Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Халқаро муносабатларда трансчегаравий масалалар

Халқаро муносабатларда трансчегаравий масалалар

2010 йил 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ва Сенатнинг Ташқи сиёсат масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Гидротехник иншоотлар хавфсизлиги масалалари, трансчегаравий дарёлар ҳавзаларида сувдан фойдаланиш муаммолари ва ушбу соҳадаги халқаро ҳамкорлик истиқболлари» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Таъкидландики, Марказий Осиё минтақасида сув ресурсларидан оқилона, самарали фойдаланиш асрлар давомида ушбу ҳудуддаги барча давлатлар, халқларнинг ҳаёти ҳамда барқарор ривожланиши учун бетакрор аҳамиятга эга бўлиб келди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Марказий Осиё дарёлари, сув ҳавзалари минтақа давлатларининг сувга бўлган эҳтиёжларини қондираётган ва фаровонлигини таъминлаётган яхлит организмдир.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи, турли омилларга кўра, Марказий Осиёнинг энг жиддий муаммоларидан бири бўлиб қолди. Уни ҳал қилиш бўйича ёндашувларни белгилашда сувнинг инсон, табиат ва жамият учун ҳаётий зарурат, ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган неъмат эканлигини инобатга олмоқ лозим. Айни пайтда, энергияни турли манбалардан олиш мумкин. Асосий унсурини сув тизими ташкил этувчи табиат мажмуи бузилганда, шундай улкан экологик офатлар рўй берадики, уни айрим лойиҳаларни амалга оширишдан келадиган вақтинчалик фойда билан асло солиштириб бўлмайди. Сув ресурсларига оқибатини ўйламасдан, тор манфаатлар билан ёндашиш оқибатида Орол денгизининг қуриб бораётгани буни тасдиқлайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг БМТ Бош Ассамблеясининг сессиясида таъкидлаганидек, бунинг натижасида Орол инқирози «инсоният тарихидаги энг йирик экологик ва гуманитар ҳалокатлардан бири бўлди, денгиз ҳавзасида яшаётган ўн миллионлаб одамлар унинг таъсирига тушиб қолдилар».

Тарихан таркиб топган сувдан фойдаланиш режимига ва сув ресурслари балансига таъсир қилувчи лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳоли ва қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш муаммоларини чуқурлаштиради, қурғоқчилик тизимли тус олади. Бундай вазиятда 50 миллиондан ортиқ аҳоли яшаётган Марказий Осиё мамлакатлари кенг кўламли экологик фалокатга дуч келади.

Давра суҳбати иштирокчиларининг якдил фикрларига кўра, трансчегаравий дарёларнинг сув оқимидан фойдаланиш, шу жумладан гидротехник иншоотларни қуриш тўғрисида ҳар қандай қарорлар қабул қилинганида минтақадаги барча давлатларнинг манфаатларини ҳисобга олиш, атроф муҳитга зарар етказмаслик, лойиҳаларнинг экологик жиҳатдан асосланган бўлиши қатъий талаб қилинади. Трансчегаравий сув оқимларини қўриқлаш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқий нормаларга сўзсиз риоя қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бу биринчи навбатда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1991 йил 25 февраль, 1992 йил 17 март, 1997 йил 21 майдаги шу масалага доир Конвенцияларига тааллуқлидир. Мазкур ҳужжатларда трансчегаравий дарёлар сув оқимидан фойдаланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда нуфузли халқаро экспертлар томонидан минтақада гидротехник иншоотларнинг бунёд этилиши тузатиб бўлмайдиган экологик оқибатларга олиб келмаслигига, дарёлар ҳавзасида жойлашган барча давлатларнинг трансчегаравий сув оқимларидан фойдаланиш балансини бузмаслигига кафолат берилиши аниқ белгиланган. Трансчегаравий дарёлар ҳавзаларидаги янги гидротехник иншоотларнинг техник-иқтисодий асосланиши бетараф халқаро аудит ташкилотлари томонидан холис экспертизадан ўтказилиши шарт.

Ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларнинг кўлами ва аҳамияти трансчегаравий дарёлар сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама ва икки томонлама ҳамкорлигининг ўта муҳимлигини белгилайди.

Муҳокама иштирокчилари минтақанинг барқарор ривожланиши ҳамда бу ерда тинчлик ва тараққиёт омили ҳисобланган сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда кўп томонлама ҳамкорликни таъминлашда нуфузли халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда БМТ, Жаҳон банки, Осиё Тараққиёт банкининг роли ва масъулиятини алоҳида таъкидладилар. Минтақадаги трансчегаравий дарёлар сув оқимларига дахлдор лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш, экологияга путур етказувчи, сувдан фойдаланишнинг мавжуд режимини ва сув ресурслари балансини бузадиган қарорларни қабул қилишга йўл қўймаслик юзасидан якуний хулоса ишлаб чиқилди.

Давра суҳбатида сенаторлар, Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар ва мутахассислар, дахлдор вазирлик ва идоралар, нодавлат жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.


Кўришлар сони: 5369

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими