Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш янада кўпаяди

Мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш янада кўпаяди

Бугунги кунда дунёда 2 миллиардга яқин киши темир моддаси ва А витамини каби организм учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида тановул қилмаяпти. 155 миллион бола ўсиш ва ривожланиш борасида, 52 миллион бола эса сурункали чарчоқдан азият чекяпти.

БМТ маълумотларига кўра, ҳар куни сайёрамизнинг 840 миллиондан ортиқ аҳолиси тўйиб овқатланмаяпти. Натижада, 160 миллиондан ортиқ жажжи болакайлар нимжон, бўйи паст, ҳатто ногирон бўлиб қолмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши аҳоли сони ва эҳтиёжлари ўсишидан ортда қолмоқда.

Дунё миқёсидаги ана шундай тенденцияларга қарамай, мамлакатимизда озиқ-овқат ишлаб чиқариш саноати жадал ривожлантирилмоқда. Аҳолини йил давомида мева-сабзавотлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида замонавий иссиқхоналар ташкил этиляпти, боғлар, токзорлар майдони кенгайтирилиб, етиштирилган ҳосилни куз-қиш даврида сифатли сақлаш имконини берадиган омборхоналар барпо этиляпти.

Натижада 2017 – 2019 йиллар давомида йилига 10 миллион тоннадан ортиқ сабзавот, 17 миллион тоннадан ортиқ бошқа деҳқончилик маҳсулотлари ва 2,5 тонна гўшт етиштирилди. 2019 йил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 2017 йилга нисбатан 2 бараварга кўпайди. Бугун юртимизда 80 дан ортиқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирилиб, улар дунёнинг 70 га яқин мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Шу билан бирга, таҳлилларда йилига ўртача етиштирилган 21 миллион тонна мева ва сабзавотнинг 10 фоизидан ортиғи экспорт қилинмай қолаётгани, маҳсулотларни саралаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш учун 30 дан ортиқ агрологистик марказ ташкил этилган бўлса-да, айланма маблағларнинг етишмаслиги туфайли улар мавжуд ишлаб чиқариш қувватининг атиги 15 фоизидан фойдаланаётгани кўрсатилмоқда.

Шунингдек, ишлаб чиқариш орқали мамлакат эҳтиёжини тўлиқ қоплаш ва экспорт қилиш имконияти мавжуд бўлгани ҳолда сут маҳсулотлари, томат пастаси, маккажўхори ва яшил нўхат консервалари импорт қилинаётгани бу борада ҳали ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатяпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 9 сентябрдаги «Республика озиқ-овқат саноатини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолини сифатли озиқовқат маҳсулотлари билан тўлақонли таъминлашга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори айнан ана шундай муаммоларни ҳал этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қарорга кўра, мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи корхоналар билан бундай маҳсулотларни қайта ишловчи, тайёрловчи ва реализация қилувчи корхоналар ўртасида ўзаро манфаатли муносабатларни кучайтириш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш, бундай маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва импорт ҳажмини камайтириш чораларини кўриш вазифалари белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида алоҳида бошқарма ташкил этилиши ҳамда Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармасига 20 млрд сўм миқдорида маблағ ўтказилиши, мазкур соҳага халқаро молия институтлари маблағларини кенг жалб қилиш ва уларнинг манзилли етиб боришини назорат қилиш, кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш юзасидан ҳам қатор вазифалар белгилаб қўйилди. Бу юқорида таъкидланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали бажарилишини таъминлаш имконини беради.

Таъкидлаш жоиз, бу вазифалар Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Сайловолди дастуридаги «...миллат генофондини сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бунда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни имкон қадар чеклаш, шаҳар ва қишлоқларимизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш, қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотлари етказувчилар фаолиятини рағбатлантириш тизимини яратиш ва жорий этиш ҳамда хорижий маҳсулотлар ўрнини босадиган ва хорижга сотиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш» сингари долзарб вазифалар билан ҳамоҳангдир.

Шу боис, партиямиздан сайланган барча даражадаги депутатлар ва фаолларимиз мазкур қарор ижросида фаол иштирок этиб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш ишларини ўз назоратларига оладилар.

Зумрад БЕКАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 48

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.09.2020
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи муҳокама қилинди

Анжуман иштирокчилари таъкидлаганидек, барча соҳада инновацион технология ва илғор ғояларни қўллаш,...

18.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Имтиёзли кредитлар ёшларнинг таълим олишини кафолатлайди

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қара...

17.09.2020
Коронавирус пандемиясига қарши кураш масалалари Туркий тилли давлатлар Парламентлари муҳокамасида

Коронавирус бугун инсоният саломатлигига жиддий хавф солаётган касаллик бўлиб қолмоқда. Маълумотларга...

Тадбирлар тақвими