Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ёшлик жўшқинлик ва жижоат, иштиёқ фаслидир

Ёшлик жўшқинлик ва жижоат, иштиёқ фаслидир

Ёшлик ҳар бир инсоннинг энг жўшқин, шижоатга тўла палласи. Унинг ҳар бир куни яратувчанлик, завқу шавққа бурканган онлардир. Юртимизда ҳар бир ёшнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланган. Қалбида иштиёқ, интилиш бўлган ёшларни давлатимиз кафтида тутиб, қўллаб-қувватламоқда. Юксак эътибор ва эҳтиромдан ғурурла улғаяётган баркамол авлод вакиллари ҳам шунга муносиб жавоб қайтаришга астойдил интилмоқда. Қуйида мамлакатимиз ёшлари учун яратилаётган имтиёзлар, эришилаётган ютуқлар борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, профессор:

— Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб ҳар томонлама камол топган, таълим ва касб-ҳунар сирларини онгли равишда танлаш ва кейинчалик пухта ўзлаштириш учун ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, психологик-педагогик ва бошқа тарздаги шароитларни яратишни, жамият, давлат ва оила олдида ўз жавобгарлигини ҳис этадиган фуқароларни тарбиялаш масаласини ҳал қилишга киришилди.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда ёшлар манфаатини тўлиқ таъминлаш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги фаоллигини ошириш учун ҳар томонлама шарт-шароитлар яратилди.

Биргина қонунчилик соҳасида ёшлар ҳуқуқлари, манфаати ва эркинлигини ҳимоя қилишга доир йигирмадан ортиқ қонунлар қабул қилинди, ўттиздан ортиқ халқаро ҳужжатлар имзоланди. Мавжуд таълим муассасаларини давр талаблари даражасида ислоҳ қилишдан ташқари, МДҲ давлатларида ўхшаши йўқ турдаги янги турдаги ўқув юртлари — касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ташкил этилди.

Таъкидлаш лозим, мамлакатимизда ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизи таълимга йўналтирилаётганлиги ёки давлат бюджетининг 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилаётганлиги, бунда таълим тизимига сарфланаётган қисми 35 фоизни ташкил қилиши, ёшларимизга таълим-тарбия бераётган устоз ва мураббийларга бўлаётган эътибор ва ғамхўрликлар фикримизнинг исботидир.

2015 йилнинг 23 январ куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги Президентимиз маърузасида келажагимиз бўлмиш ёш авлод тарбияси, одоб ахлоқи, уларнинг замонавий ахборот комуникация хизматларидан, жумладан, интернет тизимидан қандай фойдаланаётганликлари, интеграция жараёнлари кескин кучайиб, ахборот хуружлари тобора авж олиб бораётган бугунги таҳликали замонда, оммавий маданият кўринишидаги бизнинг мафкурамизга мутлақо ёт бўлган ғоялар жиддий хавф солаётган замонда ёшлар тарбияси билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг олдини олиш масалалари, ўқув муассасаларидаги таълим мазмуни, сифати, дарсликлар мазмуни, айниқса, тарих дарсликларининг ҳолати ва мазмуни, ёшлар тарбиясида ижтимоий гуманитар фанларнинг ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Таълим жараёнини ислоҳ этиш ва меҳнат бозорида талаб қилинадиган юқори малакали кадрлар тайёрлашда олий ўқув юртлари муҳим ўрин эгалламоқда. Мамлакатимизда замонавий ўқув жиҳозлари билан жиҳозланган, етук малакали мутахассислар тайёрлашга ихтисослаштирилган 59 та олий ўқув юртлари ва уларнинг 11 та филлиалларида бугунги кунда 260 мингдан кўпроқ талаба ва магистирларимиз таҳсил олмоқда. Мамлакатимиздаги мавжуд олий ўқув юртлари билан бир қаторда юртимизда фаолият кўрсатаётган Москва Давлат университети, Россия иқтисодиёт университети, Россия нефть ва газ университетлари, шунингдек халқаро обрў-эътибор ва чуқур тарихий илдизларга эга бўлган Европа ва Осиёнинг етакчи олий ўқув юртлари бўлмиш Буюк Британиянинг Вестминстер университети, Сингапур Менежментни ривожлантириш иниститути, Италия давлатининг Турин Политехника ҳамда Жанубий Корея республикасининг Инха университетларининг пойтахтимизда филиаллари фаолият кўрсатмоқда ва мазкур таълим муассасаларида, машинасозлик, нефть-газ иши, ахборот технологиялари, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, молиявий менежмент, тижорат хуқуқи каби меҳнат бозорида юқори талаб бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрланмоқда ва маҳаллий кадрларимиз иқтисодиётимизнинг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда дунё мамлакатлари ўртасида ўзаро интеграциялашув жараёнлари кучайиб, халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-ахлоқий тарбия ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда .юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажоввузларга қарши изчил кураш олиб боришга тайёрлашни барча таълим муассасалари, оила, маҳалла ва жамоатчилик ўзининг асосий вазифаси сифатида белгилаб олиши зарурлигини бугун давр тақозо этмоқда.

Глобаллашув шароитида ёшларни маънавий-аҳлоқий жиҳатдан шакллантириш, юрт равнақи, эл фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилишга ўргатиш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат ва эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш талаб этилмоқда. Бундай шароитда умумий ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасалари ҳамда олий ўқув юртларида олиб борилаётган таълим ва тарбия жараёнларида мазкур масалалар ўз аксини топиши, дарсдан бўш пайтларни унумли ва самарали ташкил этишлари, ёшларимизни турли ҳил ёд ғояларга қарши кураша оладиган, ўзининг мустақил фикрига эга бўлган, том маънодаги комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасида ўзларининг аниқ ва пуҳта йўналишларига эга бўлишлари лозимдир.

Мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар узоқни кўзлаб амалга оширилаётганлиги бугунги кунда нафақат ватандошларимиз, балки хорижий экспертлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.

Юртимизда бу борада амалга оширилган ишлар мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб, келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворига айланиб бораётган таълим соҳасидаги буюк дастурларимизнинг ўз вақтида, узоқни кўзлаб ишлаб чиқилгани ва амалга оширилгани нақадар тўғри бўлганлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Акмал ЖУМАБАЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси қонунчилик палатаси депутати,

Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси:

— Ҳозирги кунда сиёсий партияларнинг сиёсатнинг фаол субъекти сифатида ёшларга оид сиёсатни амалга оширишдаги иштироки долзарб масаладир. Чунки ёшларнинг давлат бошқарувидаги фаол иштироки сиёсий партиялар фаолияти орқали амалга ошади. Тадқиқотчилар партияларнинг вазифаси манфаатларни ифодалашгина эмас, уларнинг муҳим функцияларидан бири — ўз таянч базаси бўлган ижтимоий қатламнинг ўз манфаатларини англаш даражасига эришишига кўмаклашиш эканлигини таъкидлайдилар. Сиёсий партиялар ёшларнинг фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнига жалб этиш ва уларнинг бу жараёнда фаол иштирокини таъминлаш омили ҳисобланади.

Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий партияларнинг Дастурларида ёшлар сиёсатини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Масалан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) ёшларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини шакллантиришни, ёш тадбиркор ва фермерларга шарт-шароит яратиб беришни асосий вазифаларидан деб билади. Бу вазифа партиянинг мулкдорлар қатламига таянишидан келиб чиққани табиий ҳолдир. Миллий тикланиш демократик партияси Дастурида ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Дастурида ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари, “Адолат” социал-демократик партияси Дастурида эса ижтимоий адолат, ёшларнинг қонуний ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш вазифаларига эътибор қаратилади.

Мамлакатимизда давлат бошқарувини янгилаш ва жамиятни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида шаклланаётган янгича сиёсий муносабатлар ва янгича сиёсий майдон партияларимиздан ўз электорати, хусусан, ёшлар вакиллари билан ишлашнинг самарали ва таъсирчан механизмларига эга бўлишларини тақозо этади. Шундагина улар мамлакатимиз сиёсий саҳнаси ва жамиятимиз ҳаётидан мустаҳкам ўрин эгаллаб, ўз электорати ва ёшлар ишончини қозона олади.

Жамол НОСИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

— Юртимизда ёшларнинг муҳим ҳаётий масалаларни ҳал этишга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани самарасида ёшларимиз барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда.

Конституциямиз ва кўплаб қонунларда ёшларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ўз ифодасини топган. Жумладан, Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фаоллигини ошириш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни янада кучайтирди.

Қарорда ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсади кўзга тутилган.

Йигит-қизларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, баркамол авлодни тарбиялашда оммавий ахборот воситалари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни кенг ривожлантириш, уларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларни маънавий ва жисмоний камол топтириш, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, турли ёт ғоялар ва “оммавий маданият” таъсиридан асраш каби масалалар дастурнинг асосий вазифаси ҳисобланади.

Тараққиёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Ҳаётга муносабату ёндашувлар ўзгаради, ривожланишга интилиш кучаяди. Техника инқилоби рўй берган, ахборот алмашинуви шиддатли тус олган бугунги глобаллашув замонида эришилган ютуқ ва марралар билан чегараланиб, хотиржамлик ва бепарволик кайфиятига берилган борки, тараққиётдан муқаррар ортда қолади.

Жолдас АБДУЖАМИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Бугунги кунда инсоннинг эркин бўлиб яшашига қарши қаратилган, унинг руҳий дунёсини издан чиқариш мақсадини кўзлайдиган мафкуравий, ғоявий хуружни ифодаловчи “маънавий таҳдид” тушунчаси ўзига хос маъно ва мазмун касб этмоқда. Бундай мафкуравий хуруж муайян миллат, жамият, давлатнинг тинчлиги ва барқарорлигига қарши қаратилган, сиёсий ва конституцион тузумни заифлаштириш ва бузишга йўналтирилган ҳаракатдир.

Мафкуравий хуружлар, аввало, ёшлар қалби ва онгини эгаллашга йўналтирилган бўлиб, қўштирноқ ичидаги “оммавий маданият” сифатида қаралаётган иллат шиддат билан халқимизнинг буюк маънавий хазинаси бўлмиш одоб-ахлоқ, шарм-ҳаё каби фазилатларимизга тажовуз қилиб, кўп минг йиллик маънавий қадриятларимизга путур етказмоқда. Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” номли асарида таъкидлаганидек, “Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”.

Ёшларнинг билим даражаси, касбий малакаси, маънавий ва руҳий баркамоллик каби фазилатлари ва ижтимоий сифатлари бутун жамиятнинг ривожланиш даражасига салмоқли таъсир кўрсатмоқда. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда ёш авлод ҳақида ғамхўрлик қилиш асосий ва устувор вазифа қилиб белгиланди.

Жамиятда лаёқатли, ишбилармон, етук кадрларга амиша зарурат туғилади. Ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик бўлмиш илму маърифат, таълим-тарбияни инсон камолоти ва миллат равнақининг энг асосий шарти деб билган. Ана шу фикрга таянган ҳолда мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ таълим-тарбия масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши сифатида қаралиб, таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Миллий дастурнинг моҳияти - баркамол авлодни маънавий-аҳлоқий тарбия асосида етук қилиб тарбиялаш , талабаларнинг маънавиятини миллий истиқлол ғояси руҳида, ёшларни ватанга ва миллатга муҳаббат ёшларда виждон эркинлиги, билимдонлик, жисмоний етуклик, мустақил фикрни камол топтиришдир. Президентимиз баркамол авлодни шакллантириш хусусида фикр юритиб, бу борада барча имкониятларни яратиш зарур эканини таъкидлайди. Ёшларнинг жисмонан камол топтириш мақсадида болалар ва ўсмирлар ўртасида, айниқса, қишлоқ жойларда, спортни ривожлантиришга оид қатор комплекс дастурлар қабул қилинди. Республикамизнинг барча ҳудудларида ёшларимиз ўзаро ҳамжиҳатликда эзгулик ва яратувчилик завқи билан тинч-тотув ҳаёт кечираётганликлари, мустақил давлатимизнинг бугунги кундаги эришган энг катта ютуғи, қўлга киритган энг катта бойлигидир.

Козим ТОЖИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш мустақилликнинг дастлабки давриданоқ давлат аҳамиятига молик устувор масала бўлиб келмоқда. Ёшларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий онгини юксалтириш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш, иқтидорини ривожлантириш, ахборот хуружлари ва носоғлом муҳитдан ҳимоя қилиш — булар юртимиздаги ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишлари сирасига киради.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “олдимизда турган барча ғов ва тўсиқларни енгиш жараёнида ҳаммамиз учун энг таъсирчан қуролга айланадиган куч – бу халқимизнинг ҳуқуқий онгини, тафаккурини тарбиялаш, ҳуқуқий маданиятини ошириш, қалбида эркинлик ва масъулият туйғуларини қарор топтиришдир”.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган инсонпарварлик сиёсатининг таркибий қисми инсон ҳуқуқлари маданиятини юксалтириш билан узвий боғлиқдир. Миллий тараққиётнинг “ўзбек модели” замиридаги асл моҳият ҳам ҳар томонлама инсон ҳуқуқлари устувор жамият ва давлат барпо этишдан иборат. Мустақиллик йилларида инсонга берилган кенг ҳуқуқ ва эркинликлар уни ташаббускорликка, тадбиркорликка, бунёдкорликка, ўзи ва оила аъзолари, маҳалла-кўй ва эл-юрт учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга илҳомлантирмоқда.

Конституциявий-ҳуқуқий маданиятни шакллантириш инсон ҳуқуқларидан ажралмасдир. Шунинг учун Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар, эркинликлар ва мажбуриятларни тушунтириш ва тушуниб олишга бундан кейин ҳам жуда катта эътибор бериш лозим. Бинобарин, ҳар қандай қонун, аввало, уни билиш ва ҳурмат қилиш, унга сўзсиз риоя этиш орқали том маънода қонунийлик касб этади.

Ёшларнинг ҳуқуқий ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда замонавий ахборот воситалари, жумладан, интернет ва уяли алоқа тизимлари имкониятидан кенг фойдаланиш зарурлигини инобатга олган ҳолда, ҳуқуқий йўналишдаги сайтлар сони ва сифатини ошириш, уларнинг фойдаланиш учун қулайлиги масалалари муҳим аҳамиятга эга.

Бу борадаги яна бир ғоят муҳим жиҳат — жамоатчиликка давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари фаолияти ҳақида маълумот бериш, давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган қарорлардан, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, фуқароларнинг қонуний манфаатларига доир қарорлардан аҳолини кенг хабардор қилиб бориш механизмларини янада такомиллаштириш билан боғлиқ.

Бу ишлар кўп жиҳатдан ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни шакллантириш билан боғлиқ экани сир эмас. Зеро, ҳуқуқий нормалар одамлар онгига сингган ва уларга амал қилинган тақдирдагина яшайди ва рўёбга чиқади. Шунинг учун, энг аввало, ёшларда Конституцияга, қонунларга ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан чуқур ҳурмат ҳиссини тарбиялаш ғоят муҳим масаладир.

Элбек ШУКУРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

— Бош Қомусимизнинг баркамол авлодни тарбиялаш, уларни халқимизнинг кўп асрлик анъаналари, урф-одатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, барча турдаги шахсий, сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш борасида ғоявий-тарбиявий жиҳатдан беқиёс аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаш жоиз. Хусусан, Конституциянинг 41, 45, 64, 65-моддаларида вояга етмаганлар ҳуқуқларининг конституциявий кафолатлари мустаҳкамланган бўлиб, ушбу моддалар вояга етмаганларга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар учун асос бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришлар замирида ҳар томонлама баркамол – жисмонан соғлом, ақлан етук, нафақат кўплаб билимларни, ҳозирги даврда талаб катта бўлган касб-ҳунарларни эгаллаган, айни пайтда, мустақил ва ижодий фикрлашга қодир, интеллектуал салоҳияти юксак ёш авлод тўғрисида ғамхўрлик қилишдек устувор мақсад мужассам экани табиийдир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, олдимизда турган энг эзгу мақсадларимиз — мамлакатимизнинг буюк келажаги ҳам, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз ҳам, Ўзбекистоннинг XXI асрда жаҳон ҳамжамиятидан қандай ўрин эгаллаши ҳам — буларнинг барча-барчаси, авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Энг муҳими шундаки, бизнинг янги авлодимиз, билимли, ўтмишнинг ҳар қандай иллатларидан озод бўлган ёшларимиз бугунги кунда мамлакатимизни демократлаштириш ва либераллаштириш, уни янгилаш ва ишончли тарзда равнақ топтиришнинг ҳал қилувчи ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Кези келганда, бу борада эришилган ютуқларга яна бир тўхталиш ўринли бўларди. Инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни эгаллаб турибди. Ёки 2014 йилда “Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган 161 мамлакатдан иборат жаҳон рейтингида ўсиб келаётган ёш авлод саломатлиги ҳақида энг кўп ғамхўрлик кўрсатилаётган давлатлар орасида 9-ўринни эгаллади. Бу каби юксак эътироф ва эътибор намуналарини кўплаб келтириш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларимизнинг улкан салоҳиятини ҳар томонлама рўёбга чиқариш учун уларнинг илм-фан, техника, ахборот технологиялари, маданият, санъат, спорт, тадбиркорлик каби соҳалардаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистонда кучли ёшлар сиёсатини амалга оширишда давлат ва жамоат тузилмаларининг ижтимоий шериклигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарур.  


Кўришлар сони: 37829

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими