Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Инсон бахти тинчлик ва хотиржамликда

Инсон бахти тинчлик ва хотиржамликда

Халқимиз ҳар доим ҳар қандай зиддиятни муросаю мадора йўли билан ечишга, ўзгаларнинг ишига аралашмасликка ҳаракат қилиб келган ва бу фазилатлар ўлмас қадриятларимизга айланган. Боиси, инсонга ҳар куни тинчлик ва хотиржамлик керак. Фақатгина тинчлик бор жойда фаровонлик ва барака бўлади. Одамлар доимо эзгу мақсадлар йўлида бунёдкорлик ишлари билан машғул бўлади.

Албатта, халқимиз бугунгидек бахтли кунларга осон эришгани йўқ. Бу йўлда қанчалик заҳмат чеккани, юзлаб, минглаб ота-боболаримиз, акаларимиз жонфидо қилгани, оналаримиз, аёлларимиз бахтдан айрилгани ҳеч кимнинг ёдидан чиқмайди. Чиқмаслиги ҳам керак. Чунки инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни ёдга олиш, уларнинг хайрли амаллари, жасоратини доимо эътироф этиб, эсламоқ инсонлийлик бурч саналади.

Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши талофатларини ҳеч қачон унутиб бўлмайди. Бу урушда Ўзбекистондан 1,5 миллионга яқин одам иштирок этди. Ватандошларимизнинг 450 мингдан ортиғи жангларда ҳалок бўлдилар. Яна қанчадан-қанча оталаримиз, акаларимиз ногирон бўлиб қайтдилар. Фронт ортидаги талафатларнинг эса чек-чегараси йўқ. Бу хотираларни унутиб бўладими? 9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келаётганимиз ҳам бежиз эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан куни кеча қабул қилинган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам бу йўлда қилинаётган эзгу ишларининг навбатдагиси бўлди.

Маълумки, Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси барпо этилган эди. Ушбу мажмуа уруш қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Президентимизнинг ушбу Қарори бу борадаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унга кўра, Мудофаа вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолияти ташкил қилинади. Қарорда унинг асосий вазифалари белгиланди. “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Шунингдек, юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. 

Албатта, ушбу қарор ижроси нафақат депутатларга, шу юрт келажагига ўзини масъул билган барча ватандошларимизга катта масъулият юклайди. Шукрки, халқимиз дориломон кунлар шукуҳи билан яшамоқда. Эл манфаати йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукумрон, дастурхонимиз тўкин, фарзандларнинг шоду ҳуррам, кексаларимизнинг қўли дуода.  Зеро, инсонга бундан ортиқ нарса керак эмас.

 

Жаҳонгир ШИРИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзоси


Кўришлар сони: 83

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...

Тадбирлар тақвими