Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Пластик карточка тўлов тизимининг муҳим омили

Пластик карточка тўлов тизимининг муҳим омили

2009 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамкорлигида «Мамлакатда пластик карточкаларнинг кенг жорий этилиши – тўлов тизимини такомиллаштириш ва истеъмолчилар манфаатларини таъминлашда муҳим омил» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси вакиллари ўз маърузалари билан қатнашдилар.
Давра суҳбатида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раиси И.Саифназаров, Марказий банк раиси ўринбосари Ш.Ҳайдаров, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Э.Гадоев, Ўзбекистон банклари ассоциацияси бош директори С.Абдуллаев ва бошқалар таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 6 апрелдаги «Тижорат банклари депозитларига аҳоли ва хўжалик субъектлари бўш пул маблағларини жалб этишни янада рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги, 2006 йил 3 августдаги «Пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 сентябрдаги «Пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларида республикамизда пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришга доир қатор вазифалар ва чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Марказий банк, тижорат банклари ва Ўзбекистон банклари ассоциацияси томонидан мамлакатимизда пластик карточка тизимини жорий этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди.
Давра суҳбатида пластик карточкалар асосида нақд пулсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантириш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда тизимни жорий қилишдаги камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш йўллари кўриб чиқилди. Жумладан, банк тизимида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 2009 йил 1 октябрдаги ҳолатга кўра, тижорат банклари томонидан 42.000 тадан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларида, шу жумладан, аҳолига пластик карточкалардан нақд пул маблағлари ўз вақтида берилишини таъминлаш мақсадида тижорат банкларининг 3.754 та бўлинмасида (мини-банк, жамғарма ва махсус кассаларида) ҳисоб-китоб терминаллари ҳамда жойларга 204 та банкомат ва 122 та инфокиоска ўрнатилган. Пластик карточкага эга бўлган мижозлар сони эса 2009 йил 1 сентябрдаги ҳолатга кўра 5 миллион 333 минг кишидан ортиқни ташкил этмоқда.
Тижорат банклари томонидан тўловларни пластик карточкалар орқали амалга ошириш имкониятларини янада ошириш мақсадида 2009 йил якунига қадар савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларидаги терминаллар сонини 60 мингтага етказиш режалаштирилган.
Шу билан бирга, мамлакатимизнинг Бухоро ва Навоий вилоятларида пластик карточкалар асосида тўловларни амалга ошириш тизими бошқа ҳудудларга нисбатан яхшироқ йўлга қўйилган. Лекин айрим ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар ва мутасадди давлат идоралари томонидан пластик карточкалар тизимини жорий қилишда сусткашликка йўл қўйилаётганлиги, айрим савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тўлов терминалларидан фойдаланилмаётганлиги ачинарли ҳолдир. Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида, Фарғона вилоятидаги Қўқон шаҳрида ва Тошкент шаҳридаги савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига хориждан валюта ҳисобига келтирилиб, ўрнатилган терминаллардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.
Давра суҳбатида бўлиб ўтган мунозаралар натижасида иштирокчилар томонидан мамлакатимизда пластик карточкалар асосида ҳисоб-китоб қилиш тизимини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Ушбу масаланинг долзарблигини инобатга олиб Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари бундай тадбирларни мамлакатимизнинг барча вилоят ва туманларида ҳам ўтказишга ҳамда пластик карточкалардан фойдаланишнинг қулайликлари тўғрисида аҳоли орасида кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб боришга келишиб олдилар.
Давра суҳбатида мазкур масалага бевосита алоқадор мутасадди вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.


Кўришлар сони: 7098

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими