Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Конституция хотин-қизларни қандай ҳимоя қилади?

Конституция хотин-қизларни қандай ҳимоя қилади?

Аёллар ҳақида кўп улуғ сўзлар айтилган ва айтилади. Аммо ҳаётда опа-сингилларимиз шу улуғ сўзлардаги каби эъзоз кўрмоқдами? Конституциямизни синчиклаб ўқисангиз, аёллар қадр-қиммати, ҳуқуқлари ҳимояси бўйича жуда инсоний меъёрлар белгиланган. Бугун турмушда улар рўёбга чиқмоқдами?..

Конституциямиз қабул қилинган кун арафасида бу каби саволлар ҳақида чуқур ўйлаш айни муддао бўлади.

Чунки, ҳозирги даврда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.

Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Аёлларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, айниқса, фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканликлари мустаҳкамлаб қўйилган, давлатимиз Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги конвенцияларга қўшилган.

Ўтган тўрт йилда юртимизда аёллар ҳуқуқлари ҳимоясини тубдан кучайтиришга доир 15 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган ва ижрога қаратилган. Хусусан, ўтган йили иккита муҳим ҳужжат – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Президентимиз қабул қилган бир қатор фармон ва қарорлар давлат ташкилотларига аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазифаларни белгилаб, уларнинг масъулиятини оширди. “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ана шундай муҳим ҳужжатлардан бири.

Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Алоҳида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, у хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиши белгилаб қўйилди.

Эндиликда давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли мансабдор шахс белгиланади. Ваколатли шахснинг мажбуриятларини бажариш давлат органи раҳбарининг ўринбосарларидан бири зиммасига юклатилади.

Қонун ижодкорлигига “норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизаси”, деган янги институт кириб келди.

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.

Республика бўйича турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 45,3 фоизга етган.

Вазирлар Маҳкамасининг “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсади гендер тенгликни таъминлаш, барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш белгиланган. Унга кўра, 2030 йилга бориб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини, етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Конституциямизда белгиланган аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, уларнинг қадр-қимматини ошириш бўйича юқоридан қуйигача амалий тизим яратилди. Мана шу янги тизим самарали ишлаши учун ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 85

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...

Тадбирлар тақвими