Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш — пандемия салбий оқибатларининг олдини олиш механизми

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш — пандемия салбий оқибатларининг олдини олиш механизми

Бугун барчамиз дунёда коронавирус пайдо бўлиши инсоният саломатлиги учун хавф туғдираётгани ва кўплаб мамлакатларнинг иқтисодиёти ва бизнесига жиддий таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Экспертларнинг фикрича, туризм, авиация сектори, автомобиль саноати, ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси каби соҳалар бундан энг кўп зарар кўради.

Мамлакатимиз ҳақида гап борар экан, жорий йилнинг март ойидан бошлаб, асосий савдо шерикларимиз ҳисобланган давлатларда коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича чораларнинг кучайтирилиши, нефть нархи ва талаб пасайиши натижасида иқтисодий ўсиш ва фаоллик кўрсаткичлари пасайиши кузатилмоқда. Биринчи ярим йилликда Ўзбекистон экспорти тахминан беш баробарга камайганини таъкидлаб ўтган бўлардик. 

Иқтисодий фаолликнинг пасайиши, биринчи навбатда, банк тизими орқали амалга ошириладиган транзакциялар сонида акс этди. Хусусан, 2020 йил март ойида банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакциялар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 фоизга камайди. Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасида келишувлар сезиларли даражада камайди.

Иқтисодиётда кредитлаш фаоллигининг пасайиши тенденцияси кузатилмоқда. 2020 йил январ-апрель ойларида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар қолдиқларининг иқтисодиётда ўсиши суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,5 фоиз бандига секинлашиб, 7 фоизни ташкил этди. Карантин чоралари аҳоли даромадларига ҳам таъсир кўрсатмай қолмади. Ўз навбатида, иқтисодий фаолликнинг пасайиши ва аҳоли даромадларининг камайиши ички талаб сезиларли даражада пасайишига олиб келмоқда. Буни энг зарур товарлар гуруҳига кирмайдиган товар ва хизматларга бўлган талабнинг камайиши бевосита кўрсатиб турибди.

Пандемия шароитида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ошиши хусусида сўз юритиб, шуни алоҳида таъкидлардикки, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш карантин чоралари жорий қилиниши салбий оқибатларининг иқтисодиётга таъсирини олдини олиш механизмига айланди. Хусусан, Ўзбекистонда бизнес учун солиқ ва бошқа имтиёзлар кўзда тутилган, жумладан, кредитлар тўловини ва солиқлар ажратмаларини кечиктириш учун жарималар бекор қилинди. 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан озод этилади.

Бундан ташқари, 2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналарга  истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқини берувчи тартиб ўрнатилмоқда.  

Ваколатли органларга аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар (экскурсоводлар), хорижий тилларга ўқитувчиларнинг 2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддатини навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтириш бўйича топшириқ берилди.

Туризм соҳаси ҳам алоҳида қўллаб-қувватланмоқда. Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар жорий йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилди. Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилди. Ушбу имтиёз қарийб 150 минг якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.

Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати жорий йил 1 октябрга қадар кечиктирилди. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилди.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайди. Кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қопламоқда. Бир тадбиркорнинг фақатгина битта лойиҳасига кафиллик бериш бўйича чеклов ҳам бекор қилинди. Интизомли ва ишончли тадбиркорларга кредитнинг 75 фоизига жамғарма кафиллик бермоқда (илгари 50 фоиз). Кафиллик суммасининг юқори чегараси ҳам 8 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга оширилди.

Қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилди. Шунингдек, қишлоқларда кўплаб янги иш ўринларини яратиб, энди ривожланаётган пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида қарор имзоланди. Улар  2019 йилда пахта етиштириш учун олган кредитларини қайтариш муддати 1 октябргача узайтирилди. 

2020 йил июлдан ўзини ўзи банд қилган фуқаролар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари сони 67 гача кўпайтирилди. Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди. Шу тариқа, ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган солиқни тўламайди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш бекор қилинди.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кўрилаётган бу ва бошқа чоралардан кўриниб турибдики, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади — инсон, унинг ҳаёти, эҳтиёжлари ва манфаатлари бўлиб қолмоқда. Муҳими, давлатимиз раҳбари бошчилигида Ватанимиз халқи, давлат идоралари, фуқаролик жамият институтлари   COVID-19 устидан ғалаба қозониш мақсадида бирлашганига бугун ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Актам ҲАИТОВ,

  Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

OʼzLiDeP фракцияси раҳбари


Кўришлар сони: 406

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2020
ЎзХДП фракцияси таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш бўйича таклифлар тайёрлашга киришди

Пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтиш учун таълим тизимида улкан ва масъулиятли ишлар ...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

Тадбирлар тақвими