Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Сайловчи ишончини қозониш депутат зиммасидаги масъулиятли вазифа

Сайловчи ишончини қозониш депутат зиммасидаги масъулиятли вазифа

Йил бошида тузилган режалар сарҳисоб қилиниб, олиб борилган ишлар чуқур таҳлил қилиниши фаолият натижадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бу, шунингдек, галдаги вазифаларни белгилашда, йўл қўйилган хато ва камчимликларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади. Хўш, ҳозирги мураккаб вазият — пандемия шароитида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталари қандай фаолият юритмоқда? Ўтган олти ойликдаги таҳлил натижаларидан қандай хулосага келинди? Мухбиримизнинг қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Шарофиддин Назаров билан суҳбати шу ҳақда бўлди.

— Шарофиддин Ҳакимович, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари биринчи ярим йилликда халқимиз ишончини қай даражада оқлай олди? Иш режасидаги вазифаларни бажаришда нималарга кўпроқ аҳамият қаратилди?

Янги сайланган парламент фаолияти янги ўн йилликнинг бошланишига тўғри келди. Шу муносабат билан Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида нафақат 2020 йил, балки мамлакатимизни ривожлантиришдаги келгуси 5-10 йиллик истиқболни белгилаб берадиган вазифалар қўйилди, десак ўринли бўлади.

Ушбу стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда қўмитамиз ўз фаолиятини асосан учта йўналишда, чунончи, қонун ижодкорлиги, назорат таҳлил тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш, шунингдек, сайловчилар мурожаатлари билан ишлаш, энг долзарб муаммолар бўйича конференция ва семинарда иштирок этиш, давра суҳбатларини ўтказиш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан бирга ишлаш орқали олиб бормоқда.

Иш режамизда қонун ижодкорлигига оид бир қатор чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, бу бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Давлат дастуридаги устувор вазифалар бажарилишининг парламент назоратига оид ҳамда ҳар бир қўмита аъзосининг депутат сифатида ўз сайловчилари билан ишлаш, Халқ қабулхоналари билан доимий алоқада бўлиш, ўзлари сайланган ҳудудда яшаётган аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ечимини топишда фаол иштирок этиш каби аниқ вазифалар белгиланган ва шу асосда фаолият олиб борилмоқда.

Қўмита ўз фаолиятида мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларни рўёбга чиқаришда энг долзарб ва устувор масалаларни вазирликлар, ташкилот ва муассасалар томонидан амалга оширилишини мунтазам таҳлил қилиб, марказий органлар ва ҳудудлар раҳбарлари ҳисоботлари эшитувини ташкил қилмоқда. Ушбу эшитувлар натижалари бўйича аниқ тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилиб, қўмита қарорлари билан ижрога йўналтирилмоқда. Ҳар бир эшитув ва тадбирлар ҳақиқий баҳс-мунозаралар асосида ўтиб, ушбу тадбирлар мазмунан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва электрон ресурслар орқали кенг жамоатчиликка етказилмоқда.

— Шу ўринда қўмитанинг қонун ижодкорлиги борасидаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Қўмитамиз томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида 8 та қонун лойиҳаси устида иш олиб борилди. Шундан 5 таси асосан микромолиялаштириш ва қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, Ҳисоб палатаси фаолиятини янада такомиллаштириш, давлат божи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида бўлиб, Қонунчилик палатасининг қарорига асосан Сенатга юборилган. Қолган 3 таси иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида. Шулардан бири — “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлиб, ушбу ҳужжат стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини тизимлаштириш, бошқарувнинг барча даражаларида (республика, тармоқ ва ҳудуд) уларнинг ўзаро боғлиқлик ва келишувини таъминлаш, стратегик режаларни амалга оширишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг масъулияти ҳамда ўзаро ҳамкорлигининг мақсадга йўналганлигини ошириш, концепциялар, стратегиялар ва ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Айни пайтда қонун лойиҳаси барча фракциялар ва қўмиталар томонидан кўриб чиқилмоқда ва яқин кунларда иккинчи ўқишга тайёр бўлади.

Қўмита томонидан тайёрланаётган яна бир катта яхлит қонун лойиҳаси аудиторлик фаолиятига оид бўлиб, мазкур ҳужжат Президентимизнинг 2018 йил 19 сентябрдаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, қўмитамиз аъзолари муҳим қонун лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Қонун лойиҳасида “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга асосан, акциялар фонд биржасининг биржа котировкаси варағига киритилган жамият Корпоратив ахборотнинг ягона порталида ва жамиятнинг расмий веб-сайтида бошқа юридик шахсларнинг 5 ва ундан ортик фоиз акцияларига (улушларига, пайларига) эгалик қилиши тўғрисидаги ахборотни эълон қилиши, мазкур ахборот акциялар (улушлар, пайлар) олинган пайтдан эътиборан 72 соат ичида эълон қилиш талаблари белгиланмоқда.

— Айтингчи, ўтган 6 ой давомида қўмита томонидан назорат-таҳлил ишлари, эшитувлар қандай амалга оширилди?

