Cайт ранги: A A


Бошқа тадбирлар

Қишлоқ врачлик пунктларида даволаш-профилактика ишларининг сифат самарадорлигини ошириш масалалари

Қишлоқ врачлик пунктларида даволаш-профилактика ишларининг сифат самарадорлигини ошириш масалалари
2009 йилнинг 26 июнь куни Тошкент вилоятининг Паркент тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Қишлоқ врачлик пунктларида даволаш-профилактика ишларининг сифат самарадорлигини ошириш масалалари” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Қизғин баҳс ва мунозаралар муҳитида ўтган ушбу давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар ва вилоятлар соғлиқни сақлаш Бош бошқармалари, Тошкент вилояти шаҳар ва туманлари соғлиқни сақлаш бўлимлари бошлиқлари ҳамда вилоятнинг қатор туманларидан қишлоқ врачлик пунктлари мудирлари, маҳаллий ва республика ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда эътироф этилганидек, мустақиллик йилларида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бугунги кунда мазкур йўналишдаги фаолият давлатимиз сиёсатининг энг устувор масалалари қаторидан ўрин эгаллаган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги (1998йил, 10 ноябр) Фармони айниқса бу борада мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Соҳада бошланган ислоҳотлар кўламини кенгайтириш ва улар самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган Президентимизнинг “Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2003 йил, 26 феврал) “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги (2007 йил, 19 сентябр) Фармони бўйича соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, бирламчи тиббий санитария ёрдами тизимини ислоҳ қилиш, қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВПлар)ни барпо этиш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.
Республика аҳолисига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатаётган мавжуд 3146 та ҚВПларнинг деярли барчаси зарур бўлган тиббий асбоб-ускуналар, аппаратуралар, жиҳозлар ва сарф материаллари билан таъминланган.
ҚВПлардаги санитария ҳолатининг, тиббий ҳужжатлар юритилишининг, сув, иссиқлик, электр таъминоти (автоном манбалар), қурилиш, таъмирлаш, қаттиқ ва юмшоқ жиҳозлар билан таъминлаш, бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш каби масалаларнинг ҳам айрим ҳудудларда талаб даражасидан йироқ эканлиги қўмита аъзолари – Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қўмитанинг тиббиётга оид Қонунлар ижроси бўйича амалга ошириб келаётган назорат-таҳлил фаолияти материаллари асосида аниқ ҳамда манзилли мисоллар билан тўлиқ асослантирилган ҳолда алоҳида қайд этиб ўтилди.
Депутатлар томонидан ҚВПлар шифокорларининг, умуман, тиббиёт соҳасидаги мутахассисларнинг эгаллаб турган лавозимидан қатъий назар, ўз касб фаолиятига оид бўлган Ўзбекистон Республикасининг мавжуд Қонунлари билан яқиндан таниш бўлиши, соҳа ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида мунтазам равишда тизимли фаолиятни амалга ошириш чораларини кўриши лозимлигига жиддий эътибор қаратилди..
Таҳлилий - танқидий руҳда ўтказилган давра суҳбати якунида қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш тизимидаги лоқайдлик, сусткашлик ва камчиликларни бартараф этиш учун бугунги кунда тўлиқ ҳуқуқий асос, тегишли қонун ҳужжатлари мавжудлиги эътироф этилиши баробарида ана шу ҳужжатларнинг ижросини таъминлашда тизим мутасаддилари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан оқсоқликлар, ўзибўларчиликлар ва қонунбузарликларга йўл қўйилганлиги такроран қайд этилиб, бундай вазиятдан чиқишнинг йўл-йўриқлари хусусида конструктив тавсиялар берилди.


Кўришлар сони: 5546

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими