Cайт ранги: A A


Депутат фикри

ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлар муҳофазаси янада кучайтирилади

ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлар муҳофазаси янада кучайтирилади
Маданий мерос ҳар бир халқнинг авлоддан-авлодга ўтувчи муҳим қадрияти бўлиб, уни асраб-авайлаш комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.

Ўзбекистон заминида ҳам жаҳон тамаддунининг ноёб дурдоналари ва кўрки бўлмиш кўплаб маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, уларнинг бир қисми ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Айни пайтда ушбу рўйхатга Ўзбекистондаги 4 та меъморий мажмуа – Хива, Бухоро, Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларининг тарихий марказлари киритилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг моддий-маданий меросини муҳофаза қилиш бўйича ЮНЕСКО билан конструктив мулоқот йўлга қўйилган. Жумладан, мамлакатимиз ЮНЕСКОнинг соҳага оид асосий халқаро ҳужжатларига қўшилган бўлиб, уларнинг нормалари миллий қонунчилигимизга имплементация қилинмоқда. Шу билан бирга, маданий меросни муҳофаза қилиш, тарихий шаҳарларнинг бош лойиҳаси ва менежмент режасини ЮНЕСКО халқаро стандартлари ҳамда талабларига мувофиқ ишлаб чиқишда халқаро экспертлар кенг жалб этилмоқда. Бундан ташқари, ЮНЕСКО билан турли халқаро анжуманлар ташкил қилинмоқда, мазкур тадбирлар маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш йўлидаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш, тарихий-маданий меросни сақлашни таъминлаш бўйича миллий тизимни такомиллаштириш имконини бермоқда.

Бироқ бугунги кунда ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига кирган объектларни муҳофаза қилиш, хусусан, ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини бажаришда ҳамон айрим муаммолар мавжуд. Жумладан, Умумжаҳон мероси қўмитасининг 2019 йил июль ойида Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтган 43-сессиясида Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухородаги маданий мерос объектларини сақлаш билан боғлиқ ҳисоботлар кўриб чиқилиб, муҳокамалар якуни бўйича қўмитанинг ушбу объектларни сақлашга доир тегишли қарорлари қабул қилинган эди.

Мазкур қарорларда юртимизнинг маданий мерос объекти бўлган ушбу кўҳна шаҳарларни асл ҳолида сақлаш ва муҳофаза қилиш борасида хавотир билдирилиб, аниқ чора-тадбирлар кўрилиши юзасидан тавсиялар берилганди.

ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора-тадбирларни кўриш «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида ҳам назарда тутилган. Хусусан, Давлат дастурининг 221-бандида моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш бўйича 2020 йил 1 майга қадар Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорини қабул қилиш белгиланган.

Мутасадди вазирлик ва идоралар, хусусан, Маданият вазирлиги ЮНEСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси тавсиялари ҳамда Давлат дастуридаги ушбу банднинг бажарилишига етарли эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир. Маданий мерос объектларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, сақлаш ва тиклаш бўйича Ҳукумат томонидан белгиланган чора-тадбирларнинг ижро этиш муддатлари кечикмаслиги лозим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг жорий йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номига “Мамлакатимиздаги моддий-маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.

Парламент сўровини юборишдан мақсад – ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган объектлар муҳофазасини кучайтириш, хусусан, бу борадаги ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси қўмитасининг тавсияларини ҳамда Давлат дастурининг 221-бандида белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишдан иборат.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Муқаддас ТИРКАШЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари.


Кўришлар сони: 90

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...

Тадбирлар тақвими