Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

«Сиз доимо қалбимизда, юрагимиздасиз»

«Сиз доимо қалбимизда, юрагимиздасиз»

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан мамлакатимизнинг олий ҳокимият идораларига, оммавий ахборот воситалари таҳририятларига олис ҳамда яқин шаҳар-қишлоқларимизда яшаб, турли соҳаларда меҳнат қилаётган ­юртдошларимиз томонидан йўлланган, чуқур изтиробга йўғрилган мактубларда ана шу фикр алоҳида ­таъкидланади.

Ўз ҳаёти ва фаолиятини она юртимиз мустақиллиги ҳамда равнақи, халқимиз, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши учун бағишлаган улуғ ­Юртбошимизнинг вафоти бутун дунёда ­чуқур қайғу ва ҳамдардлик туйғулари ­билан кутиб олинди. Жаҳондаги кўплаб давлатлар бошлиқлари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли давлат ҳамда жамоат арбоблари, оддий фуқаролар Ислом Каримовни дунё сиёсат ­майдонидаги ёрқин ва бетакрор шахслардан бири сифатида эътироф этиб, унинг ўлмас хотирасини юксак ҳурмат-эҳтиром билан ёд этмоқдалар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бош қароргоҳи олдида жаҳондаги ана шу энг нуфузли ташкилот байроғи туширилиб, унга аъзо мамлакатлар раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган БМТ Бош ассамб­леяси 71-сессиясида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом ­Каримов ­хотирасига ҳурмат бажо келтирилиб, бир дақиқалик сукут сақлангани ва беш қитъа вакиллари мустақил Ўзбекистон давлати асосчисининг фаолияти ҳақида маъруза қилгани улуғ Йўлбошчимизга дунё аҳли томонидан кўрсатилган эҳтиромнинг олий намунаси бўлди.

Нафақат Ўзбекистон халқи, қўшни, ­қардош халқлар ўртасида, балки бутун ­жаҳон ҳамжамиятида мана шундай катта обрў-эътибор топган Президентимизнинг сўнмас хотираси, эл-юртини ўйлаб олиб борган жўшқин фаолияти, амалга оширган буюк ишлари, бизларга, келгуси ­авлодларга васият бўлиб қолган эзгу ғоя ва мақсадлари йиллар, асрлар ўтса-да, доимо халқимизнинг қалбида, юрагида яшайди.

Шу кунларда ватандошларимиздан ўз Юртбошисига улкан меҳр ҳамда миннатдорлик туйғулари билан битилган минг-минглаб хатлар келмоқда. Бу кўпни кўрган, оқибатли халқимизнинг буюк ва беназир фарзандини қанчалик севиб ­ардоқлаганидан, бошимизга тушган оғир жудоликдан қанчалар куйиниб, дард ­чекаётганидан далолат беради.

Ана шу мактубларда нуроний оқсоқолларимиз, мўътабар оналаримиз, опа-­сингилларимиз, ёш йигит ва қизларимиз — 32 миллионли бутун Ўзбекистон халқининг изтиробли овози баралла эшитилиб турганини ҳис этиш мумкин.

Мактубларнинг барчасида ўзбек ­халқининг буюк фарзанди Ислом ­Каримовга хос эзгу ва олижаноб фазилатлар, Биринчи Президентимиз ­фаолиятининг энг муҳим қирралари, унинг Ўзбекистон мустақиллигига эришиш ҳамда истиқлолимизни ҳар томонлама ­мустаҳкамлаш, миллатимизнинг эгилган қаддини, топталган қадрини тиклаш ­борасидаги тарихий хизматлари, мамлакатимиз ­тараққиёти, эл-юртимиз фаровонлиги йўлида кўрсатган беқиёс фидойилиги эҳтиром билан ёдга олинади. Ўзбекис­тон қўлга киритган оламшумул ютуқлар у кишининг номи билан бевосита боғлиқ экани алоҳида таъкидланиб, муборак ­хотирасини абадийлаштириш бўйича ­таклифлар билдирилади.

“Мен Биринчи Президентимиз ­вафоти ҳақидаги машъум хабарни у киши Тошкент шаҳри кўчалари ­орқали сўнгги манзил — Самарқандга ­кузатилганидан кейин эшитдим, — деб ёзади электрон мактуб йўллаган юртдошимиз Акмал Халилов. — Шунгача ­отамиз соғайиб кетишига, ҳаммаси аввалгидек бўлишига қаттиқ ишонган эдим. Хабарсиз қолганим, бу улуғ сиймо хотираси олдида таъзим қилишга, ҳурматимни бажо келтиришга улгура олмаганим армон бўлиб қолди...

Ҳақиқатан, у авлиё инсон, ўзбек ­халқининг раҳнамоси эди. У бизнинг келажагимиз, тинч, обод ҳаётимиз ва тараққиётимиз учун ҳамма ишни қилди. Қалбимдаги туғённи кимга ­айтишни билмаяпман. Изтиробдамиз”.

Тошкент вилояти, Ангрен шаҳридан ­Бунисо Раҳимова бундай ёзади: “Узоқ вақтдан бери жигар хасталиги билан оғрийман. Лекин юрагимга яқин бўлиб қолган инсонни йўқотиш ҳар қандай дарддан ҳам оғир бўлар экан. Хунук хабарни эшитиб, кўзёшим тўхтамаяпти, қийналаяпман... Сизларга хат ёзмасам, ичимни бўшатмасам, бўлмайди, оғриқ кетмайди. Мен ­албатта Самарқандга бориб, у кишининг муборак қабрини зиёрат қиламан. Юртбошимиз юрагимиз тўридан жой олган эди, тоабад шундай бўлиб қолади...”

Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида яшовчи Р. Кудиярова ­ўзининг изтиробли кечинмаларини ­қуйидагича ифодалайди: “Буюк ва ­бетакрор Президентимизнинг оламдан ўтиши бизни чуқур қайғуга солди. Муҳтарам Юртбошимиз қисқа вақт ичида юртимизнинг олтин даврини яратди. Бунга узоқдан мисол излаш шарт эмас. Эшик ҳатлаб кўчага ­чиқишимиз билан буни дарров ҳис этамиз. Кўчамизда кўпчилик биладиган, мустақиллик йилларида янада кўркамлашган Савицкий номидаги ­музей ва кўп қаватли замонавий ­тураржой биноларини олайлик. ­Умуман, шу даврда Нукуснинг ҳар бир кўчаси, мавзе ва маҳалласи обод бўлди. Қорақалпоғистон мустақиллик йилларида гуллаб-яшнади. Биз буни миннатдорлик билан эслаймиз ва ­барчаси учун бу улуғ зот олдида ­таъзим қиламиз”.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад халқимизнинг тинч ҳамда фаровон ҳаёт кечириши, унинг шу заминнинг ҳақиқий эгаси бўлиб, кўксини баланд кўтариб, ғурур-ифтихор билан яшашини таъминлашдан иборат эканини қайта-қайта таъкидлар эди. Ана шундай ёндашув асосида ­“Ислоҳот — ислоҳот учун эмас, ­аввало инсон учун” деган ҳаётбахш шиор Ўзбекистонда давлат сиёсати ­даражасига кўтарилди.

Мустақиллигимизнинг меъмори ва ижодкори бўлган буюк Йўлбошчимиз ­мамлакатимизнинг чорак асрлик ­мустақил тараққиёти давомида унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, ­маънавий-маърифий пойдеворини яратиш ҳамда мустаҳкамлашга ­бевосита раҳбарлик қилди. ­Юртдошларимиздан келаётган кўплаб мактубларда ана шу сиёсат натижасини уларнинг ҳар бири ўз ҳаёти, фарзандлари, яқинлари, оиласи тақдирида кўриб, ҳис этиб, бунинг учун азиз Юртбошимизга юрак-юракдан самимий миннатдорлик билдиришни ўзининг инсоний бурчи, деб ҳис қилаётганини англаймиз.

Навоий вилояти, Хатирчи тумани, ­Лочин қишлоғида истиқомат қилувчи Акбар ­Товмуродов ўз фикрларини қоғозга ­шундай туширган: “Биз учун ҳар кунги тинч ва осойишта ҳаёт табиийдек, ўз-ўзидан бўлаётгандек туюлади. Лекин бу тинч­лик, хотиржамлик замирида Ислом Каримовнинг машаққатли ­меҳнати, чексиз заҳмати, айни пайтда узоқни кўзлаб олиб борган доно сиёсати мужассам эканини бошимизга тушган мана шу оғир айрилиқ ­кунларида чуқур англаб, яққол сезиб турибмиз.

Йўлбошчимиз ўзбекнинг ориятини, ғурурини қайта уйғотди, кўкларга ­кўтарди. Биз қандай буюк аждодларнинг авлоди эканимизни дилимизга жойлади. Улуғ ­бобокалонларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, ­Бурҳониддин ­Марғиноний, Паҳлавон ­Маҳмуд, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, соҳибқирон Амир ­Темур каби ўнлаб, юзлаб аждодларимиз, аллома ва мутафаккирларимизнинг муборак ­номларини улуғлади, маънавиятимизни ­тиклади. Ўзбекни, Ўзбекистонни дунёга танитди.

Бугунги кунда виждон эркинлиги ­сабаб ҳар биримиз бемалол муқаддас динимизга эътиқод қилмоқдамиз, хонадонларимизни Қуръони карим нурлари мунаввар ­айлади, қалбларимизга иймон-эътиқод ­қайтди. ­Юртимизда ҳалол меҳнат қилган ҳар бир инсон меҳнатидан роҳат, ҳузур-ҳаловат ­топмоқда. Мана, бир мисол, ­менинг ҳамқишлоғим, биринчи гуруҳ ­ногирони ерга меҳр қўйиб, ­деҳқончилик қилди. Туну кун даладан бери келмасдан, ўзини аямади, оромидан кечди. Йил ­якунида мўл ҳосил кўтарди. Ҳалол тер тўкиб меҳнат қилган кам бўлмайди, ­албатта. ­Ҳамқишлоғим ҳам меҳнатига ­яраша мўмай даромад олди, ­яхшигина фойда кўрди. Бир ­йилда оиласига “Нексия” ­автомашинаси олди.

Буларнинг барчаси Ислом ­Каримовнинг юртимизда фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб бергани, соҳибкору миришкорларни ҳар томонлама қўллаб-­қувватлагани, у кишининг ­раҳнамолигида мамлакатимизда ­деҳқон ва фермерлар учун яратиб ­берилган кенг имконият ва шароитларнинг, ­Ўзбекистонда қарор топган ­адолатли ва ­оқилона сиёсатнинг натижаси ­эмасми?!

Ҳеч шубҳасиз, шундай. Ҳақиқатан ҳам, Ислом Каримов даврида ўзбек ­деҳқонининг елкасига офтоб тегди. Ўзбек ­деҳқони шу буюк Йўлбошчи ­туфайли рўшнолик кўрди. Мустабид ­тузум даврида Ўзбекистон улкан ­империянинг чекка ўлкаси сифатида Марказга хом ашё етказиб берадиган қолоқ республикага айланиб қолгани, ҳудудсиз пахта далаларида юзи ­сарғайиб, бели букчайган ­деҳқоннинг косаси ҳеч қачон оқармагани асло ­хотирамиздан ўчмайди”.

Сурхондарё вилояти, Шўрчи туманидан йўлланган хатда ҳам шу мавзу давом ­эттирилган. “Акбар” фермер хўжалиги ­раҳбари Ш. Қурбонов кўнгил кечинмаларини ёзади: ­“Муҳтарам Президентимиз ­Ислом Каримовнинг “Ўзбек ­деҳқонининг меҳнати — бу ҳақиқий қаҳрамонликдир, деб айтишдан мен ҳеч қачон чарчамайман. Ўзбек деҳқонига тенг ­келадиган заҳматкаш ва миришкор ­инсонларни дунёда топишнинг ўзи қийин” деган сўзларини доимо қалбимда асраб юраман. Бу сўзлар худдики менга қараб айтилгандек бўлаверади ва доим кўнглимда акс садо ­бериб, кучимга куч, ғайратимга ғайрат ­қўшилади.

Йигирма йиллик фермерлик фаолиятим мобайнида Ислом ­Каримов ­раҳнамолигида бошланган, бизнинг қишлоқ хўжалигимиз учун буюк тарихий бурилишни бошлаб берган фермерлик ҳаракати бугунги кунда қишлоқларимизда қандай етакчи кучга ­айлангани, чўп суқса, ­шиғил ҳосил ­берадиган дарахт бўлиб униб-ўсадиган унумдор ер-тупроғимиз ҳақиқий эгаси — чин ­деҳқоннинг қўлига ўтгани туфайли ­бозорларимиз мўл-кўл. ­Турмушимиз ­кундан-кунга фаровон бўлиб, одамларимиз ҳар ­томонлама бойиб бораётганини ўз ­тақдирим, оиламнинг ҳаёти ­мисолида ­исботлаб беришим мумкин.

Юртбошимизнинг “Қишлоқ ­тараққий этса, мамлакат обод бўлади” деган даъвати ҳозирги кунда бутун мамлакатимизни қамраб олди. Бу улуғ зот халқимизнинг фидойи фарзанди сифатида Ўзбекистоннинг гуллаб-­яшнаши йўлида ўзини сира аямади. Президентимизнинг вафоти барчамизни чуқур ­қайғуга солди, бошимизни эгиб қўйди. Лекин дилимизда шундай бир таскин борки, у кишининг ғоялари, бизга ­қолдирган ўгитлари, сўнмас хотираси доимо биз билан бирга, ҳамиша ­йўлимизни ёритиб ­туради”.

“Улкан азму шижоат, жасорат, ­мардлик ва бағрикенглик фазилатлари соҳиби бўлган ­Ислом ­Каримов республикамизга ­раҳбар бўлиб келганидан сўнг асрий истибдодга барҳам берилди,— деб ёзади Самар­қанд вилояти, Нуробод тумани, “Жом” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи Эштурди Раҳимов. — Халқимизнинг руҳи кўтарилди, ­эртанги кунга, ёруғ истиқболга умид ва ишонч пайдо бўлди. Одамларимиз ботир ва олижаноб раҳбарнинг ­ортидан эргашди. Мустақилликка эришган ­мамлакатимизда Юртбошимиз эътибор қаратмаган биронта соҳа қолмади. ­Натижада 25 йил ичида давлатимиз ҳар жиҳатдан оёққа турди, ривожланиш босқичига кирди, эришган ­натижа ва ютуқлари билан дунё аҳлини ­ҳайрон қолдира бошлади. Буни бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ”.

“Фарзандларимиз биздан кўра кучли, ­билимли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!” — Ўзбекис­тон Республикасининг Биринчи ­Президенти бу шиорни ­барчамиз учун буюк мақсадга, ҳаёт ­мезонига айлантирган эди. Ислом ­Каримов ­томонидан 1997 йили мамлакатимизда собиқ тузумдан қолган, ўзини оқламаган таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга, ёшларни миллий ҳамда умуминсоний ­қадриятлар ­руҳида тарбиялашга, ҳар ­томонлама билимли, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга қаратилган ­Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ишлаб чиқилди ҳамда қабул қилинди.

Мазкур дастур муваффақиятли амалга оширилиши натижасида ­юртимизда ­замонавий талабларга жавоб берадиган, 9+3 схемаси ­бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими яратилди.

Бугунги кунда 10 мингга яқин тубдан ­реконструкция қилинган ва янгитдан қурилган мактаблар ва 1 минг 500 дан зиёд академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежлари, 300 га яқин болалар мусиқа ва санъат мактаблари, қарийб 2200 та болалар спорти иншоотлари ўқувчилар ихтиёрида. Мактаб, лицей ҳамда коллежларимиз ўқувчилари, олий ўқув юртлари ­талабалари учун “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада ўйинларидан иборат уч ­босқичли спорт мусобақаларининг ягона тизими ташкил этилгани юртимизда ҳар ­томонлама соғлом ҳамда бар­камол авлодни тарбиялашга хизмат қилмоқда.

Келаётган хат ва номаларда ­давлатимиз раҳбарининг ёшларга юксак меҳри ҳамда эътибори, шу йўлда қилган буюк хизматлари ­алоҳида эсга олинади.

Хоразм вилояти, Урганч шаҳрида истиқомат қилувчи Қадам Ҳусаинов ёзади: “Ушбу хатни кўзёшларим билан ёзаяпман. Биз ёшларга Ислом Каримов нафақат ­Юртбошимиз, балки отамиздек азиз ва қадрли эди. У кишининг қўллаб-қувватлаши, қалб меҳрини ҳар қадамда сезиб турар эдик. Ҳақиқатан ҳам, бутун ­Ўзбекистон фарзандлари — бу улуғ инсоннинг фарзандлари эди.

Кўҳна ўзбек диёри Ислом ­Каримовнинг машаққатли меҳнати, оқилона ­сиёсати билан дунёга танилди. Биз, ёшлар у киши бошлаб берган шонли йўлни оғишмай давом эттирамиз, ­Ўзбекистонни кўз қорачиғидек асраймиз. Бу — буюк инсоннинг руҳи поки олдидаги барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади...”

Янгийўллик меҳнат фахрийси ­Саиджон Кабировнинг фикрлари ҳар бир кишини ­чуқур ўйга толдиради: “Ислом Каримов вафоти ҳамма қатори бизнинг оиламиз, шахсан ўзим учун оғир жудолик бўлди. Бу улуғ инсон қалбимнинг тўридан ­мустаҳкам жой олиб, отамдек қадрдон бўлиб қолган эди.

Мен ёшлигимдан улуғ зотларнинг ҳаёт йўллари, уларнинг ғоя ва қарашлари ёзилган асарларни ўқишга қизиқаман. Умрини ўз халқининг озодлиги ва ободлигига ­бағишлаган Юртбошимизнинг ўлкамизга раҳбар бўлиб келган илк даврдан шу ­бугунги кунга қадар қилган барча ­маърузалари, китоблари хонадонимдаги мўъжаз кутубхонамдан жой олган. Бу инсон ўз ­халқи, ўз юрти учун ёниб яшади.

Айниқса, ўсиб келаётган фарзандларимизнинг баркамол ­авлод бўлиб ­етиши йўлида барча шарт-шароитларни яратиб, юртимизнинг бугуни ва ­келажаги буюк бўлиши учун беқиёс ҳисса қўшди. Юртимиз бошига тушган оғир синовли кунларда кўксини ­қалқон қилиб, халқимизнинг тинч­лиги йўлида ўзини аямаган элимизнинг содиқ ­фарзандининг номи қалбларимизда абадий қолади”.

Сурхондарё вилояти, Узун тумани, ­Ўзбекистон маҳалласида яшовчи Дилдора Турдиеванинг сатрларини ҳам ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди: “Бизга ўхшаган чин етимлар Сиз туфайли, Сизнинг халқпарвар, одил сиёсатингиз сабабли ҳеч кимдан кам бўлмай вояга ­етдик. Ейишда, кийинишда, таълим-­тарбия олишда камчилик кўрмадик. Отамиз ҳам, онамиз ҳам Сиз бўлдингиз. Биз Сиздан миннатдормиз, қарздормиз, бобожон! Берган тарбиянгиз, кўрсатган меҳрингиз ҳақи-ҳурмати биз ­Ватанимиз, унинг тинчлиги, ­фаровонлиги учун боримизни, керак бўлса, ­жонимизни ­берамиз”.

“Ободлик кўнгилдан бошланади” деган олижаноб даъват халқимиз қалбидан ­чуқур жой олганини бугун барчамиз кўриб-­билиб турибмиз. Ана шундай ёндашув асосида вилоят­ларимиз марказлари, шаҳару ­қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, замонавий кўриниш олди. Мустақиллик йиллари юртимиз учун том маънода ­бунёдкорлик даври бўлди. Хат муаллифлари амалга оширилган барча қурилиш ва ободончилик ишларининг ­ташаббускори ва ташкилотчиси ­сифатида ҳақли ­равишда ­Президентимиз Ислом ­Каримов номини миннатдорлик ­билан эсга оладилар.

Андижон вилояти, Пахтаобод ­қурилиш ва коммунал хизмат кол­лежи устаси Маматоир Ҳайитбоев ҳамда тумандаги 20-умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Мунаввархон Жўрамирзаева ­қуйидаги ­фикрларни билдиради: “Юртбошимизнинг амалга оширган оламшумул ­ишларини санаб адоғига етолмаймиз. Айниқса, Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши биз, водийликларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилди. Мана, ­бугун Биринчи ­Президентимиз солган бу улуғ йўлдан олтин водийга учқур ­поездлар тоғлар шамолидек елиб қатнамоқда. Бу улуғ йўл миллионлаб одамларнинг тақдирини ўзгартириб юборди... Азиз Юртбошимизнинг охиратлари обод бўлсин...”

“Жиззах аккумулятор заводи” ­акциядорлик жамияти меҳнат жамоа­си номидан ­келган хат ҳам ҳеч ­кимни бефарқ қолдирмайди. Унда давлатимиз раҳбарининг фаолия­тидан ғурурланиш, фахрланиш туйғуси ­мужассам: “Ўзбекис­тон ­Республикасининг Биринчи ­Президенти, муҳтарам Юртбошимиз Ислом ­Каримовнинг вафоти бутун халқимиз қатори ­Жиззах аккумулятор заводи меҳнат ­жамоасини ҳам чуқур қайғу ва изтиробга солди. Корхонамизнинг 560 нафарлик ишчи ва меҳнатчилари бу табаррук инсоннинг хотирасини, унинг Ўзбекистон халқи, Жиззах вилояти, бизнинг заводимиз учун қилган хизматларини ҳеч қачон унутмайди. Негаки, бизнинг корхонамиз ­айнан ­Юртбошимиз томонидан имзоланган 1998 йил 26 октябрдаги қарорга ­асосан ташкил этилган бўлиб, корхона у кишининг эътибори ва бевосита ­раҳнамолиги остида самарали фаолият юритмоқда”.

“Ўзбекистон Республикасининг ­Биринчи Президенти Ислом ­Абдуғаниевич Каримовнинг вафоти ­бутун мамлакатимиз халқи қатори биз, деҳқонободликларни ҳам чуқур ­қайғуга солди, — дейилади “Нуроний” жам­ғармаси ­туман бўлинмаси кенгаши раиси К. Эшбоев, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Д. Қулматов, “Камолот” ёшлар ­ижтимоий ­ҳаракати туман кенгаши раиси Ҳ. Жумаев томонидан ёзилган ­мактубда. — Мустақил юртимизда ­амалга оширилган барча буюк ишлар улуғ Юртбошимиз Ислом Каримов номи билан ­чамбарчас боғлиқдир. Буюк Йўлбошчимизнинг мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари ­бизнинг туманимиз тараққиёти учун қилган улкан хизматларини деҳқон­ободликлар абаду­л­абад унутмайди. Биргина ­Тошгузар — Бойсун — ­Қумқўрғон темир йўли биз, деҳқон­ободликларнинг тақдир ва келажак, ­бахту саодат йўлимизга ­айланди”.

“Яхшидан боғ қолади”, дейди доно ­халқимиз. Дарҳақиқат, боғ узоқ йиллар мева бериб, одамларнинг тўқлиги, рўзғорларнинг бутлиги учун хизмат қилади. ­Олтиариқлик Озодахон Ҳамролиева ­Президентимиз Ислом Каримовдан ­мустақил Ўзбекистон деган муаззам бир боғ қолганини таъкидлайди: “Ота-онамдан эрта айрилган эдим. Сиз ота-онам эдингиз, Сизнинг эътибор ва ­ғамхўрлигингизни доим ҳис қилиб яшадим. Мана, Сизни ҳам йўқотдим. Юрагим ҳувиллаб қолди, ёлғизлигим роса билинаяпти. Сизни Тошкент кўчалари бўйлаб сўнгги манзилга олиб кетаётганини телевизорда кўрдим. Бораётган йўлингиз халқимиз тутган гулларга тўлиб кетди. Сизни ҳамма яхши кўришига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Мен ҳам, барча халқимиз ҳам кимни, қандай улуғ инсонни йўқотганини ўша онларда чуқур ҳис қилди. Барчамиз қон йиғладик...

Машиналар сафи кўприкка етиб ­келганида экранда сизнинг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” деган ­даъватингиз ёзилган ёзув кўринди. Отажон, Сизнинг ҳаётингизнинг ­маъно-мазмуни ифодаланган битик эди бу. Сиздан озод ва обод Ватан — ­Ўзбекистон қолди...”

Буюк Юртбошимиз хотирасига ­мурожаат тарзида ёзилган хатлар орасида ­муаллифларнинг самимий кўнгил кечинмалари шеърий йўл ­билан ифодаланган ­хатлар ҳам кўп.

Фарғона вилояти, Марғилон ­шаҳрида яшовчи 64 ёшли онахон Шарофатхон ­Мадалиева кўнглидаги қайғу ва изтиробли ҳис-туйғуларини бундай ифода этади:

Баланд тоғлар паст бўлганга

ўхшайди-ку, отажон!

Вафотингиз рост бўлганга

ўхшайди-ку, отажон!

Кўз ёшларим қуримайди

энди сира, отажон!

То тирикман, унутмайман,

меҳри дарё отажон!

Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи Азиза Икромова ҳам дил сўзларини шеърий сатрлар орқали баён қилади:

Бу кун қалбимизда,

кўзимизда ёш,

Гўё кўкдан кетди

порлаган қуёш.

Элим деб, юртим деб

яшаган инсон,

Наҳотки йўл олди

сўнг манзил томон.

Яратганнинг олдида

ёруғ юзингиз,

Биз учун ибратдир

босган изингиз.

Қалбларда сақлаймиз

ҳар бир сўзингиз,

Ўттиз икки миллион халқ —

ўғил-қизингиз.

Ватандошларимиздан келаётган аксарият хатларда Биринчи ­Президентимиз ­Ислом Каримов ­томонидан юксак салоҳият ва бой тажриба асосида, мамлакатимиз ҳамда ­халқимизнинг ўзига хос ­хусусиятлари, шу билан бирга, ­дунёдаги ривожланган демократик давлатларнинг тараққиёт йўлини ­чуқур таҳлил этиш орқали давлат ва ­жамият бошқаруви соҳасида ҳар ­томонлама пухта тизим яратилгани ҳамда бу тизим бундан буён ҳам ­самарали фаолият кўрсатишига ишонч билдирилган.

“Юртбошимиз вафот этган кунларда барча ўзбекистонлик, бутун миллат ғамга ботди, ­мотам қилди, ўзбек ­замини қайғуда қолди, — деб ёзади ­Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи Дилфуза Халлоқова. — ­Ватани, халқи учун яшаб, умрини шу йўлда фидо қилган буюк инсон халқи томонидан албатта буюк эъзоз топиши, у бошлаган ишлар давом этиши ҳақидаги ­тарихий ҳақиқат, давлатимиз ­бошқаруви ишончли қўлларда экани яна бир бор ўз исботини топди”.

Навоий вилоятидаги Зарафшон компьютер технологиялари коллежи ўқитувчиси Феруза Эшонқулова бундай ёзади: ­“Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ­халқимиз учун қилган буюк хизматлари ҳеч қачон унутилмайди. Юртбошимиз бош-қош бўлиб барпо этган кўркам иморатлар, кўприклар, темир йўллар, боғу роғлар, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал, озод ва обод мамлакат авлодларимиз томонидан янада обод ва ­фаровон қилинишига ҳеч шубҳамиз йўқ. Негаки, бу зот янги, замонавий ўзбек давлатчилик бошқарувининг ҳам асосчисидир. Ислом Каримовнинг ­халқпарвар ғоялари, бошлаб берган эзгу амаллари сафдошлари, шогирдлари томонидан бардавом бўлишига чин юракдан ишонаман”.

Мактублар орасида турли хорижий ­ташкилотлар ҳамда чет эл фуқароларидан келаётган хатлар ҳам жуда кўп. Уларда ­эл-юртимиз ­истиқлол йилларида қўлга киритган барча ютуқ ва натижалар Биринчи ­Президентимизнинг қутлуғ номи ҳамда ­фаолияти билан ҳақли равишда боғлиқ ­экани алоҳида қайд этилиб, Ислом ­Каримов Марказий Осиё ­минтақасида ва бутун ­дунёда тинчлик ҳамда барқарорликни ­сақлашга улкан ҳисса қўшгани эътироф қилинади.

Япониянинг Васэда университети ­президенти Каору Камата ўз мактубида бундай ёзади: “Васэда университети 2002 йил 30 июлда Ислом Каримов ­жаноби олий­ларига “Фахрий доктор” унвонини беришга муяссар бўлгани ­билан ҳамиша фахрланади.

Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг Биринчи ­Президенти сифатида 1991 йили мустақиллик эълон қилинган ­вақтдан бошлаб ўзининг она ­Ватанга буюк садоқати ва етакчилик салоҳияти билан янги, замонавий ­мамлакат қуриш йўлида сиёсий ва ­демократик ислоҳотларни ­изчил ­амалга оширди.

Минтақа ва мамлакат учун энг оғир дамларда Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб олиб борган ­сиёсий йўли, ташаббус ва амалий ишлари ­билан Ўзбекистон халқаро майдонда юксак обрў-эътиборга сазовор бўлди”.

“Мен, Савченко Галина ­Петровна, Украина фуқаросиман, — деб ёзади ­мазкур хатлардан ­бирининг муаллифи. — ­Ўзбекистоннинг Биринчи ­Президенти, дунёнинг буюк ­давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ­вафоти муносабати билан ­бутун ­Ўзбекистон халқига, у кишининг қариндошлари ва яқинларига ­чуқур ҳамдард­лигимни изҳор қиламан”.

Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон ­халқларининг дўстлиги, аҳиллиги ­чуқур тарихий илдизларга эга бўлиб, биз қувончли ва ташвишли кунларда доим ёнма-ён, ­елкадош бўлганмиз ҳамда бир-биримизни беғараз қўллаб-қувватлаб келганмиз. Бу қардошликнинг вақт синовидан ўтиши ва муттасил равишда мустаҳкамланиб ­бориши учун ­Ислом Каримов кўпдан-кўп амалий саъй-ҳаракатлар кўрсатган ҳамда ҳаётий ташаббуслар билан чиққан эди. Озарбайжонлик Х. Ҳожиевнинг мактубида мана шу буюк мақсад ва эзгу интилиш ҳеч қачон сўнмаслиги, доимо тараққий этишига бўлган қатъий ишонч яққол сезилиб ­туради, оғир ва қайғули кунларда эл-юртимизга, марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдард­лик билдирилиб, сабр-тоқат ­тиланади:“Ислом Каримовнинг бар­ҳаёт ғоя ва қарашлари ўзбек халқининг ­қалбида мангу яшашига ишонаман. Улуғ ғоялар, буюк шахслар ҳеч қачон ўлмайди”.

Қирғизистон Республикаси, Ўш вилояти, Аравон тумани, Тепа­қўрғон қишлоғида ­истиқомат қилувчи Х. Азимов ёзади: “Мен ушбу ҳамдардлик мактубини Қирғизис­тоннинг чекка бир қишлоғидан туриб ёзмоқдаман. Ислом ­Каримовнинг ­вафоти бизнинг қалбимизга ҳам оғир қайғу олиб келди. ўам-қайғунгизга ­шерикмиз. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда жуда катта, ҳавас ­қилгулик ўзгаришлар бўлди. Буларнинг ҳаммасини ­халқпарвар Ислом Каримов амалга оширди”.

Чин юракдан битилган бундай хатлар, ёдномалар, дил изҳорларидан яна кўплаб намуналар келтириш мумкин. Уларнинг мазмунини мухтасар ифода этадиган бўлсак, барча мактуб эгалари ўз ҳаёти, фарзандлари ва мамлакатимиз тақдирини ­Биринчи Президентимизнинг ибратли ҳаёти ҳамда бунёдкорлик фаолияти билан ­чамбарчас боғлиқ ҳолда кўриб, шундан куч олиб яшаётгани аён бўлади. Ҳар бир ­хатнинг мазмунида чуқур қайғу ва шу ­билан бирга, бутун ҳаётини ўз халқи ҳамда ­Ватанига бағишлаган буюк Йўлбошчимиз билан фахрланиш, бу улуғ ­зотнинг ­хотирасига муносиб бўлиш туйғулари ­ифода этилган.

Ўзбекистон Республикасининг ­Биринчи Президенти, халқимиз учун азиз ва ­қадрли бўлган Ислом ­Каримов барчамиз учун буюк ибрат намунаси бўлиб, ўзидан улуғ мерос қолдирди. Бу меросни кўз қорачиғидек ­асраш ҳамда янада бойитиш ­бугунги ва келажак ­авлодларнинг ­муқаддас инсоний бурчидир.

А. ЖОНУЗОҚОВ,

У. РЎЗИЕВ.


Кўришлар сони: 39888

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими