Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Ярим йиллик фаолият натижалари: Нималарга эришилди, нималар қилишимиз керак?

Ярим йиллик фаолият натижалари:  Нималарга эришилди, нималар қилишимиз керак?

Ўтган даврда — жорий йил ярим йиллигида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилар эканмиз, фаолиятимиз давомида муайян натижаларга эришганимизни қайд этиш жоиз. Айни пайтда булардан ҳаволанмаган ҳолда, бажарилиши ортга сурилган вазифаларнинг сабабини таҳлил қилиш ва келажакда амалга ошириладиган ишларни белгилаб олишга асосий эътиборни қаратмоқдамиз.

Давлатимиз раҳбари жорий йил январь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлиси ҳамда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида парламент аъзолари, хусусан, Қонунчилик палатаси олдида турган устувор йўналишларга тўхталиб, бир қатор таклиф ва тавсияларини илгари сурган эди. Қўмита ўз ишини айнан ушбу вазифалар, шунингдек, қуйи палата Кенгашининг қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб ташкил этди.

Қўмитамиз парламентнинг асосий функцияси — қонун ижодкорлиги йўналишида фаол иш олиб борди. Ўтган олти ойда 3 та қонун лойиҳаси тайёрланди. Янги таҳрирдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги, “Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниб, Сенатга юборилди. Айни вақтда Оила кодексига “кўп болали оила” тушунчасини алоҳида модда билан киритиш ва қонунчилик нормаларини шу модда билан бирхиллаштириш кўзда тутилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси устида ишланмоқда.

Ўтган даврда қўмита масъул бўлган қонун лойиҳалари муҳокамаси бўйича 35 та ишчи гуруҳлар йиғилиши ва 8 та экспертлар гуруҳи йиғилиши ташкил этилди. Шунингдек, фракциялараро дебатлар ва ҳудудларда тегишли мутасаддилар, маҳаллий Кенгаш депутатлари иштирокида жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коронавирус пандемияси туфайли карантин чора-тадбирлари белгиланиб, иш жараёнини карантин қоидаларидан келиб чиқиб, ташкил этилди. Қўмитанинг 15 та йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

Қўмита Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасида аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишлари қабул қилиниши, уларда давлат дастурлари ижросининг боришини назорат қилиш, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ҳисоботини эшитишни ташкил этиш учун масъул ҳисобланади. “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, қўмита томонидан 9 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди. Шундан 2 тасида бевосита Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ахборотлари эшитилди.

Президентимизнинг “2019 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси тўғрисида”ги қарорининг Бухоро ва Навоий вилоятларидаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган кенгайтирилган видеоконференция йиғилишида ҳам тегишли вазирлик ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият вакиллари маълумот берди. Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори ўринбосари Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳолати, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилди.

Қўмита аъзоларидан 6 нафари Қонунчилик палатасида тузилган ишчи гуруҳида аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Жиззах вилоятларида амалга оширилган ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича самарали фаолият юритди.

Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қизиқтирган саволларга ва қийнаётган муаммоларга тезкорлик билан ечим топиш масалалари қўмита томонидан доимий назоратга олинган. Ўтган даврда қўмитага жами 316 та мурожат келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилган. Алоҳида қайд этиш жоизки, кейинги пайтларда қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар кўпайган. Бу эса фуқароларнинг қабул қилинаётган қонунларга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Жумладан, жорий йилнинг 6 ойи давомида аҳолидан 59 та таклифлар келиб тушди.

Қўмитамиз аъзолари томонидан давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига жорий йилнинг 6 ойида жами 17 та депутат сўрови юборилган. Депутат сўрови орқали ҳудудлардаги айрим муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига эришилган. Мисол учун, Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Кичик Тагоб қишлоғида жойлашган 6-умумий ўрта таълим мактабининг реконструкция қилиниши масаласида халқ таълими вазирига юборилган сўров ва Фарғона вилояти ҳокимлигига қилинган мурожаат натижасида муаммо ижобий ҳал этилган. Ҳозирда мактабда реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Сайловчилар билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятидан унумли фойдаланиб, масофавий ишлашни кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз. Бунинг самараси ўлароқ, ҳисобот даврида қўмита депутатларидан 12 нафари ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда онлайн мулоқотлар асосида сайловчилардан 50 дан зиёд мурожаатларни қабул қилиб олишди. Улардан 31 таси ўрнатилган тартибда ҳал этилди, 19 тасини ҳал қилиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Умуман айтганда, зиммамизда бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўп. Ҳозирги пандемия даврида аҳолининг ишсиз қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, фаолияти тўхтаб турган кичик бизнес, айниқса, хизмат кўрсатиш субъектларининг давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланишини таъминлаш, аҳоли бандлигини кафолатлаш йўналишидаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ўта долзарб бўлиб турибди. Шу боис масъулиятни янада чуқур ҳис этган ҳолда, бирдамликда фаол саъй-ҳаракат олиб боришимиз мақсадга мувофиқ.

Мавлудахон ХЎЖАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси


Кўришлар сони: 202

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.08.2020
Фракция аъзолари қандай такифларни илгари сурди?

2020 йил 4 август куни парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб...

04.08.2020
Қонун лойиҳаси билан бюрократик талаблар бекор қилинмоқда

Фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнатларидан сўнг пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни тўплай бошлайди. Шу п...

04.08.2020
ЎзХДП фракциясининг айрим аъзолари баъзи қонун лойиҳаларига қатъий эътироз билдирди

Фракция аъзолари ҳозирги замонда архив ҳужжатларини рақамлаштириш жуда долзарб масала экани, давлат ...

Тадбирлар тақвими