Cайт ранги: A A


Депутат фикри

Судда ишларни икки босқичда кўриш амалиётига барҳам берилади. Бу нима дегани?

Судда ишларни икки босқичда кўриш амалиётига барҳам берилади. Бу нима дегани?

Президентимиз ўтган ҳафтада «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонни имзолади.

Хўш, ушбу ҳужжатнинг қабул қилинишига қандай ҳаётий зарурат бор эди?

Қайд этиш керак, ушбу Фармон қабул қилингунга қадар Олий Мажлис ҳузуридаги Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашувчи комиссия томонидан тузилган ишчи гуруҳ аъзолари жойларга чиқиб, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида муаммоларни таҳлил қилиш ва жойлардаги аҳволни кўздан кечирди. Суд тизими ходимлари билан учрашувлар ўтказиш билан бирга, аҳоли, жамоатчилик вакиллари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда секторлар раҳбарлари билан ҳам суҳбатлашиб, бу борадаги мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган фикр ва таклифлар олинди.

Шу аснода ишчи гуруҳ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш борасида ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борлигига гувоҳ бўлди. Хусусан, суд ходимларини ўз вазифалари билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш, суд тизимини аҳоли билан мулоқот қилиш бўйича ахборот хизмати мавжуд эмаслиги, судда ишни кўриб чиқишда ва суд иш юритувига ахборот-коммуникация тизимини кенгроқ жорий қилиш кераклиги, суд тизими моддий-техник таъминотидаги муаммолар аниқланиб, уларни бартараф қилиш борасида тегишли таклифлар тайёрланди. Энг асосий эътибор-аҳолининг суд тизимига ишончини ортиши учун тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва уларни бартараф қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга қаратилди.

Эндиликда, Фармон билан юқорида қайд этилган муаммо ва камчиликларнинг аниқ ечимига қаратилган ҳуқуқий механизмлар яратиб берилмоқда. Хусусан, ушбу ҳужжат билан ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали суд тизимига «бир суд — бир инстанция» тамойилини жорий этиш белгиланди. Яъни суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади ҳамда бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилмоқда.

Бу айни муддао бўлди. Сабаби, аввали суд ишларини қайта кўриш бўйича суд инстанцияларининг кўплиги натижасида фуқароларни судда кўрилган ишлар бўйича қайта-қайта бир нечта суд инстанцияларига қатнаб, вақт ва маблағларни сарф қилиб сарсон бўлаётган ҳолатлари ҳам кузатилган эди.

Шу билан бирга, қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари арзимаган важ билан Олий суд томонидан назорат тартибида қайта кўриб, бекор қилиниши натижасида суд ҳужжати ижросини таъминлаш билан боғлиқ жараённи чалкашликка олиб келиши билан бирга, фуқароларни суд тизимига бўлган ишончини пасайиши ва бу борада ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган эди.

Шунингдек, юқоридаги ҳолатлар натижасида айрим ҳолларда битта мазмундаги суд ишларини бир неча йиллаб, керак бўлса 10 йиллаб қайта-қайта кўриб чиқилишига ва якуний тўхтамга келувчи суд қарори қабул қилинмаётганлиги ҳақида фуқаролардан шикоят келиб тушаётган эди.

Рақамларга эътибор қаратсак, 2019 йилнинг ўзида айни бир вилоят судида биринчи ва апелляция (кассация) инстанциясида кўрилган ишларнинг 13 мингга яқини Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилинган. Бу рақамларнинг ортида қанча вақт ва маблағ сарфланганини тасаввур қилиб кўринг.

Шу билан бирга, БМТнинг махсус маърузачиси Д.Гарция-Сайян, Иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро экспертлар суд тизимида назорат инстанцияси мавжудлигини жиддий танқид қилганди.

Ахир, судга нажот, адолатли ечимни истаб келган фуқаронинг даъвоси бўйича судда аниқ ҳуқуқий ечими топилсагина ҳамда суднинг қарори «ўзгарувчанлик хусусияти»га эга бўлмасагина, фуқаронинг суд тизимига бўлган ишончи ва ҳурмати ошиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, ҳар бир суд инстанциясида кўриладиган ишлар бўйича судьяларнинг масъуллик ва жавобгарлик ҳиссини ошириш ва кейинчалик бекор бўлмайдиган ва ўзгартирилмайдиган суд қарорини қабул қилиш тизимини янада ривожлантириш керак бўлади. Чунончи, бунинг учун судья суд қарор қабул қилишда фақат ва фақатгина қонунга таяниш амалиётини яна такомиллаштириш лозим.

Хулоса қилиб айтганда, Фармон ижросининг тўғри ва сифатли ташкил қилиниши суд ҳокимиятининг янада мустақиллиги таъминланишига ва аҳолининг суд тизимга бўлган ишончи янада ортишига хизмат қилади.

Дилмурод ИСМОИЛОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Кўришлар сони: 445

Депутатлар минбари

Янгиликлар

23.09.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи

Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф ...

23.09.2020
Ижтимоий сўровлар ўтказиш амалиёти яхши самара бермоқда

— Ҳудудларда одил судлов ва коррупция масаласи юзасидан аҳоли фикрини билиш мақсадида ижтимоий сўр...

23.09.2020
Янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқаро ташкилотлар экспертлари билан муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича ЕХҲТ бюроси мутахассислари,...

Тадбирлар тақвими