Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ғуруримиз, қаддимиз, қадримиз тимсолини ҳамиша баланд кўтарайлик!

Ғуруримиз, қаддимиз, қадримиз тимсолини ҳамиша баланд кўтарайлик!

Давлатимиз рамзларидан бири – мустақил Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганига 29 йил тўлди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи ва унинг рамзлари сарҳадларимизда қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда ватанимизнинг миллий-маданий ва диний анъаналарини ўзида мужассамлаштиради. Байроқдаги тимсоллар – тириклик мазмуни, мангу осмон ва оби-ҳаёт, яхшилик, ҳалолликни, шон-шуҳрат ва садоқат, поклик-беғуборлик, орзу хаёллар, гўзаллик рамзидир.

Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзалардан ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Мамлакатимиз байроғи бу оддий тимсол эмас, бунда бутун бир мафкура жамланади. Давлатимиз рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз ифодасидир. Шу маънода, Давлат рамзлари ҳамиша муқаддас ва улуғ саналади.

Шайх Нажмиддин Кубронинг жасоратини тарихдан яхши биламиз. Ҳамон бу буюк қаҳрамонлик тилдан тушмайди, ҳанузгача халқимизни ватанпарварликка, қаҳрамонликка чорлайди. Юрт байроғини ёв қўлига топширишни истамаган Нажмиддин Кубро уни қўлида маҳкам тутганча жон берган экан. Душман ҳарчанд уринмасин, унинг қўлидан байроқни тортиб ололмай, охири панжалари билан кесиб олади.

Ҳа, Ватан байроғи шундай муқаддасдир. Уни кўзга суртиш, тўтиё қилиш Ватанни севиш, унинг учун жонни фидо қилишга тайёр бўлиш деганидир. Байроғимизнинг баландлиги юртимизнинг обрў-нуфузи юксаклигидан далолат. Шундай экан, ғуруримиз, қаддимиз ва қадримиз тимсолини ҳамиша эъзозлайлик ва бошимиз узра баландларга кўтарайлик!

 

Турсуной МУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 41

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.11.2020
Парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавоби кўриб чиқилди

Бугунги кунга қадар республика бўйича жами 95,8 минг гектар ерлар фойдаланишга киритилган. 2020 йил ...

21.11.2020
Таълим муассасаларида ҳуқуқий таълим ва тарбия ишларининг ҳолати қандай?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Олий ва ўрта махсус таълим муас...

20.11.2020
Сайловчи ўз депутати фаолиятини кузатиб боради ва баҳолайди

Тадбир аввалида қўмита раиси Илҳом Абдуллаев парламент фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, депут...

Тадбирлар тақвими