Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Ноқулай экологик муҳитнинг инсон соғлиғига салбий таъсири

Ноқулай экологик муҳитнинг инсон соғлиғига салбий таъсири
2009 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси парламенти билан ҳамкорликда ташкил этилган, ноқулай экологик муҳитнинг инсон соғлиғига салбий таъсири билан боғлиқ муаммоларни муҳокама этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда иккала парламент депутатлари, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирок этдилар.
Давра суҳбати ўтказилган жой бежиз танланмаган. Орол ҳалокатининг инсон соғлиғига салбий таъсири муаммоси барчага маълум. Бу таъсирдан биринчи навбатда ушбу минтақа марказида жойлашган Қорақалпоғистон аҳолиси жабрланмоқда.
Давра суҳбатини ўтказишдан мақсад ноқулай экологик муҳитнинг инсон соғлиғига таъсири билан боғлиқ муайян муаммоларни аниқлашдан, Оролбўйида яшовчи фуқаролар соғлиғини мустаҳкамлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқишдан, аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш муаммолари мажмуини ва уларни ҳал этиш йўлларини аниқлашдан, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишга ва, хусусан, уларнинг соғлиғини сақлашга, организмнинг йўқотилган салоҳиятини тиклашга қаратилган давлат дастурларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш йўлларини белгилашдан иборат бўлди.
Муаммони муҳокама қилиш чоғида таъкидландики, Оролбўйида келиб чиқиши ва оқибатлари даражасига кўра халқаро, глобал тусга эга бўлган экологик, ижтимоий-иқтисодий ва демографик муаммоларнинг мураккаб мажмуи вужудга келган. Давра суҳбати иштирокчилари ўз эътиборларини аҳолининг тоза ичимлик сувидан фойдаланишини яхшилаш, санитария ва гигиена даражасини ошириш, касалликларга чалиниш, болалар ва оналар ўлими даражасини пасайтириш, атроф муҳит муҳофаза қилинишини яхшилаш билан боғлиқ муаммоларга қаратдилар.
Соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ҳозирги вақтда Қорақалпоғистонда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида аҳолига 296 та тиббиёт муассасаси тиббий хизмат кўрсатмоқда, бундан 14 таси туман ва 2 таси шаҳар марказий касалхоналари, 15 таси диспансер, 5 таси ихтисослаштирилган стационар, 7 таси тиббий марказ, биттаси қишлоқ врачлик пункти касалхонаси, 179 таси қишлоқ врачлик пунктлари, 14 таси мустақил поликлиника ва бошқа ёрдамчи тиббиёт муассасаларидир. Аҳолини, аввало аёллар ва болаларни ижтимоий муҳофаза қилишни кенгайтиришга катта эътибор қаратилмоқда, шу туфайли чақалоқлар ўлимини 90-йиллардаги кўрсаткичларга қараганда 2 баравар, 5 ёшга тўлмаган болалар орасида эса 2,1 баравар, оналар ўлимини 6 баравар камайтиришга эришилди.
Мунозара қатнашчилари аҳоли саломатлиги ҳолати сифатли ичимлик суви билан таъминланиш даражасига боғлиқ эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Давра суҳбати иштирокчилари номақбул экологик муҳитдан жабрланаётган аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш муаммоси соғлиқни сақлаш органлари ҳал этиши лозим бўлган соф тиббий муаммо эмас, балки ижтимоий-иқтисодий муаммодир деган якдил фикрни билдирдилар. Экологиянинг аҳоли соғлиғига салбий таъсири оқибатларини бартараф этиш барча ҳокимият органларининг, парламент ва ҳукуматдан бошлаб маҳаллий ҳокимият органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда умуман бутун фуқаролик жамиятининг куч-ғайратини бирлаштиришга боғлиқ бўлади. Семинар иштирокчилари муҳокама якунлари бўйича вужудга келган экологик шароитда аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш йўлларини аниқлашга қаратилган аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқдилар, бу қўмита томонидан муҳокама этилган муаммо юзасидан ўз қарорини қабул қилиш учун асос бўлди.

Кўришлар сони: 5688

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими