Cайт ранги: A A


Депутат фикри

15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар қандай етиб боради?

15 ёшгача болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар қандай етиб боради?

Бутун дунёда оналик ва болалик муаммолари мамлакатдаги фаровонлик ва сиёсий вазиятнинг акси сифатида намоён бўлади.

Перинатал ва демографик кўрсаткичлар нафақат акушер-гинекологлар ва педиатрлар, балки соғлиқни сақлаш тизими раҳбарлари фаолиятидаги асосий кўрсаткичлардан бўлиб, давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Чунки бу соҳа нафақат акушерлик ва тиббий хизматининг ривожланиш даражасини, балки мамлакатнинг ривожланиш истиқболини акс эттиради, десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.

Кейинги йилларда оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, уларга ихтисослашган ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш, гўдаклар ва болалар ўлими ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қатор қонунлар, Президент фармон ва қарорлари қабул қилинди, чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди.

Бу ислоҳотлар оналар, болалар ва ўсмирларга малакали, ихтисослаштирилган ва юқори технологик тиббий хизмат кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини ривожлантириш имконини бермоқда. Туғруқ муассасаларининг инфратузилмаси яхшиланди, шунингдек, акушерлик муассасалари замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, самарали перинатал технологиялар бўйича ўқитилди, янги жиҳозлар билан ишлаш, клиник кўрсатмалар ва стандартлар ишлаб чиқилди, перинатал ёрдам сифати назорат қилинди.

Перинатал ёрдам ҳудудийлаштирилди, оналар ва янги туғилган чақалоқларга лозим босқичдаги тиббий ёрдам тегишли географик ҳудудда кўрсатилди.

Бугунги кунда Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, республиканинг барча ҳудудларида аҳолининг 16,5 миллиондан кўпроғини аёллар ташкил этиб, 2019 йилга нисбатан 1,8 фоизга ошган. Республиканинг барча ҳудудларида жами 8,9 миллион туғиш ёшидаги аёлларга (умумий аҳоли сонининг 26,7 фоизи) жами 218 та туғруқ муассасалари томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда. Шунингдек, 18 ёшгача бўлган 10,8 млн. нафар болага (умумий аҳоли сонининг 33,3 фоизи) 235 та болалар даволаш-профилактика муассасалари (23 таси республика муассасалари ва 212 таси вилоят, шаҳар ва туман болалар муассасалари) хизмат кўрсатмоқда.

Юртимизда 817 та қишлоқ врачлик пункти, 798 та қишлоқ ва 178 та шаҳар оилавий поликлиникаларида бу йўналишда тизимли иш олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида “Аёллар маслаҳатхонаси”, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Перинатал скрининг хоналари”, вилоят кўп тармоқли болалар марказларида “Қизлар саломатлик маркази” фаолият юритаяпти.

Туғма ногиронликнинг олдини олиш, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларда нуқсонларни барвақт аниқлаш мақсадида «Она ва бола скрининг» марказларининг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланди.

Оналар ўлими кўрсаткичи ҳар бир 100 минг тирик туғилганларга нисбатан 2019 йил давомида 19,1 промиллегача камайтирилди. Ушбу кўрсатгич 2018 йилнинг мос даврида 20,2 ни ташкил этган, пандемияни ҳисобга олиб 2020 йилда бу кўрсаткич 22,7 бўлган.

Гўдаклар ўлими кўрсатикичи 1000 тирик туғилганларга нисбатан 2018 йил 9,9 промиллени ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2019 йил давомида 9,3 промиллени, 2020 йилда 9,1 ни ташкил этди.

5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлим кўрсаткичлари 1000 тирик туғилганларга нисбатан 2019 йил 8 ойда 10,0 промиллени ташкил этган. Ушбу кўрсаткич 2020 йил 8 ой давомида 9,6 промиллени ташкил этди.

Юқоридаги статистик маълумотлар таҳлил қилинганда, барча касаллик, ўлим ҳолатларининг илдизи камқонлик, ошқозон ичак касалликлари, паразитар касалликлар ёки йод танқислиги асоратларига бориб тақалади. Худди шуларни ҳисобга олиб, Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган бу йилги Мурожаатномасида тиббиёт сохасида 2021 йил учун устувор вазифалар белгилаб бериб, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар.

Шу асосда кейинги йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

Бу режа ва кўрсаткичларга қандай эришилади, деган савол муҳимдир. Чунки, бошланган янгиликни қуйига, оилаларга етказиб бориш осон жараён эмас. Бунинг учун манбалар аниқ бўлиши, тизим соат кўрсаткичидек аниқ ишлаши зарур.

Мана шу жойда парламентнинг, биз, депутатларнинг вазифамиз вазирлик билан бирга шаффофликни таъминлаш бўлиши керак, деб ўйлайман. Масалага чуқур, атрофлича ёндошиб, ҳар бир юртдошимизга етиб бориш ва натижа бериш механизмини ишлаб чиқишимиз керак.

Ютуқларимиз ўзимизники, синовли кунлар бизга мактаб бўлмоқда. Ҳар қандай ҳолатга тайёр туриб, доимий ишимизни шунга мослаб ишлашимиз талаб этилади. Камчилик ва муаммоларимизни биргаликда ҳал қилишимиз керак. Қайси жой, қайси бўғинда узилиш бўлиши, қаерда инсон омили салбий таъсир кўратиши мумкинлиги ҳақидаги саволлар ҳаммамизни доим безовта қилиши зарур.

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

 


Кўришлар сони: 73

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.01.2021
Депутатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) лавозимига номзодни сайладилар

2021 йил 15 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депу...

14.01.2021
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди

Таъкидлаш жоиз, таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра,“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснин...

14.01.2021
Икки нафар Ҳукумат аъзосининг номзоди кўриб чиқилди

Бугун, 2021 йил 14 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Ун...

Тадбирлар тақвими