Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Она тили миллатнинг руҳи, ғурури ва ифтихоридир

Она тили миллатнинг руҳи, ғурури ва ифтихоридир

Ўзбекистонда бундан 31 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Бу тарихий жараён осон бўлмагани аниқ. Мустабид тузум даврида бундай қонуннинг қабул қилиниши катта жасорат эди. Тўла маънода айтиш керакки, бу давлатимизнинг мустақиллик сари қўйган илк тамал тоши бўлди. Давлатимиз мустақиллиги эълон қилиниши билан она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди.

Ўтган давр мобайнида ўзбек тили давлат тили сифатида эзгу мақсадлар сари одамларни бирлаштирадиган, халқимизнинг катта-катта орзу-ниятларини амалга оширишга даъват этадиган муҳим кучга айланди. Чунки ўзбек тили Ўзбекистонимизнинг тили сифатида ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли сифатида катта майдонга чиқди. Бу биз учун чексиз фахр-ифтихордир.

“Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида шу йил 10 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун имзоланди. Унга кўра, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Ҳақиқатдан ҳам, тил миллатни дунёга танитади. Урф-одатлар, анъаналар, қадриятлар қадр топади. Ўзбек тили ўзининг ривожланиш тарихида бир қанча босқичларни босиб ўтди. Кейинги пайтларда она тилимизнинг жамиятдаги ўрни, нуфузини оширишга катта эътибор бериляпти. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда. Яқинда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 75-сессиясида Президентимиз ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу тилимизнинг нуфузи, мамлакатимизнинг мавқеи кундан-кунга юксалаётганини англатади.

Ўзбек халқининг буюклиги, қудрати, тарихи ва орзу-интилишлари, буюк мақсадлари, келажаги ўзбек тилида Давлат мадҳияси орқали бутун дунёга таралмоқда. Кураш, ҳалол, ёнбош, каби ўзбек тилидаги спорт терминлари бир қатор хорижий тилларга ўзлашди ва фаол қўлланмоқда. Булар, албатта, ҳар бир ўзбекка ғурур бағишлайди. Чиндан-да, ўзбек тили — она тилимиз, фахру ифтихоримиздир.

Ҳаммамизга маълумки, ўзбек тили энг қадимги тиллардан бири бўлиб, унинг ХХ асрнинг бошланишига қадар бўлган даври эски ўзбек тили деб юритилади. Эски ўзбек адабий тилининг теранлиги, ихчамлиги каби хусусиятлари ҳозирги ўзбек тилига ўтган. Она тилимиз мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан зиёд тил киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Олимларнинг фикрича, бугун туркий тиллар орасида фақат олтита тилнинг ҳолати барқарор, деб баҳоланган. Булар давлат тили мақомига эга бўлган ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларидир. Албатта, дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.

Тўғри, ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш тўғрисидаги Қонун қабул қилингандан бери ўтган давр ичида давлат тилини ҳаётимизда тўлақонли жорий этиш, унинг мақеи ва нуқузини ошириш борасида бир қатор ишлар қилинди. Лекин очиғини айтиш керак, давлат тилини ҳаётимизнинг барча соҳаларига татбиқ этиш борасида муаммолар ва камчиликлар йўқ эмас.

Жой номларини аташ, ном бериш масалаларида айрим қўпол хатолар, халқимиз қадриятларига мос бўлмаган атамалар, жой номларини учратиш мумкин. Буларни кўриб кўнгил хира тортади. Масалан, турли кафелар, ошхоналар, кийим-кечак ва савдо дўконларидаги реклама роликларида, фитнес, компьютер клублари сингари аҳоли тўпланадиган жойларнинг номлари тилимизга ёт бўлган атамалар билан номланмоқда. Одамларимиз орасида она тилидаги нутқий маданият кўникмалари етарли даражада бўлмаганлар кўплаб топилади. Бундай салбий ҳолатларни, давлат тилига, ўз она тилига нописандликни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Ўз она тилидаги матни расо бўлган, нутқида, сўзлашида, ёзишида тилининг жозибардорлиги, сеҳри сезилиб турган миллат ўзлигини, қадриятларини ҳеч қачон унутмайди. Шундай экан мунтазам камолу иқболи учун масъулиятни ҳар сонияда ҳис қилиб турайлик. Она тилимизга эҳтиром кўрсатиш, асраш, ардоқлаш, ҳурматда бўлиш, унинг яшаши ва тараққиёти учун масъулиятли бўлайлик.

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 136

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.01.2021
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси жойларда иш бошлади

Депутатларнинг дастлабки манзили вилоятнинг Ғузор туманидаги 6482 нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган ...

20.01.2021
Йўл-транспорт ҳодисасини ички ишлар органлари ходимисиз расмийлаштириш (европротокол) тартиби белгиланмоқда

Юртимиз ҳудудида йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлилига кўра, 2018 ...

19.01.2021
Қонунда фақат асослантирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинди

Қайд этилганидек, лойиҳада транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини...

Тадбирлар тақвими