— Бугунги кунда мамлакатимизда короновирус пандемияси шароитини ҳисобга олиб, қўмита иш режасида белгиланган тадбирларнинг кўп қисмини онлайн (видеоконференцалоқа) тарзда амалга оширмоқдамиз. Жорий йилнинг май — июнь ойида Қорақалпоғистон Республикасида 2 та назорат- таҳлил ишлари олиб борилди, 5 та эшитув ўтказилди. Жумладан, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг жорий йилнинг ўтган даврида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларида “яширин иктисодиёт” улушини янада қисқартириш бўйича олиб борган ишлари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди. Муҳокамалар чоғида “яширин иқтисодиёт” улушини янада қисқартириш, унинг вужудга келиш омилларига қарши курашиш мақсадида вазирлик олдида турган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Бундан ташқари, 2020 йилда инфляция даражасини пасайтириш ва инфляциявий таргетлаш тизимини жорий қилишга бағишланган эшитувда Давлат статистика қўмитаси ҳамда Марказий банкнинг жорий йилнинг ўтган даврида кун тартибидаги масала бўйича олиб борилган ишлари тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.

Шуниндек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, Ҳисоб палатасининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.

Ушбу ҳисоботларда қўмита аъзолари асосий эътиборни бюджет интизоми, шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги масалаларига қаратдилар. Бюджетдан маблағ ажратишда, аввало, улардан кутилаётган самарадорлик ва натижадорлик асосий баҳолаш мезони сифатида қаралмоқда.

— Аҳоли билан мулоқот қилиш, айниқса, сайловчилар мурожаатларига эътибор қаратиш, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш депутат фаолиятида муҳим аҳамиятга эга. Қўмита аъзоларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ҳақида нималар дея оласиз?

Албатта, сайловчи ишончини қозониш ҳар бир депутат зиммасидаги масъулиятли вазифа. Шу нуқтаи назардан, қўмита аъзоларининг ўз сайлов округларига чиқиб, аҳоли ва сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиб бориш амалиёти тизимли йўлга қўйилган.

Депутатлар ҳудудларда пандемия шароитида аҳоли соғлиғини сақлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимий ҳимояга мухтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ишларининг бориши билан танишмоқда, қонунчиликдаги ўзгаришлар ва мамлакат Президенти томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини жойларда аҳолининг кенг қатламларига етказиш юзасида тушунтириш ишларини олиб боришяпти.

Ўтган олти ойда қўмита аъзолари томонидан ўрганиш жараёнида 234 та хонадон вакиллари билан учрашув ўтказилиб, уларга 1170 нафар аҳоли жалб этилди. Ушбу учрашувлар давомида аҳоли томонидан кўтарилган 134 та муаммо муҳокама қилиниб, 31 таси жойида ҳал этилган, қолганлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга депутатлик сўрови ва мурожаатлари юборилди. Қўмитага келиб тушган жами 247 та шикоят, ариза ва мурожаатлар назоратга олиниб, тааллуқлилиги бўйича вазирлик ва идораларга, ҳудудий ҳокимликларга белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун юборилган. Мазкур мурожаатларнинг 35 таси шу кунга қадар ижобий ҳал этилган.

Депутатлар томонидан давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг амалга оширилиб, таъсирчан парламент назорати ўрнатилди. Мурожаатларда кўтарилган масалаларнинг соҳалар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига 69 та — 29 фоиз, қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳасига 71 та — 29 фоиз, ижтимоий соҳага 49 та — 19 фоиз, молия-банк соҳасига 42 та — 17 фоиз ва бошқа соҳаларга 16 та — 6 фоизи тегишлидир.

Алоҳида қайд этиш жоизки, аввал парламент қуйи палатасига келадиган мурожаатларнинг аксариятини шикоят ва аризалар ташкил қилар эди. Кейинги пайтларда мурожаатларнинг мазмун-моҳияти тубдан ижобий томонга ўзгариб, улар орасида шикоят ва аризалар сони камайди, қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар сони эса кўпайган. Ўтган даврда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасига йўлланган мурожаатлардан 188 таси аризалар, 35 таси шикоятлар бўлса, 24 таси таклиф эканлиги ҳам буни тасдиқлайди.

Зиёда АШУРОВА суҳбатлашди

 


Кўришлар сони: 80

Депутатлар минбари

Янгиликлар

04.08.2020
Фракция аъзолари қандай такифларни илгари сурди?

2020 йил 4 август куни парламент қуйи палатасидаги ЎзМТДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб...

04.08.2020
Қонун лойиҳаси билан бюрократик талаблар бекор қилинмоқда

Фуқароларимиз узоқ йиллик меҳнатларидан сўнг пенсияга чиқиш учун ҳужжатларни тўплай бошлайди. Шу п...

04.08.2020
ЎзХДП фракциясининг айрим аъзолари баъзи қонун лойиҳаларига қатъий эътироз билдирди

Фракция аъзолари ҳозирги замонда архив ҳужжатларини рақамлаштириш жуда долзарб масала экани, давлат ...

Тадбирлар тақвими