Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш — давр талаби

Мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш — давр талаби

Хавфсизлик, энг муҳими биологик хавфсизликнинг долзарб халқаро муаммо эканлигини жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олинганидан буён анча муддат ўтди. 1983 йилда ЖССТ томонидан Лаборатория шароитида биологик хавфсизлик бўйича дастлабки амалий қўлланмалар чоп этила бошланган эди.

Дунёда бўлаётган сўнгги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, микробиологик воситалар ва токсинларни суиистеъмол қилиш ва чиқариб юбориш натижасида юзага келадиган янги хавфлар инсонлар саломатлигига таҳдид солмоқда.

Биологик хавфсизлик - анъанавий фан соҳаларининг асосларидан, яъни молекуляр биология, биотехнология, микробиология, вирусология, генетика ва биоинформатиканинг соҳадаги янги ютуқларидан фойдаланган ҳолда ривожланаётган ёш илмий ва амалий фан ҳисобланади. Жорий йил 26 июнда «Ўзбекистон Республикасининг Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисидаги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) қўшилиши ҳақида»ги Қонуни қабул қилинди. Бу йўналишда биологик (токсик) қуролдан фойдаланишга қўйилган тақиқлар халқаро Конвенция доирасида қабул қилинган мажбуриятлар асосида тартибга солинади. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда аҳоли соғлигини асраб-авайлаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш баробарида қуйидаги ҳолатларнинг олдини олиш муҳим ҳисобланади:

— микроорганизмлар томонидан ўзига хос тўсиқларни енгиб ўтиш орқали илгари номаълум бўлган патогенлар келтириб чиқарадиган янги инфекциялар хавфининг ошиши;

— Ўзбекистон ҳудудига кам учрайдиган ёки илгари топилмаган инфекцияларни олиб кирилиши, хавфли ва ўта хавфли инфекциялар, шу жумладан табиий-тарқалувчи, ўз-ўзидан пайдо бўладиган ва қайтадиган инфекциялар, шунингдек уларнинг аҳоли, ҳайвонлар ва ўсимликлар орасида тарқалиши;

— ҳар қандай табиатда иммунитет танқислиги ҳолатларининг шахсларда намоён бўлиши билан шартли патоген микроорганизмларнинг ўсиши ва инфекция билан касалланиш частотасининг кўпайиши;

— хавфли техноген фаолиятда икки томонлама фойдаланишдаги биотехнологиялар, шу жумладан генетик-муҳандислик технологияларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ хавфнинг ошиши.

Микробиологик озиқ-овқат хавфсизлиги экология ва тиббиётнинг
XXI асрдаги энг катта муаммоси бўлиб қолмоқда. Озиқ-овқат орқали юқадиган инфекциялар ҳамма жойда кўпаймоқда ва ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам бундай инфекцияларнинг қурбонлари жуда кўплиги ҳақида хабарлар берилмоқда. Ушбу касалликларнинг оқибатида кўрилган иқтисодий зарарлар юз миллионлаб долларни ташкил қилмоқда. Ушбу жараёнлар 20-асрнинг охирида «озиқ-овқат» инфекциясининг эпидемиологик жараёнининг ҳар уч йўналишида юз берган чуқур ўзгаришлар билан боғлиқ. Шундай қилиб, атроф-муҳитга антропоген таъсир, тиббиётда ва қишлоқ хўжалигида антибиотиклардан фойдаланиш микробларнинг ривожланишини тезлаштирди ва ўзгарувчан хусусиятларга эга, антибиотикларга чидамли, инфекциянинг қўшимча омиллари бўлган озиқ-овқат хом ашёси ва бактерияларнинг озиқ-овқат маҳсулотларида анъанавий ифлослантирувчи моддалар пайдо бўлишига олиб келди. Узоқ муддатли музлатиб сақлаш, плёнкаларга қадоқлаш, совутилган хом ашёни, шу жумладан ишлаб чиқарувчидан узоқ бўлган мамлакатлардан минимал ишлов бериш технологиялари кам ўрганилган микроорганизмларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига концентрацияси учун қулай шароит яратди, бу аксарият ҳолларда маълум бир минтақалар учун одатий ҳисобланади. Натижада, бундай микроблар туфайли, айниқса, сезувчанлиги ошган аҳолида (болалар, қариялар, иммунитет тизимининг нуқсонлари бўлган одамлар) озиқ-овқат маҳсулотлари билан касалланиш хавфи сезиларли даражада ошди.

Ушбу ҳодисаларга қарши курашда озиқ-овқат маҳсулотлари олишда фойдаланиладиган ҳайвонлар учун микробларга қарши воситаларни тасдиқлаш, ишлаб чиқариш, сотиш, етказиб бериш ва уларни бошқариш билан шуғулланадиган барча жисмоний ва юридик шахслар ўзаро хабардорликда, масъулият ва эҳтиёткорлик билан ишлашлари шарт.

Истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлашда озиқ-овқатни ишлаб чиқариш ва савдоси жараёнларида микробиологик талабларга риоя этилиши, технология ва гигиена режимларини тартибга солувчи, ишлаб чиқарувчилар ҳамда назорат органлари томонидан назорат қилиш методологияси ва тартибини белгилаб берувчи тизимли чора-тадбирлар ташкил этилиши зарур. Шу билан бирга, дунёда озиқ-овқат орқали юқадиган инфекцияларнинг ўсиш тенденциялари озиқ-овқат маҳсулотидаги микроблардан келувчи хатар ва унинг касаллик чақирувчи ҳамда таъсир этувчи омилларининг динамикасининг ўсишини ҳисобга олиш имконияти камлиги сабабли анъанавий соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлиги пастлигидан далолат беради.

«Озиқ-овқат» туфайли янгидан пайдо бўладиган инфекцияларнинг кўпайишини башорат қилиниши озиқ-овқатнинг микробиологик хавфсизлигини таъминлашнинг, авваламбор, уни баҳолаш мезонлари ва белгиланган гигиена талабларига мувофиқлигини, назоратнинг меъёрий ва услубий базасига мослашувчанлигини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Норматив ҳуқуқий база маҳсулот олиш занжири давомида вужудга келадиган реал ва потенциал хавфларни ҳисобга олган ҳолда ўз вақтида ва доимий равишда такомиллаштириб борилиши керак

Ҳозирги кунда мамлакатимизда биологик хавфсизликни тўла таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун қонунчилик базаси етарлича эмас. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиладиган микроорганизмларни хавфсизлиги масалалари бўйича ҳам чоралар белгиланмаган. Шу муносабат билан қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади:

— озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган рекомбинант ДНК усули билан олинган микроорганизмларнинг атроф-муҳитга чиқиши билан боғлиқ хавфлар;

— озиқ-овқат ёки технологик қўшимчалар сифатида ишлатиладиган микроорганизмлар, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган ферментлар орқали ишлаб чиқиладиган моддаларнинг хавфсизлиги;

— озиқ-овқат маҳсулотидаги микроорганизмлардан фойдаланиш билан боғлиқ соғлиқни мустаҳкамлаш ёки унга салбий таъсир оқибатларини ўзига хослигини белгиланганлиги.

Бир қатор мамлакатларнинг ҳукуматлари даражасида миллий қонунчиликка ишлаб чиқаришни «соғлом овқатланиш»га йўналтирувчи тузатишлар киритилмоқда. Генетик жиҳатдан ўзгартирилган организмлар (ГМО) - замонавий биотехнология билан бегона генларни киритиш орқали яратилган янги хусусиятларга эга бўлган тирик организмлардир. Бир томондан, у озиқ-овқат ишлаб чиқаришни тезда кўпайтириш ҳамда кимёвий моддалардан фойдаланишни камайтиришнинг энг тез йўлидир. Лекин, бошқа томондан, бу экинлар (соя, жўхори, рапс, ғўза, помидор, картошка, гуруч, қанд лавлаги, зиғир, шолғом, қовоқ, қовун, буғдой каби) озиқ-овқат сифати билан боғлиқ бўлган хавфга (аллергияга мойиллик, инсонларда заҳарли метаболик моддалар пайдо бўлиши) эга. Ҳақиқат шундаки, уларни етиштириш пайтидаги тупроққа салбий таъсир ҳамда табиий организмларнинг экологик бўшлиқлардан кўчиши бу ердаги экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келиши мумкин.

Экологик хатарлар ёввойи ва маданий ўсимликлар генофондини хилма-хиллиги, сув ресурсларини ҳаддан ташқари тартибсиз фойдаланиш натижасида ифлосланиши, генетик ўзгартирилган ўсимликлар билан боғлиқ токсинлар билан табиий тупроқ унумдорлигини пасайиши, тупроқдаги умуртқасизлар ва микрофлора йўқолишига олиб келади.

Ўзбекистонда ҳам ГМО ўсимликлар яратиш бўйича кенг кўламли илмий тадқиқот ҳам амалга оширилмоқда. Бироқ, бундай организмлардан фойдаланган ҳолда, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ёки ҳайвонлар учун озуқага мўлжалланган экинлар тўғрисида очиқ маълумотлар мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам аҳолини ва мамлакат миллий хавфсизлик тизимини таркибий қисми ҳисобланган экотизимларни биологик таҳдидлардан ҳимоя қилиш мақсадида:

— аҳоли соғлиғи ва табиатга барча турдаги биологик таҳдидлар таъсирини баҳолаш ва уни олдини олишни ўз ичига олган “Биологик хавфсизлик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунини қабул қилиш;

— биологик таҳдидлардан ҳимоя қилиш учун экология ва соғлиқни сақлаш илмий марказини ташкил этиш ҳамда инсон ва экология учун биохавфсизлик ҳақидаги ахборот миллий базасини яратиш;

— санитария эпидемиология, ветеринария ва фитосанитария хизматлари ўртасида қонун даражасида биологик хавфсизлик бўйича тармоқлараро алоқаларини таъминлаш (Ўзбекистон Республикасининг «Озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизилиги тўғрисида»ги, “Биологик хавфсизлик тўғрисида"ги қонунлари);

— санитария эпидемиология хизматлари органлари томонидан ГМО маҳсулотларининг хавфсизилигини токсикологик ва тиббий-биологик изланишлар асосида баҳолашни таъминлаш;

— Ўзбекистонда ГМО маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш масаларини ОАВда кенг муҳокама қилиш ва ёритиш ишларини амалга ошириш зарур.

Бугунги кунда бутун дунёда «кўринмас ёв» – коронавирусга қарши курашилаётган вақтда биологик хавфсизликнинг таъминлаш соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган олим ва тиббиёт ходимларининг хизматларини давлатимиз томонидан муносиб баҳоланмоқда. Куни кеча Давлатимиз раҳбарининг Фармони билан ўзларининг фидокорона хизматлари билан коронавирус касаллигига қарши курашда жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт ва бир қатор соҳа ходимлари мукофотландилар.

Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастурида белгиланган асосий вазифаларидан бири сифатида атроф муҳит муҳофазаси ва фуқаролар саломатлиги, экологик хавфсизликни таъминлаш шу жумладан, биологик хавфсизликни таъминлашни давлат сиёсати даражасида кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифа сифатида амалга оширилиши партия олдидаги долзарб масала ҳисобланади.

Ҳайрулло Ғаффоров, 
Мухторжон Ҳожиматов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари,
Ўзбекистон Экологик парияси фракцияси аъзолари


Кўришлар сони: 573

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.09.2020
ЎзХДП фракцияси таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш бўйича таклифлар тайёрлашга киришди

Пандемия билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтиш учун таълим тизимида улкан ва масъулиятли ишлар ...

25.09.2020
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов: Адолатли глобал тизимни яратиш йўлида муҳим ташаббуслар

Парламентлар анъанавий қонун ижодкорлиги, вакиллик ва назорат функцияларидан ташқари ташқи сиёсат ва...

25.09.2020
Шуҳрат Ғаниев номзоди Бош вазир ўринбосари лавозимига маъқулланди

2020 йил 25 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда...

Тадбирлар тақвими