқори даражага етмаганди. Бу ҳол ернинг кучсизланишига, тупроқ унумдорлигининг пасайиши, унинг сув-физикавий хоссалари ёмонлашувига, тупроқнинг бузилиши ва энг ёмони - унинг нураши жараёнларини тезлатишга олиб келганди.

Истиқлол йилларидагина ана шу муаммоларга давлат миқёсида эътибор қаратила бошланди. Соҳага оид қатор қонун ҳужжатлари яратилди. Аммо йиллар ўтиши билан ана шу қонунларни янада такомиллаштириш зарурати туғилмоқда. Бу борада янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни ташкил этиш учун фан ютуқлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш зарурлиги, экинларни тўғри танлаб, тўғри жойлаштириш, тупроқ унумдорлигини ошириш ва уни соғломлаштириш учун тупроқнинг органик моддага бўлган талаби ҳисобга олиниши лозим. Давра суҳбатида, шунингдек, мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг Қонунчилик палатасидаги вакиллари томонидан соҳани жадал ривожлантириш бўйича сайловолди кампанияси даврида белгилаб олинган аниқ мақсадлар атрофида ҳам қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди.

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида», «Ўрмон тўғрисида», «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида», «Давлат ва санитария назорати тўғрисида», «Фермер хўжалиги тўғрисида» ва «Деҳқончилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар гарчи тупроқ унумдорлигини муҳофаза қилишни у ёки бу даражада мувофиқлаштираётган бўлса-да, ундан фойдаланишни яхлит тарзда тартибга сола олмайди. Шу сабабли мазкур соҳада умумий ягона қонуннинг қабул қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Таъкидлаш керакки, дунё тажрибасида, хусусан, АҚШ (1969 йил), Буюк Британия, Франсия ва ГФРда тупроқ муҳофазасига қаратилган махсус қонунлар қабул қилинган.

Тадбирда мутахассислар томонидан ерларнинг шўрланиши, чўлланиши билан боғлиқ муаммоларга Орол танглиги ҳам сабаб бўлаётгани таъкидланди. Айни пайтда ана шу денгиз ҳавзасида яшовчи 35 миллион киши унинг таъсирида қолди.

Биз 20-25 йил мобайнида жаҳондаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бирининг йўқолиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Энг ёмони, эсаётган шамол Орол денгизи тубидан туз ва чанг-тўзонларни юзлаб километрларга учирмоқда. Мутахассислар таъкидлашларича, бу ерда ҳар йили атмосферага 75-150 миллион тонна чанг кўтарилмоқда. Бу эса фожианинг бутун инсоният дардига айланиб бораётганидан далолатдир.

Бир сўз билан айтганда, тупроқ ҳолатини яхшилаш ва унинг унумдорлигини ошириш масаласи Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилик базасига тегишли ўзгартишлар киритиш ёки янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Давра суҳбатида, шунингдек, тегишли хулосалар ҳамда қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, қонунларда белгиланган нормаларнинг тегишли вазирлик, қўмита ва муассасалар ҳамда вилоят ҳокимликлари томонидан ижро этилиши юзасидан назорат-таҳлил ишларини олиб боришга доир тавсиялар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 14422

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими