Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ҳамкорлик янада яхшиланади

Ҳамкорлик янада яхшиланади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбекистон Республикаси қонунларини ОАВда тарғиб қилиш масалалари» мавзусига бағишланган семинар ўтказилди. Семинарда Қонунчилик палатаси депутатлари, олимлар, суд-ҳуқуқ тизими ташкилотларининг матбуот хизмати вакиллари, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси, “Ижтимоий фикр”жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларидаги янгиланиш одимлари ва шиддатлари, мамлакатда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар Олий Мажлиснинг қонунчилик фаолиятида ҳам акс этганлигини, қисқа даврда миллий қадриятларимиз ва жаҳон тажрибаси асосида ислоҳотларни ўз вақтида ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган қонунлар қабул қилинганлигини таъкидлаб ўтдилар. Икки палатали парламентга ўтилиши эса қонунчиликни янада такомиллаштириш имкониятини берганлиги ва қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда оммавий ахборот воситаларининг тутган ўрни, аҳамияти катта бўлаётганлиги ва бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан оммавий ахборот воситаларининг ўзаро ҳамкорлигини янада такомиллаштириш масалалари ҳақида сўз юритдилар.
Қонунчилик палатасига ўтган тўрт ярим йилда 278 та қонун лойиҳаси келиб тушди. 213 та қонун қабул қилинди ва Сенат томонидан маъқулланди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари саҳифаларида янги қонунларнинг китобча шаклида берилиши уларнинг ўз вақтида оммавийлашувини таъминламоқда.
Шунингдек Қонунчилик палатаси назорат-таҳлил фаолияти доирасида 227 та масала ўрганилди ва 592 та тадбир (94та конференция, 209 та семинар ва 289 та давра суҳбати) ўтказилди. Депутатлар ўз сайловчилари билан 12501 марта учрашув ўтказдилар. Депутатларнинг ана шу кўп қиррали фаолияти марказий ва маҳаллий газета ва журналларда, телевидение ва радио дастурларида, интернетда кенг ёритиб борилди.
Дарҳақиқат, Қонунчилик палатаси ўтган йиллар давомида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кенг йўлга қўйди. Масалан, Ўзбекистон телевидениеси ва радиосининг ахборот дастурлари Олий Мажлис фаолиятини мунтазам ёритиб бормоқда. “Парламент соати” “Парламент вақти” деб аталувчи махсус кўрсатув ва эшиттиришлар бериб борилмоқда. “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари саҳифаларида “Олий Мажлис Қонунчилик палатасида”, “Депутат минбари” рукнлари мавжуд. Сиёсий партияларнинг фракциялари фаолияти сиёсий партиялар газеталарида изчил ва атрофлича ёритилмоқда. Бу Қонунчилик палатасининг ОАВ билан ҳамкорлигининг самараси бўлиб, бунга журналистлар билан бирга депутатлар муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Журналистлар фуқароларни янги қонунлар, парламентнинг назорат-таҳлил фаолияти ва тадбирлари билан мунтазам таништириб бормоқдалар, депутатларнинг ОАВда мунтазам чиқишларини уюштирмоқдалар. Бунда депутатлар қуйи палата фаолияти, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари билан аҳолини доимий равишда таништириб, қабул қилинган қонунларга шарҳлар бериб, уларни изоҳлаб, ўз фикр-мулоҳазаларини баён этиб борадилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, журналистлар қонунчилик фаолиятини ёритишда асосан журналистика жанрларининг хабар, интервью шаклидан фойдаланадилар ҳамда “Депутат минбари” рукни остида материаллар бериб борадилар. Улар жанрлар хилма-хиллигини таъминлашга, қонунларнинг мазмун-моҳиятини янада кенгроқ очишга қаратилган проблематик мақолалар камлигини эътиборга олишлари керак. Шунингдек мақолаларда журналист нуқтаи назари ҳамиша ҳам кўринавермайди. ОАВда қонунларни тарғиб этиш ва Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликни янада такомиллаштиришнинг талай имкониятлари мавжуд.
Семинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси қонунларини ОАВда тарғиб қилиш юзасидан олиб бориладиган ишлар тўғрисида фикр алмашдилар ва бу борада ҳамкорликни янада яхшироқ йўлга қўйиш ҳақида келишиб олдилар.


Кўришлар сони: 7676

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими