Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Пандемия туфайли қўмита режасига ўзгартиришлар киритилди

Пандемия туфайли қўмита режасига ўзгартиришлар киритилди

Халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳозирги вақтда Қонунчилик палатаси фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Зеро, айнан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва фаол ташқи сиёсат юритиш орқали мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга эришиш мумкин.

2017 — 2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, қўмитамиз ўз фаолиятини бир неча йўналишларда олиб борди. Жумладан, қонун ижодкорлиги фаолиятини олиб қарайдиган бўлсак, қўмита қуйи палата томонидан кўриб чиқилган ва қабул қилинган бир қатор қонун лойиҳаларини маромига етказишда фаол ишлади. “Халқаро хусусий хуқуқ бўйича (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) Гаага конференцияси Уставини ратификация қилиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.

Шунингдек, қўмита бир қатор норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларга таклифлар тайёрлашда ҳам иштирок этди. Жумладан, илк марта қўмита томонидан Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ва Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан  биргаликда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари  тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2006 йил 13 декабрда қабул қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормаларига мослиги ўрганиб чиқилди ва шу асосда қонун лойиҳасига киритиш учун амалий        тавсиялар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, “Марказий Осиё мамлакатлари парламентлараро дўстлик гуруҳининг концепцияси” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирда келишиш учун Марказий Осиё мамлакатлари парламентларига юборилди.

Шунингдек, қўмита “Парламент дипломатияси концепцияси” лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ҳозирда ушбу муҳим ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, келишиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлик ва идораларига юборилган.

Қўмита халқаро муносабатлар ва ташқи сиёсат билан боғлиқ қонунларнинг ижросини назорат-таҳлил қилишда ҳам бир қатор тадбирларни ўтказиб келмоқда. Масалан, республикамиз халқаро ҳамкорлигининг ҳуқуқий пойдеворларидан бири — “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан унинг амалдаги ижроси назорат-таҳлилига бағишлаб ташкил қилинган тадбирда қонун нормаларнинг амалда бажарилишининг ҳозирги ҳолати чуқур таҳлил қилинди, ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги долзарб масалалар бўйича фикр алмашилди ва умуман, шу йўналишда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Афсуски, март ойи ўрталарида республикамизга коронавирус пандемиясининг кириб келиши ва у билан боғлиқ қатъий карантин чораларининг жорий этилиши қўмита режаларига ҳам бироз ўзгартишлар киритишни тақозо этди. Қўмита аъзолари Президентимизнинг коронавирус пандемиясига қарши курашишга оид қабул қилинган Фармон, қарорлари ижросига ҳам етарли эътибор қаратмоқда. Жумладан, ушбу ҳужжатлар бажарилиши ҳолати юзасидан Жиззах вилоятида ўрганишлар ўтказилди.  Йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларига бир қатор таклиф ва тавсиялар тақдим этилди.

Маълумки, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари билан алоқаларни ривожлантириш учун доимий майдон вазифасини ўтамоқда ва ўз навбатида, чет эллик ҳамкорлар билан очиқ, конструктив ва жонли мулоқот олиб боришнинг қулай механизми ҳисобланади. Қайд этиш керак, 2020 йилда уларнинг сони 43 тага етди, шу жумладан, 42 давлат ва 1 та Европа Иттифоқи парламенти билан ҳамкорлик гуруҳлари ташкил қилинди.

Шу нуқтаи назардан, қўмита томонидан Олий Мажлиснинг хорижий мамлакатлар парламентлари билан ҳамкорлик бўйича гуруҳлари ишини фаоллаштириш ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича дастур лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу дастур мақсади парламентлараро мулоқотни чуқурлаштириш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишни уюштириш, мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Тўғриси, пандемия сабабли халқаро делегациялар ва давлат ташрифлари бир оз секинлашиб қолди. Бироқ халқаро алоқаларни олиб бориш, парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда ривожлантириш мақсадида парламентлараро дўстлик ва ҳамкорлик гуруҳлари ўртасида қатор онлайн учрашувлар ва конференциялар ташкил этилмоқда.

Жумладан, 3 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Ўзбекистон — Франция” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи аъзоларининг Франция Миллий Ассамблеядаги “Франция — Марказий Осиё” дўстлик гуруҳи аъзолари билан видеоконференция шаклидаги онлайн мулоқоти ташкил қилинди. Шу каби видеоконференция форматидаги қўшма йиғилиш ва форумлар АҚШ Конгресси, Малайзия Парламенти Вакиллар палатаси, Чехия Республикаси Депутатлар палатаси ҳамда Канада парламенти билан ташкил қилинди.

Қўмитада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш қўмита аъзолари  фаолиятининг асосий мезонига айланган.

Қўмитага 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан жами 296 та мурожаат келиб тушди. 

Алоҳида қайд этиш жоизки, қуйи палатага келган мурожаатларда қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар сони бирмунча кўпайган. Мисол учун, қўмитага келиб тушган таклифлардан 9 таси қонунлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс, “Таълим тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунлар ҳамда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан билдирилган таклиф ва фикр-мулоҳазалардир.

Айни пайтда қўмитамиз  ўтган олти ойдаги фаолиятини сарҳисоб қилган ҳолда, галдаги вазифаларни бажаришга киришган. Албатта, саъй-ҳаракатларимиз, энг аввало, инсон, унинг манфаатларини муҳофаза қилиш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, ушбу жараёнда имконияларимизни ишга соламиз.  

 

Дилором ФАЙЗИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

 Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 490

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...

Тадбирлар тақвими