Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Тинчлик, маърифат ва бунёдкорлик йўлида ҳамкорлик

Тинчлик, маърифат ва бунёдкорлик йўлида ҳамкорлик
Тошкентдаги Симпозиумлар саройида 2016 йил 18 октябрь куни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бошланди.

Ташқи ишлар вазирлари кенгаши Ислом ҳамкорлик ташкилотининг энг муҳим тузилмаларидан бири бўлиб, унинг сессияси ҳар йили аъзо мамлакатлардан бирида ўтказилади. 2015 йилда Ал-Кувайт шаҳрида бўлган 42-сессияда навбатдаги сессияни Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 19 августдаги қарорига мувофиқ ушбу халқаро анжуманга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Сессия тадбирлари учун барча зарур шароит яратилди. 

Сессияда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ташкилотнинг ёрдамчи ва махсус муассасалари раҳбарлари, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Швейцария, Италиянинг ИҲТдаги махсус вакиллари ҳамда БМТ, ЕХҲТ, Араб давлатлари лигаси, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби қатор тузилмалар вакиллари иштирок этмоқда.
Сессияни Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси, Кувайт Давлати Бош вазирининг биринчи ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Сабоҳ Холид ал-Ҳамад ас-Сабоҳ кириш сўзи билан очди. 

Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқига чуқур таъзия изҳор этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев сессиянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади. 

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ияд Амин Маданий Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистонни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш мақсадида улкан ишларни амалга оширганини, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшганини, бундай эзгу ишлар изчил давом эттирилаётганини алоҳида таъкидлади. Сессияга юксак даражада тайёргарлик кўрилганини қайд этиб, мамлакатимиз ҳукуматига самимий миннатдорлик билдирди. 

Сессия Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таклиф этган “Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл” шиори остида ўтмоқда. Анжуман иштирокчилари мазкур ғоя Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бузғунчи мафкурага қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёш авлодда муқаддас ислом дини қадриятлари ҳақида тўғри фикр шакллантириш, юксак маънавиятли ва билимли ёшларни тарбиялаш орқали фаровонликка эришиш каби устувор мақсадларига мос эканини таъкидлади. 
Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган мамлакатимиз ҳудудида қадим цивилизациялар мужассамлашган. Имом Бухорий, Абу Мансур Мотуридий, Исо Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний, Муҳаммад Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби боболаримиз жаҳон илм-фани, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган. 

Мустақиллик йилларида Ислом Каримов раҳнамолигида диний қадриятларимиз тикланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун асосида виждон эркинлиги кафолатланди. Диний билимларни ўрганиш, диний амалларни бажариш учун кенг эркинлик ва шароит яратилди. Қуръони карим ва унинг тафсирлари, Ҳадиси шарифлар ва бошқа муқаддас китоблар ўзбек тилида кўпминг нусхада нашр этилмоқда. Улуғ аждодларимиз қадамжолари обод этилди, юбилейлари халқаро миқёсда нишонланди. 

Тошкент ислом университети, Тошкент ислом институти ва бир қатор махсус таълим масканлари фаолият юритмоқда. Тошкент давлат шарқшунослик институти, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро маркази олимлари буюк алломаларимиз меросини тадқиқ этиб, халқимиз ва дунё жамоатчилигига етказмоқда. 

Ҳар йили ўн бир мингдан зиёд юртдошимиз Ҳаж ва Умра зиёратларига бориб келмоқда. 

Ўзбекистон улкан ижтимоий, маънавий ва иқтисодий салоҳияти билан Ислом ҳамкорлик ташкилотида муҳим ўрин тутади. Мамлакатимиз бу ташкилотга 1996 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик кенг кўлам касб этган. 
Ислом ҳамкорлик ташкилоти Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда ўтган Афғонистон можаросини тинчлик йўли билан ҳал қилишга қаратилган “6+2” гуруҳи учрашувини, Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилишини қўллаб-қувватлаган. 

Ташкилотнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича тузилмаси – ISESCO томонидан Тошкент шаҳри 2007 йилда Ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинган. 

ИҲТ вакиллари 2007 ва 2015 йилларда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, 2009 ва 2014 йиллардаги парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашган. 2014 йил май ойида Самарқандда ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти”, ўша йили июнда Тошкентда бўлган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” ҳамда октябрда Урганчда ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуларидаги халқаро конференциялар ва бошқа анжуманларда иштирок этган. 

Ўзбекистон 2003 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ихтисослаштирилган тузилмаси – Ислом тараққиёт банкига аъзо бўлган. Ўтган даврда мазкур банк билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилган. 

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилотига мусулмон давлатларни бирлаштирувчи умумэътироф этилган форум сифатида қарайди, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислигини мамлакатимизнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасининг эътирофи, деб ҳисоблайди. Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташкилотнинг жаҳондаги ролини кенгайтириш, ташкилот олдидаги муҳим вазифаларни ҳал этишга ҳар томонлама кўмак беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг ялпи мажлисида Кот д'Ивуар Республикаси ташқи ишлар вазири Абдалла Мабри, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, Судан Республикасининг Саудия Арабистонидаги элчиси Али Алсаносий, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Рустам Қосимов сўзга чиқди. 

– Ўзбекистон дунёдаги бахтли мамлакатлар рейтингида юқори ўринлардан бирида қайд этилганини яхши биламиз, – дейди Бирлашган Араб Амирликлари давлат вазири Майса ал-Шамси. – Тошкентдаги бунёдкорлик ва тараққиётни, одамлар юзидаги мамнуниятни кўриб, бунга ишонч ҳосил қилдик. Ўзбекистон азалдан ислом маданияти ва илм-фан ривожига улкан ҳисса қўшган. Сессияда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар, мамлакатингизнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислиги илм-фан, таълим ва технологиялар соҳасини янада ривожлантиришга ҳисса қўшиши шубҳасиз. 

– Ўзбекистон ён қўшнимиз, яқин қардошимиз ва ишончли ҳамкоримиз, – деди Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов. – Бугунги кунда ўзаро алоқаларимиз янада фаоллашмоқда. Транспорт ва транзит, машинасозлик, метални қайта ишлаш, божхона, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда янги истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Улкан иқтисодий салоҳиятга эга бўлган мамлакатларимизнинг бундай кенг кўламли ва самарали ҳамкорлиги аввало халқларимиз, қолаверса, бутун минтақамиз фаровонлигига хизмат қилади. 

– Ўзбекистонга ҳар гал келганимда улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўламан, – деди Малайзия ташқи ишлар вазири Анифа Аман. – Бу мамлакатингиз изчил ривожланиб бораётганининг ёрқин ифодаси. Ўзбекистонда ёш авлод тарбиясига қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида таълим ва фан соҳалари яхши ривожланган. Ўзбекистон Республикаси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислигида ушбу соҳаларга аҳамият қаратиши аъзо давлатларда таълим тизими ривожига ижобий таъсир қилади, деб ўйлайман. 

Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг амалдаги раиси Кувайт Давлати ўз раислик ваколатини Ўзбекистонга топширди. Ўзбекистон Республикасининг ташқи ишлар вазири мазкур органнинг 2017 йилдаги навбатдаги сессиясига қадар Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилади. 

Кўришлар сони: 24951

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими