Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тарихий адолатни тиклаш муқаддас бурчимиздир!

Тарихий адолатни тиклаш муқаддас бурчимиздир!

"Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди, халқимизни олдинга бошларди. Шу билиб туриб қилинган. Бугун буни армон билан эслаймиз”, – дея таъкидлаган эдилар Президентимиз 31 август кунги Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонлари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда.

Маълумки, мустабид тузум даврида минглаб бегуноҳ ватандошларимизнинг умри хазон бўлган. 1937-1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраган. Уларнинг 13 минг нафари шафқатсиз отиб ташланган. Қанчадан-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, болалар етим қолган. Биргина 1937-1938 йиллардаги катта қатағон даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган. Айрим маълумотларга қараганда, икки миллионга яқин ватандошимиз Туркистондан бош олиб, хорижий мамлакатларга чиқиб кетган. 1 миллион 700 минг юртдошимиз Сибир, Узоқ Шимолга, Украинага, Шимолий Кавказ, Уралга, Қозоғистон ва Узоқ Шарққа, Кавказ, Волга бўйига бадарға қилинган.

Улар орасида халқни эрк, озодлик учун оёққа турғиза оладиган таниқли маърифатпарварлар, жадидчилик ҳаракати номоёндалари, Германия, Туркия ҳатто Россиянинг етакчи олийгоҳларида таҳсил олиб, миллатнинг фаравонлиги учун қайғурадиган турли касб эгалари бор эди. Миллат илдизи ҳисобланган бу етакчилар эса эртага шўролар учун ҳақиқий бошоғриқ бўлиши тайин эди. Буни тўғри англаган собиқ иттифоқ раҳбарлари илдизнинг энг тагидан қирқишга муваффақ бўлдилар.

Дарҳақиқат, бу қўҳна дунё саҳнасидаги ҳар бир халқнинг, миллатнинг ўз тарихи, маданияти ва маънавияти бўлганидек, ўзбек деб аталган, ўз даврида дунё илму фани тамаддунига пойдевор қўйган миллат ҳам бу кунларга қадар не-не воқеликларни ўз бошидан ўтказмади дейсиз.

Мамлакатимиз Мустақиллигининг шукуҳли кунларида мазкур фикрларни баён этишимизга ҳеч муболағасиз куни кеча давлатимиз раҳбарининг пойтахтимиздаги «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуида бўлиб, яқин тарихимиздаги халқимиз озодлиги, юртимиз мустақиллиги ва ёрқин келажаги йўлида жонфидо қилган буюк аждодларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтириб, аждодларимизнинг Ватан тинчлиги ва озодлиги йўлидаги кураши халқимиз, айниқса, бугунги кун ёшлари учун катта ибрат мактаби тўғрисида айтган фикрлари туртки бўлди десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Орадан қанча йиллар ўтган бўлса ҳам қатағон йилларида рўй берган даҳшатли воқеаларни ўзида акс эттирган архив манбаларини қанча ўргансак, шунча янги маълумотлар ва турфа тақдирлар акс эттирилган воқеликлар гувоҳи бўлиб бораверамиз. Гап фақат, 100 мингдан зиёд ўзбек халқининг маърифатпарвар фарзандлари қамоққа олиниши ҳақида эмас, балки қамоққа олинган минглаб тараққийпарвар инсонларини сохта туҳматлар асосида отиб ташланиши ва ҳеч бир ном-нишонсиз кўмиб юборилгани, мол-мулкларининг давлат фойдасига мусодара этилиши, фарзандларини республика шаҳарларидаги, ҳатто республикадан ташқаридаги болалар уйларига юборилиб, ота-оналарини бир-бирларини унутишга маҳкум этилганлигидадир.

Шунингдек, уларнинг манглайига «халқ душмани» деган мудҳиш тамға урилиб қамоққа олингани етмаганидек, шу инсон хизмат қилган корхона ва ташкилот, завод – фабрикалар ҳамда муассасаларда катта митинглар ўтказилиб, уларнинг шаънига лаънат тошлари ёғдирилиб пок номларини бутунлай бадном қилдирганлар.

Бу воқеликлар Ватанимизнинг яқин тарихида оғир жароҳатлар қолдириб, халқимиз бошига чексиз кулфатлар солди, миллатни ўз тақдирини ўзи белгилашига, илму маърифатни ривожланишига йўл қўймаслик мақсадида Ватан озодлиги учун курашган минглаб юртдошларимизни ҳеч бир асосли айб тополмай зўрма-зўраки «миллатчи» деган тамға билан қоралаш, қамаш ва охир оқибат миллатни зиёлиларидан маҳрум қилиш орқали халқни қўрқув исканжасида, тобеликда, зулматда ушлаб туришга йўналтирилган эди.

Бу ҳам етмагандай, мустабид тузум шу даражада инсонийлик туйғуларини оёқ ости қилган эдики, ҳатто қўни-қўшни, қариндош-уруғлари маҳкумнинг оиласи билан қўшничилик ва қаридош-уруғчилик алоқаларини батамом узишга, маҳкумнинг ота-онаси ва фарзандларини маҳаллада бош кўтариб юра олмайдиган даражада тахқирлади. Фарзандларини таълим олаётган муассасадан, яқинларини эса иш жойларидан ҳайдаш орқали даромад манбаидан маҳрум қилиш, уларни руҳан ва маънан таҳқирланиш, жигарбандларини бўйниларига қўйилган туҳматдан иборат айбларини тан олмаганликлари учун инсон зоти кўрмаган қийноқлар ва хақоратларга мубтало этиб, тақдир ҳукмига ташлаб қўйишгача борган эди.

Бундай вахшийлик инсоният тарихида камдан кам учрайдиган ҳолат бўлиб, минг афсуслар бўлсинки, ўша давр воқеликлари ўзбек деб аталмиш буюк халқнинг тарихида энг мудҳиш йиллар, миллатнинг энг сара ўғлонларининг бевақт ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган давр сифатида муҳрланиб қолди.

Доно халқимиз айтганидек, «ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғдир». Давлатимизнинг ўз сиёсий мустақиллигига эришиши Ватан тинчлиги, озодлиги ва авлодлар фаровонлиги йўлида курашлар олиб борган, ҳақиқатдан юз ўгирмай, ғанимларга бош эгмай жонфидо қилган ватандошларимизнинг сизу бизга қоронғу бўлган тақдири мустақиллик туфайли ойдинлаша бориб, ҳалқимиз томонидан уларнинг хотираси муносиб қадрланишига кенг имконият берди.

Хусусан, Тошкент шаҳрининг қатағон йилларидаги қатлгоҳи бўлган ва маҳаллий халқ тилида Алвасти кўприк номи билан аталган манзилда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси ва мажмуада ўша суронли воқеликларни ўзида акс эттирган Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ташкил этилди. Бугунги кунда энг машъум воқеликларга тилсиз гувоҳ бўлган бу манзил обод гўшага айланиб, фуқароларимизнинг муқаддас қадамжоларига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда 31 август – «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» муносабати билан «Қатағон қурбонлари хотираси» музейига ташрифи чоғида музейга «ушбу музей – музейларнинг музейи» деб юксак баҳо берганликлари бундай музейлар ҳалқимиз, қолаверса ёшлар учун маънавият ва маърифат ўчоғи бўлиб қолади десак, муболаға бўлмайди.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилаётган она Ватанимизда миллий анъаналар, қадриятлар, ўзлигимизни англашдек ғуруримизнинг тикланиши, энг асосийси инсон қадр-қимматининг юксак даражада улуғланиши ўсиб келаётган Ўзбекистонимиз келажаги бўлмиш ёшларимиз учун ибрат ва битмас-туганмас жасорат манбаидир. Шу билан бирга уларнинг пок номини абадийлаштириш, шахс ва жамоат арбоби, тараққийпарвар юрт ўғлони сифатидаги фаолиятини кенг ёритиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ўша машъум кунлар акс этган тарихга боқар экансиз, ҳаёт дарёси ҳар қандай даврда, ҳар қандай шароитда ҳам оқишда давом этишига, инсон ҳамма нарсага азоб ва уқубатга, туҳмат ва ҳақоратларга метин ирода билан чидашига гувоҳ бўласиз. Лекин нега, нега, айбсиз, айбдорлар учун бунчалар ваҳшийлик, бунчалар таҳқирлашлар... деган савол ҳар доим миянгизда ғужғон айланаверади, айланаверади.

Ўтган XX асрнинг ўттизинчи, аниқроғи 1937-1938 йиллар шундай даҳшатли давр эдики, ким қаерда ишлагани ёки ишламаганидан қатъи назар НКВД ходимлари хоҳлаган пайтда хоҳлаган кишининг уйига бостириб келаверар эдилар. Лекин ранги қора бўлиб, борган жойига кулфат шарпасини ўзи билан олиб юрувчи автомобиль ва унинг ичида белгиланган манзил томон бораётган нияти қора бўлган кимсалар бугун кимни жонажон оиласидан айро қилишни ҳамда дийдорлашув қиёматга қолишини жуда яхши билар эди.

Келинг, ўша машум воқеаларнинг шоҳиди бўлган, азобли кунларни ўз бошидан ўтказган, даҳшатли тарих гувоҳи бўлган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек сўзларини бир эсга олайлик. «…Биз ҳар куни эрталаб ҳали у, ҳали бу танишимизнинг қамалганини эшитамиз. Кунлар ниҳоятда бетинч… На кундуз ҳаловат бор, на тунда – уйқуда рохат. Ҳар дақиқа ташвиш, ҳар дақиқа юрак титроқда…»

Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлгани, қанчадан-қанча бегуноҳ оилалар хонавайрон қилингани, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих ва бугунги келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.

Мана шундай азобли тақдир юз минглаб ватадошларимиз қатори ҳали кўпчилигимиз билмайдиган ва қатоғон тарихининг номаълум саҳифаларида қолиб кетган Назир Тўрақулов, Ғози Юнус, Санжар Сиддиқ, Давлат Ризаев, Нажим Давқораев, Карим Болтаев, Абдулла Тошмуҳамедов, Саид Ахрорий, Отажон Хошим, Ашурали Зохирий, Ғози Олим Юнусов, Шокиржон Рахимий, Мусо Саиджонов, Нормат Исроилов ва бошқа минглаб ҳалқимизнинг юзлаб тараққийпарвар фарзандлари тимсолида кўришимиз мумкин.

Мустабид тузум нафақат “қора рўйхат”га тушганларнинг ўзларини бандом қилди, балки уларнинг хотини, фарзандларини ҳам “туғилганига пушаймон қилди”. Хусусан, “халқ душмани” аёллари учун Қарағандада "Алжир" (Акмолинский лагерь жён изменников родины) деб номланган лагер ташкил қилган бўлса, болаларни собиқ иттифоқнинг турли болалар уйларига тарқатиб юборганлар.   

Маълумотларга қараганда, НКВДнинг 00486-сонли буйруғи билан 1938-1946 йилларда "Алжир"да "Ватан хоинларининг оила аъзолари"дан 6500 аёл жазони ўтаган. Халқ душмани тамғаси билан қатағон бўлганларнинг фарзандлари махсус болалар муассасаларида сақланган. 1937 йил 15 августдан 1939 йил январигача Иттифоқ бўйича 25342 бола оиласидан ажратиб олинган, улардан 22427 нафари Халқ маорифи комиссарлиги ҳудудидаги болалар уйларига ва маҳаллий боғчаларга тарқатиб юборилган. Шундан 1909 нафари Москвада бўлган, 2915 нафари бошқаларга боқиш учун оилаларга қайтариб берилган. Бу болаларнинг ёши 15 гача бўлган. Ёши 15 дан юқорида бўлган болалар "ижтимоий хавфли" ҳисобланиб, қамоққа олинган ва ҳукм қилинган.
Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо муддатини ўтаётганларида 1507 нафар фарзанд кўрганлар, бу болалар зўрлик асосида дунёга келганлар.

Тарихий манбалар орқали қатағон қурбонларининг аччиқ қисмати билан танишар эканмиз, минглаб сизу бизга нотаниш бўлган турфа тақдирлар қатори қишлоқ хўжалиги ходими биргина Мирмуслим Шермуҳаммедов ва унинг оиласи билан боғлиқ воқеаларни баён этишни лозим топдик.

Қишлоқ хўжалиги ходими бўлган Мирмухсин Шермуҳаммедов асоссиз айбловлар билан айбланиб, 1937 йилда ҳибсга олиниб, шу йили отиб юборилади. Бу ҳам етмаганидек, унинг аёли Раҳбарой Шермуҳаммедова ҳам турли айбловлар билан қамоққа олинади ва “АЛЖИР”га юборилади. Бири 5, иккинчиси 7 ёш бўлган қизлари Қозоғистондаги етимхоналарга топширилади. Бу воқелик билан танишиш асносида қатағон ишлари аввалдан чуқур режалаштирилгани ва миллатни ўз тараққийпарварларидан маҳрум этишга қаратилган тизимли ишлар маҳсули эканлигига амин бўласан киши.

“АЛЖИР” лагери ва у ерда нозик хилқат ҳисобланган аёллар, оналар бошига солинган жабру ситам ва тахқирлашни эшитган ҳар инсон борки ўша машъум кунларга лаънатлар ўқиб, бугунги тинч ва озод юртда яшаётганлигига минг-минг маротаба шукроналар айтади.

Юртбошимиз қатағон қурбонларининг руҳини шод этиш ва ёш авлодга уларни яқиндан таништириш, билиши учун қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозимлигини билдирдилар:

Биринчидан, тарихий адолатни тиклаш, қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ҳамда улар яшаган кўча ва маҳаллаларга номларини бериш;

Иккинчидан, қатағон қурбонлари бўлган тараққийпарвар зиёлилар фаолияти бўйича илмий-тадқиқот ишларини янада кенгайтириш ва илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш;

Учинчидан, қатағон қурбонларининг яқин қариндошларини излаб топиш ва тарихий ҳақиқатни тиклаш;

Тўртинчидан, таълим муассасаларида тараққийпарвар жадидлар ва қатағон қурбонлари тўғрисида маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш.

Ҳа, қаттол тузум даврида бошқа халқлар қатори ўзбек халқи ҳам миллатнинг энг сара фарзандларини бой берди. Аммо уларнинг авлодлари бугун эркин ва озод юртда истиқлол неъматларидан баҳраманд бўлиб, шод-хуррам ҳаёт кечирмоқдалар. Лекин тараққийпарвар боболаримизнинг бугунги кунларни кўра олмагани, ўзлари орзу қилган давлатда яшай олмагани ҳар бир ватандошимизни улар амалга ошира олмаган эзгу ниятларини янги босқичга олиб чиқишга ундаши лозим десак айни адолатли ҳақиқат бўлади.

Мана шу сатрларни қоғозга муҳрлай туриб тараққийпарвар жадидларимизни миллатни уйғотиш, илм-маърифатни кенг тарғиб қилиш, маданият ва маърифатни юксалтириш, энг асосийси илм оламан деб кўзи ёниб турган ёшларни жамлаб, уларни ўқитиш учун жамғармалар тузиб, илм-фан марказларига, хорижий давлатларга ўқишга юбориб, Ватанни ривожланган давлатлар қаторига қўшишга интилганликларини чуқур таҳлил қилдик.

Бугунги кунда малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида мамлакатимизда хорижий олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди. “Эл-юрт умиди” жамғармасини тузиб, ёшларни ривожланган давлатларга ўқишга юборилаётгани ва энг асосийси ёшлар масаласини давлат сиёсати даражасига олиб чиқиб, Ёшлар ишлари агентлигининг тузилиши, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентининг ташкил қилиш орқали қонун ижодкорлиги жараёнида уларни қонун ташаббускорлигига ўргатиш каби амалга оширилаётган жадид аждодларимизнинг ушалмаган орзулари ўз халқини жондан севувчи инсон томонидан амалга оширилаётганлигини рўй-рост кўрсатиб турибди.

Шу ўринда Муҳтарам Президентимизнинг 31 август кунги Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиб:

Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун, халқимиз эмин-эркин яшаши учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилиняпти. Буларнинг ҳаммаси - одамларга тарихий адолатни, ҳақиқатни етказиш учун, халқимиз у кунларни билиши ва ҳеч қачон унутмаслиги, бугунги кунларнинг қадрига етиши учун, – деган эдилар.

Бугунги кундаги тарихимизнинг энг даҳшатли даврлари тўғрисида халқимизга, айниқса, ёшларимизга кўпроқ илмий асосланган маълумотлар бериш орқали бугунги озод ва обод Ватанни қадрлаш, шукрона қилиш ва замонавий илм-фанни чуқур эгаллаб халқаро майдонда Ватанимиз обрў-эътиборини кўтаришдан иборат эканлигини ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим. Зеро, тарих биз учун катта ҳаёт мактаби бўлиб, ўтган кунлар ҳеч қачон қайтарилмаслигини, биз танлаган йўл энг тўғри йўл эканлигиги ҳар он ёддан чиқармасдан фақат ва фақат олдинга интилишимиз лозим.

 

Абдумалик АКРОМОВ,

Турсуной МУРАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари


Кўришлар сони: 89

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...

Тадбирлар тақвими