Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотлар очиқ ва шаффоф бўлиши керак

Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотлар  очиқ ва шаффоф бўлиши керак

Одамлар орасида кўпинча давлат бюджети маблағларининг шакллантирилиши ҳамда сарфланиши билан боғлиқ масалаларга қизиқиш кузатилади. Биз яшаётган демократик жамиятда бу табиий ҳол бўлиб, аҳоли мазкур йўналишда ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олишга тўла ҳақли.

Шу жиҳатдан, мамлакат ривожи, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлигига эришишда бюджет харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг янада очиқ ва шаффофлигини таъминлаш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Айтиш жоизки, давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқлар ҳисобига шакллантирилиб, йиғилган маблағлар жамият манфаати, халқ ҳаётини яхшилаш мақсадида турли соҳаларга йўналтирилади. Бироқ 2020 йилнинг оғир келиши, айниқса, коронавирус пандемияси дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кўпгина режаларни амалга оширишга жиддий таъсир кўрсатди. Айрим соҳаларда белгиланган маблағларнинг  ўз вақтида ажратилиши билан боғлиқ қатор муаммолар юзага келди.

Давлат бюджети нималарга сарфланмоқда?

Сир эмаски, ўтган йили “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни қабул қилиниб, унда қайси соҳага қанча миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган эди. Демак, бу борада зарур ҳуқуқий асос яратиб берилди, аммо амалий ҳаракатлар ҳам шунга яраша бўлдими? Давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган мазкур қонуннинг ижроси қай даражада таъминланди? Жорий йилнинг учинчи чораги якунлари бўйича Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) ўсиши неча фоизни ташкил этди? Бюджет ташкилотлари ходимларининг маошлари ўз вақтида тўлаб берилдими? Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисидаги Давлат бюджетининг 9 ойлик ижроси муҳокамаси жараёнида шу каби саволлар ўртага ташланиб, уларга жавоб изланди. Муҳокамалар жараёнида асосий эътибор ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар, иқтисодий кўрсаткичлар, таҳлиллар ва натижаларга қаратилди.

Тақдим этилган ҳисоботларда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикасининг “2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилиб, маълум қисми пандемия оқибатларини бартараф этишга қаратилгани қайд этилди. Унга кўра, эпидемия сабаб юзага келган режадан ташқари харажатларга қарамай, 2020 йилнинг 9 ойи якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган. Шу давр мобайнида Давлат бюджети даромадлари қарийб 94,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, пандемия шароитларини ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилган прогноз кўрсаткичлари 102,9 фоизга ёки 2 661 миллиард сўмга ошириб бажарилган.

Ўтган 9 ойда Давлат бюджетининг харажатлари давлат мақсадли жамғармаларини ҳисобга олмаган ҳолда 94,5 фоизга ижро этилган ёки бюджет харажатлари ЯИМга нисбатан 25,0 фоиздан иборат бўлди.  Пандемия келтириб чиқарган қийинчиликларга қарамасдан, бюджет ташкилотларининг салкам 33,6 триллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари, 7,1 триллион сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштириб берилган.

129 миллиард сўм камомад аниқланди

Албатта, бу борада қилинган ишлар эътиборга молик. Бироқ ҳисобот даврида ютуқлар билан бирга қатор муаммо ва камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Аслида, бу борада муаммонинг катта-кичиги бўлмайди. Айниқса, уларнинг ортида инсон тақдири, халқ манфаати турар экан, ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, мавжуд камчиликларга танқидий ёндашишимиз зарур.

Шу жиҳатдан, муҳокамалар давомида бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди. Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий  йилнинг 9 ойи мобайнида ўтказилган назорат тадбирларида 129 миллиард сўм атрофида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатлар аниқлагани танқид қилинди. Бу борада энг катта кўрсаткич Халқ таълими вазирлиги (389 та ҳолатда 40,7 миллиард сўм), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (345 тада 22 миллиард сўм) ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги (159 тада 10,7 миллиард сўм) тизимида қайд этилган. Камчиликларни таҳлил қилиш асносида мутасадди вазирлик ва идораларнинг эътибори уларни бартараф этишга қаратилди. Масаланинг ечимига оид бир қатор таклифлар ўртага ташланди.

Биринчидан, давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш ҳолати талаб даражасида эмас. Бу борада 2019 йилда қабул қилинган “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ижросини таъминлаш бўйича ҳолатни молия вазирлиги томонидан чуқур таҳлил қилиб, рақобатбардошликни таъминлаш чораларини кўриш зарур. Мактабгача таълим тизимида давлат-хусусий шерикчилик ўзининг ижобий натижаларини бераётгани ҳолда, уни соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва олий таълим, транспорт, коммунал хўжалиги ва бошқа қатор соҳаларда ҳам жадал жорий этиш лозим. Бунда фақат муаммо ва бюрократик тўсиқларни бартараф этибгина қолмай, халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда бозор механизмларини қўллаш тавсия этилди.

Иккинчидан, давлат бюджети харажатларининг асосий қисми давлат харидлари орқали амалга оширилади. Мазкур жараённинг очиқ, шаффоф, адолатли ва албатта, коррупцияга йўл қўймаган ҳолда ўтказилиши бюджет маблағларининг оқилона сарфланишига хизмат қилади. Шу боисдан, ЎзЛиДеП фракцияси давлат харидларининг очиқ, шаффофлиги борасидаги дастлабки ижобий натижаларини юқори баҳолайди. Ўз навбатида, бу борада молиявий назорат тизимининг такомиллашуви, бюжет маблағлари ўзлаштирилишининг олдини олишга қаратилган тизимли чоралар кўрилишини жуда муҳим деб, ҳисоблайди. 

Учинчидан, давлат раҳбарининг ҳудудларга ташрифи давомида берилган топшириқлар ижросини, ҳудудларнинг иқтисодий ўқув нуқталари бўлган соҳаларни қўллаб-қувватлашни молиялаштиришни тўлиқ ва муддатли амалга ошириш зарур. Айниқса, партиямиз электорати бўлган тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, кластерлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Шу сабабли бу борада кредит ресурсларининг мақсадли ажратилиши орқали уларни қўллаб-қувватлаш, қонунчиликда белгиланган субсидияларнинг ажратилиши алоҳида назоратга олиниши кераклиги сўралди.

Тўртинчидан, иқтисодий барқарорлик ва аҳоли даромадларини оширишнинг асосий йўналишларидан бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги, айниқса, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритилишига кўмак берадиган алоҳида махсус жамғарма маблағлари тўлиқ тушмаётганига эътибор қаратиш лозим. Боиси, бугунги кунда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш учун ажратилиши белгиланган маблағларнинг молиялаштирилиши кечикаётгани яна бир муаммолардан ҳисобланади.

Бешинчидан, иқтисодий барқарорликнинг муҳим гарови бўлган экспорт фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи, бу борадаги сертификатлаш, санитария, карантин билан боғлиқ қонунчиликни кўриб чиқиш тавсия этилди. Шунингдек, экспортолди молиялаштириш борасида амалдаги тизим жиддий ўрганишни талаб этаётганига эътибор қаратилди. Бу борада ЎзЛиДеП фракциясида тегишли мутасаддилар иштирокида эшитув ташкил этиш назарда тутилгани маълум қилинди.

Умуман олганда, шу ва бошқа камчиликларни бартараф этиш, бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг самарали ҳамда мақсадли сарфланишини таъминлашда мутасадди вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар масъулиятини янада ошириш, бюджетдан маблағ олувчи ташкилотларда молиявий интизомга риоя этилиши юзасидан назоратни янада кучайтириш лозим ва йиғилишда бу бўйича зарур таклиф ва тавсиялар ҳам берилди. Сабаби бюджет харажатлари очиқ-ошкора бўлиши, давлат идоралари, ҳудудлар унинг ҳар бир сўмини оқилона, тизимли равишда сарфлаши зарур.

Бир сўз билан айтганда, бюджетдан ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланиш ва унинг натижадорлигини таъминлаш – бугунги давр талаби. Бу борадаги маълумотларни халққа очиқ-ошкора, шаффоф етказиш эса давлат идоралари олдидаги асосий вазифалардан бирига айланиши керак.

 

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари 

Кўришлар сони: 58

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...

Тадбирлар тақвими